Иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган шахсларни биласизми?

0

Мамлакатимизда давлат божини белгилаш, ундириш, уни қайтариш ва уни тўлашдан озод қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ЎРҚ-600-сонли Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, ушбу Қонун 2020 йил 7 январда кучга кирди.

Мазкур Қонуннинг 3-моддасига кўра, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўлови эканлиги белгиланган. Шу билан бирга, давлат божи турлари жумласига қуйидагиларни кириши ҳам кўрсатилди:

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун тўланадиган консуллик йиғими;

ихтироларга, фойдали моделларга, саноат намуналарига, селекция ютуқларига, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологияларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган патент божи.

Шунингдек, ушбу Қонунда давлат божини тўловчилари ва ундириш объектлари ҳам белгилаб қуйилган. Давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати ушбу Қонун билан белгиланиши ёзилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 9-моддасига кўра иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

1) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги, ўрмон хўжалиги даромади суммаларини (шу жумладан, ўрмон дарахтларини ўсиб турган жойида сотиш қоидаларини бузганлик учун зарар ва неустойкани, шунингдек ўзбошимчалик билан ўрмон дарахтларини кесганлик, пичан ўрганлик ва молларни ўтлатганлик учун жарималарни) ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича;

2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

3) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича;

4) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар бўйича;

5) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга кетган маблағларни ташкилотлардан ундириб олиш бўйича даъволар, шу жумладан регресс даъволар юзасидан;

6) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ барча ишлар бўйича;

7) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;

8) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг тартиб ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;

9) Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;

10) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга бериладиган даъволар бўйича;

11) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;

12) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;

13) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

14) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

15) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

16) халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан ҳукуматлараро келишувлар асосида берилган кредитлар бўйича асосий қарздор сифатида қатнашувчи давлат органлари ва ташкилотлари — субзаём олувчилардан пайдо бўлган қарздорликларни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

17) давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари — етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан;

18) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;

19) аризачи ва жавобгар — ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича;

20) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;

21) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;

22) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;

23) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;

24) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;

25) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан.

Ушбу модда биринчи қисмининг 2, 20 ва 21-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонунининг 7-моддасига асосан 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолиши ҳам назарда тутилган.

Т.А.Аннаева,

Ўрта Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди раиси

Х.Н.Равшанов,

Ўрта Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди судьяси

loading...