«Пиар-хизматда прокурорлар ишласа шундай бўлади». Тошкент прокуратураси Наримон Григоряннинг қонли мурдаси суратини эълон қилди, сўнг ўчирди

0

Тошкент шаҳар прокуратураси Telegram’даги каналида 14 январь куни ўлдириб кетилган таниқли дизайнер Наримон Григоряннинг қонга ботган мурдасининг сурати ҳам акс этган видеослайд эълон қилди, сўнг ўчириб ташлади. Шунга қарамай, шаҳар прокуратураси эълон қилган видеослайддан кадрлар интернетда тарқалишга улгурган.

Маълум бўлишича, 14 январь куни Яшнобод туманида бир эмас, иккита қотиллик юз берган (бири — дизайнер Наримон Григоряннинг ўлдирилиши). Тошкент шаҳар прокуратураси эълон қилган видеослайдда ҳар икки ҳолатдаги мурдаларнинг суратлари кўрсатилган эди. Бундан ташқари, ўликлардан бирининг ўликхонада кўздан кечирилиши кадрлари ҳам илова қилинган бўлиб, унда ҳатто мурданинг жинсий аъзолари ҳам хиралаштирилмаган эди.

Пойтахт прокуратурасининг Telegram’идаги видеохабарга ижтимоий тармоқларда танқидий муносабатлар билдирила бошлагач, видео ҳам, унга қилинган қилинган матнли хабар ҳам каналдан олиб ташланди. Қайд этиш жоиз, ҳолатга билдирилган танқидий фикрларнинг бирида шундай дейилади: «Ташкилот пиар-хизматида пиарчилар эмас, прокурорлар ишласа, мана шунақа бўлади».

daryo.uz

loading...