Хонимлардан мактуб: «Фарзандимдан уяламан!»

0

— Рустам ака, она учун дунёдаги энг катта жазо фарзандининг хасталиги, деб кўп эшитганман. Ҳозир ўзим шу даҳшатли жазони ўтаяпман. Аслида, буни сизга айтишимдан маъни йўқ. Чунки ҳаммасини ёнимда кўриб, билиб турибсиз. Ўзимни кучли кўрсатишга уринаман. Боламга қараб юрак бағрим куйиб кетяпти. Уни вужудимда кўтариб юрганимда тезроқ туғилса, янада бахтиёр кунларимиз бошланади, деб ширин хаёллар сурардим. Бироқ орзуларимга ўт кетди…

Ахир биздан бахтли одам йўқ эди. Ҳамманинг бизга ҳаваси келарди. Балки, бу Яратганнинг бизга берган синовидир. Ҳар қандай синовларга дош беришга тайёрман. Бироқ боламнинг кўз олдимда азобланишига чидолмаяпман…

Ҳомиладорлигимни билганимда бошим осмонга етай деди. Чақалоқнинг дунёга келишини интиқлик билан кута бошладим. Ҳар ҳафталик ривожланишини ўқирдим, видеоларини томоша қилардим. Ҳар тонгда саломлашар, уйқуга кетишдан олдин хайрли тун тилардим, ҳар хил китоблар ўқиб берардим. Шифокорнинг барча айтганларига риоя қилдим. Кўрикдан доим хурсанд бўлиб қайтардим. Ҳомиламнинг ривожланиши ҳам, иккимизнинг соғлиғимиз ҳам жойида эди. Атрофимдагиларни, бутун дунёни яхши кўрардим. Туғруқ яқинлашгани сари ҳаяжон босарди. Бироқ кутганимиздай бўлмади…

Туғруқ оғир кечди. Ниҳоят, жигарбандимни қўлимга олдим. Чақалоғим чинқириб, дунёни бошига кўтариб йиғламади. Шифокорларнинг авзойи ўзгаргани сари мени ваҳима босарди. Саволларимга ҳеч ким аниқ жавоб бермасди. «Бола бўғилиб қолган», дейишдан нарига ўтишмади…

Болам сира хастага ўхшамасди. Нуқул оппоқ фариштага ўхшаб ухларди. Мен тугул ҳамширалар ҳам қараб тўйишмасди. Шу боис шифокорларнинг сўзларига ҳам эътибор бермадим. Бир ё икки ойда тузалиб, кўрмагандек бўлиб кетади, дея ўзимни тинчлантирардим. Аммо ҳар сафар шифохонага борганимизда дунё кўзимга қоронғи бўлиб қайтдим. Докторларнинг сўзларини эшитиб, ўрнимдан туролмай қолардим. Болам улар айтганчалик оғир аҳволда эмас-ку?! Ахир мен унинг онасиман. Улар билимию тажрибасига таяниб айтаётган ташхислари онанинг сезгиларидан тўғрироқми?

Умаржон бир ярим ёшга кирди. Ҳали ўтириш, эмаклаш, юришга ҳаракат қилмайди. Шифокорларнинг «Болангизни соғлом болаларга таққосламанг», «Бошқа болаларга ўхшатманг», деган сўзлари юрагимни тилка-пора қилади. Наҳотки шуни юмшоқроқ қилиб айтишнинг имкони бўлмаса? Ўз яқинларимнинг кинояли «Менинг болам бу пайтда ундай қиларди, бу пайтда бундай қиларди», дея мақтанишларидан ҳам тўйиб кетдим.

Боламиз туғилганидан кейин ҳамма билан алоқани уздим. Кеча шифохонадан қайтаётганимда Умидани кўриб қолдим. Шу лаҳзада менга сичқоннинг ини минг танга бўлди. Боламни кўришини истамадим. Ортимга бурилдим-да, қадамларимни тезлатиб, бошқа кўчага кириб кетдим. Ўзимни кечира олмаяпман, Рустам ака. Наҳотки ўз боламдан уялган бўлсам?!

Рустам ака, баъзан бардошингизга қойил қоламан. Қандай қилиб шунча азобни кўтариб, яна мени юпатасиз? Баъзан сизга қараб ўзимдан-ўзим уялиб кетаман, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қиламан. Ичимдан отилиб чиқаётган фиғонни бостиришга уринаман. Нега? Нима учун? Қандай қилиб? Бу саволлар мени адойи тамом қиляпти. Кечаю кундузим сўроқ, ўзимни айблаш билан ўтяпти.   Боламиз қачон бу дардга йўлиқди, тузалиб кетадими, қачон тенгдошларига етиб олади?..

Жаноблардан нома:

«ЎЗ ФАРЗАНДИНГДАН УЯЛДИНГМИ?!»

— Насиба, шу пайтгача жон-жаҳдим билан изтиробларимни сендан яширишга, эзилаётганимни сездирмасликка уриндим. Бундай кейин ҳам бардошим етганича шундай давом этаман.

Ўзинг айт, биз тушкунликка тушиб ўтирсак, фаарзандимизнинг тузалишига ишонмасак, у қандай қилиб соғаяди?! У ҳозир бизнинг меҳримизга, қўллаб-қувватлашимизга муҳтож, биз тушкунликка тушиб ўтирсак, у кимдан далда олади. Ахир унинг дунёдаги энг яқин одамларимиз. Кучлироқ, сабрлироқ бўл, илтимос. Аллоҳ ҳам суйган бандаларига синов берар экан.

Биламан, сенга жуда оғир. Кун бўйи уйдасан, деярли кўчага чиқмайсан. Бир ярим йилдан буён қўлингда кўтариб катта қиляпсан. Унинг инжиқликлари, тинмай йиғлаши ҳар қандай одамни ҳам чарчатиб юборади. Сени тушунаман, фақат боламиздан уялишингни ақлимга сиғдиролмайман. Унинг айби нима? Сенинг-чи? Нима бўпти ривожланишдан орқада бўлса? Менинг болам ногирон эмас, тушуняпсанми?! У ҳали соғлом, кучли бола бўлади? Айт, қайси нодон кулди боламнинг устидан? Ё кимдир нимадир дедими?

Одамларнинг гапини кўнглингга олаверма, Насиба. Шифокорларнинг «Ҳаммаси Худодан», деган сўзлари ҳам умидсизликда ҳам умид беради. Ростан ҳам ҳаммаси Яратганнинг қўлида-ку. Мана кўрасан, дардини берган, шифосини ҳам албатта, беради.

МУЯССАР оққа кўчирди.

loading...