«Депутатларнинг жиғига тегишга рухсат берилганди». Режиссёр Сарвар Каримов — «Қўлдан келганча» партиясига бағишланган ролик ҳақида

0

Хаёлий «Қўлдан келганча» партияси ҳақидаги роликни интернетга чиқариш олдидан ва чиқаргандан сўнг унинг муаллифларига нисбатан ҳеч қандай босим ўтказилмаган, «ҳеч қандай муаммо юзага келмаган». Бу ҳақда ролик муаллифи, режиссёр Сарвар Каримов Лазизбек Ҳамидовнинг «Улар» дастурига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Сарвар Каримовнинг таъкидлашича, 2019 йилги парламент сайловлари арафасида сайлов комиссияси вакиллари билан учрашув бўлган ва унда «замон ўзгаргани» айтилиб, «депутатларнинг жиғига тегадиган роликлар» олиш мумкинлиги маълум қилинган.

«Нега бунақа роликлар олдинг?», «Нима бўляпти ўзи?», «Бу билан нима демоқчисан?», деб кўпчилик сўради. Сайловолди кампанияси бошланиши олдидан Шерзодхон Қудратхўжаев ҳаммани йиғиб (у ерда журналистлар, бир-икки режиссёр, умуман кўпчилик бор эди), бу галги сайлов ўтган йиллардагига нисбатан бошқача бўлиши, жуда катта пул ажратилгани, сайловлар ҳақида роликлар олиш, сайловни яхшилаб ёритиш кераклигини айтди.

Шунда журналистлардан бири яхши савол берди: «Биз-ку ёритишга ёритамиз, лекин депутатларнинг ўзидан ҳеч қанақа гап чиқмаса, ишламаса, нимани ёритамиз?». Унда ҳали (дебатлардаги) қовун туширишлар бошланмаган эди. Шунда Шерзод ака: «Йўқ, керак бўлса депутатларнинг озгина жиғига тегадиган роликлар ҳам қилинглар, улар ишласин, ҳаракат қилсин, ахир биз уларни сайлаб қўйяпмиз-ку! Бўлди, замон ўзгарди», — деди.

Кейин сўрадим: «Демак, озгина жиғига тегадиган ролик қилса ҳам бўлади?». «Албатта, фақат қонундан четга чиқмаган ҳолда», деган гап бўлди. Учта ролик тайёрладим. Улардан бирини давлат буюртмаси сифатида кўриш мумкин — «Ўзбеккино»нинг буюртмаси эди. У роликда ҳам Собир Отажонов ва Вазира Юнусова ўйнаган; оддий, ҳеч қанақа сатираси йўқ, лекин юмори бор ролик — эр-хотин сайловга чиқиши ҳақида. Уни топширдик, эфирга ҳам кетди, адашмасам.

Кейин ўз хоҳишим билан, «ҳазил қилса бўларкан-ку, рухсат беришди-ку» деб (умуман олганда, рухсат беришмаса ҳам олаверсам бўларди — жуда рухсат сўраб юрадиган одатларим йўқ), «Қўлдан келганча» партияси ҳақида ҳазил ролик олдик. Бу роликнинг интернетда чиқарилишига ҳеч ким қаршилик кўрсатмади. Ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ.

Сарвар Каримов, кинорежиссёр

Сарвар Каримов интервью давомида сайловга чиққанини, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлигига номзодларга овоз берганини, лекин ўзи овоз берган номзодларнинг кўп ҳам фарқига бормаганини тан олди.

Сайловга бордим, рафиқам билан бирга бордик. Тўғрисини айтсам, уйда кам бўламан — уйимизга биров келиб, «менга овоз беринг», деб қоғоз тарқатдими-йўқми, бехабарман. «Кимдир келдими, олдин қандайдир қоғозлар беришарди», деб сўрадим, уйдагилар ҳам: «Йўқ», дейишди. Лекин барибир сайловга чиқиш керак.

Чиқдим ва дўстим Сардор Бабаев: «Аёлларга овоз берсанглар, фойда топасизлар», дегани учун, бир аёл киши бор экан, унга овоз бердим. Кейин Экопартияга ҳам бир овоз бердим — «дарахтлар нега кесиляпти?» деган саволга кимдандир жавоб олиш учун. Кейин «Адолат» партиясидан ҳам кимгадир овоз бердим. Учта эдику, лекин унчалик фарқига борганим йўқ, лекин овоз бердим.

Сарвар Каримов, кинорежиссёр

Daryo.uz

loading...