КЎККЎЛДАГИ АЙДАҲОР АРВОҲИ…

0

 

Қозоғистонда Кўккўл деган кўл бор. У ўзининг сирли жиҳатлари билан дунёнинг барча халқларини ҳайратга солади…

Айтишларича, Кўккўлнинг суви мовий бўлгани сабаб шундай аташаркан. Аммо бу кўлнинг сири эмас. Кўлнинг сири шундаки, бағрида фанга умуман бегона бўлган маҳлуқни асрайди. Маҳаллий аҳоли вакиллари уни Айдаҳор арвоҳи деб аташади. Айнан шу Айдаҳор туфайли кўлда тез-тез ҳайвонлар, одамлар йўқолиб тураркан.

Кўккўл суви ҳеч қачон камаймайди. Ҳатто ёз жазирамасида ҳам кўл сувга тўлиб туради. Бу кўл бир нечта ерости булоқларидан сув ичиши билан боғлиқ дейишади.

Айтишларига қараганда, Кўккўлнинг туби йўқмиш. Ҳақиқатан, гидрологлар бу ерда изланишлар олиб бориш жараёнида кўлнинг тубини топа олишмаган. Аммо кўл остидан ўтган бир нечта каналларни тахмин қилишган. Шундан сўнг олимлар кўл остида сувости ғори бор деган тахминга ҳам боришди.

Кўккўл яна тирик кўл деган номга ҳам эга бўлган. Бунинг сабаби шундаки, кўл ўзини ўзи турли ахлат ва ортиқча нарсалардан тозалаб туради. Сув остида кутилмаганда ўралар пайдо бўлади-ю, ахлат ва ортиқча нарсаларни қаърига тортиб кетади.

Сув эса яна зилолланиб, қараган кўзни қамаштираверади. Кўккўлнинг сувини шифобахш ҳам дейишади. Бу сув минералларга бой, одамлар уни қайта ишланмаган ҳолда ичишади. Дарвоқе, кўл арвоҳи Айдаҳор 15 метрли илон кўринишида эмиш.

 

АЙДАҲОР ИЛОНИ СИРИ

 

Тунда кўл ичкарисидан ғалати товушлар қулоққа чалинади. Худди ўта йирик мавжудот чўмилаётгандек туйилади. Афсонами, ҳақиқатми, ҳеч кимга маълум эмас, аммо ўша 15 метрли Айдаҳор илони фақат тунда сув юзига чиқаркан-у, сувда турли рақслар ижро этаркан.

У тунда кўл бўйига келиб қолувчи турли қушлар, жониворларни тортиб кириб кетади. Илон ўша жониворлар қони билан озиқланаркан. Афсоналарга қараганда, қачонлардир қадимда у дунёни бошқарган. Унга улкан пашша ёрдамчи вазифасини ўтаган. Айдаҳор пашшага кимнинг ёки ниманинг қони мазали эканини аниқлаш вазифасини топширган. Бир куни пашша саёҳатдан қайтаётиб, қалдирғочни кўриб қолган. Қалдирғоч билан бирпасда дўст тутинган ва қуш унга дунёда фақат одамзоднинг қонигина мазали эканини айтган. Аммо бу ҳақда Айдаҳорга оғиз очмасликни тайинлаган. Бахтга қарши пашша ўз хўжайинига бу ҳақда айтган. Қалдирғоч буни сезганди. Шунинг учун кўлга яқин бориб пашшанинг ҳисобот беришига халақит қилишни ихтиёр этган. Аммо Айдаҳор уни кўриб қолган-у, жонҳолатда қалдирғочга ташланган. Эпчил эмасми, қалдирғоч бу маҳлуқ чангалига тушмаган. Айдаҳор фақат унинг думидан иккитагина патни юлиб қолган. Шундан бери қалдирғочнинг думи санчқи тусига кириб қолган экан.

Афсона ўз йўлига, бироқ Айдаҳор ҳануз тунлари кўлни қўриқларкан ва сувнинг тозалигини назорати остида ушларкан. Яна бир афсонада айтиладики, ўз даврида Чингизхон енгилиб ортга чекинаётганда, аскарлардан бири унинг ғашига тегади. Шунда Чингизхон жонҳолатда аскарга қарата найзасини ирғитади. Аскар чап бериб қолади-ю, найза ерга санчилиб, худонинг қудрати билан ер иккига бўлиниб кетади. Кўккўл шу аснода пайдо бўлган экан.

 

ГУВОҲЛАР

 

Ростми-ёлғонми, бироқ Кўккўлда ҳайвонлар ҳам, одамлар ҳам изсиз ғойиб бўлиб туради. Кунларнинг бирида чўпон қўйларни ўтлатиб қайтаётиб кўлда икки ёш йигит чўмила бошлаганини кўрган. Улар баравар сувга ўзларини ташлашган-у, ўша заҳоти сув остидан йигитларнинг ҳайқириғи қулоғига чалинган. Азбаройи қўрқиб кетган чўпон югурганча кўл бўйига келган. Аммо йигитлар аллақачон ғойиб бўлганди.

Худди шундай воқеалардан сўнг қизиқиши ортиб ўлкашунос А. Печерский Кўккўлга ўғли билан борди. Улар аввалига анча наридан туриб кўл бўйида парвоз қилаётган қушларни кузатишди. Шу тобда дафъатан қушлар бир галага йиғилиб кўлнинг бир жойи узра безовта айлана бошлашди. Бунгача сув сокин эди. Орадан беш дақиқа ўтмай, сув тўлқинланиб, ниманингдир хунук ириллашига ўхшаш товуш атрофни тутди. Шунда Печерский сув остида илонсифат улкан маҳлуқ сузиб юрганини кўрди. Бу худди ўша Айдаҳор илони эди. Печерский дарҳол ғойиб бўлган одамлар ҳақидаги ҳикояларни эслаб, кўлдан нари кетди ва энди уни узоқдан туриб кузата бошлади.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ҳам бир гуруҳ россиялик олимлар Кўккўлни ўрганиш учун боришган. Бир неча ғаввослар кўлга шўнғиган-у, шу заҳоти сув остида улкан ўра пайдо бўлиб, ғаввослардан бирини қаърига тортиб кетган. Надоматлар бўлсинки, олимлар гуруҳи ғаввосни топа олишмади. Кўккўлнинг ҳақиқатан туби йўқ эди. Бироқ орадан маълум вақт ўтиб ғаввос топилди. У тирик эди. Ғаввосга махсус кийимдалиги ёрдам берибди. Ўра уни Витим дарёсига итқитиб ташлаган экан.

Навбатдаги экспедиция 1976 йили ташкил этилди. Бу сафар олимлар кўлнинг нега туби йўқлигини аниқлагандек бўлишди. Тахмин қилиндики, кўл музлик даврига оид бўлиб, у ўз тубида кўплаб каналларни ҳосил қилган. Олимларнинг фикрича, худди ўша каналлар кўл сувини тез-тез ютиб туради. Худди шу лаҳзада кўл остида улкан ўра ҳосил бўлади. Ўрага ҳаво кириши оқибатида турли товушлар юқорига ҳам эшитила бошлайди. Афсус, буларнинг барчаси шунчаки тахминлар холос. Чунки Кўккўлнинг тубигача ҳали ҳеч ким ета олмаган. Ўша юқорида айтилган каналларни ҳам ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган. Демак, Кўккўл ўз сирларини ўзида олиб қолган ва уларни ҳеч кимга бермоқчи ҳам эмас.

Галина ОРЛОВА

Рус тилидан Олимжон ҲАЙИТ таржимаси

 

loading...