Ҳақиқий ҳангома мана бунақа бўлади, тоға?

0

 

«РЕКОРДЧИ»

(ёки инфарктнинг энасини эмдирган эркак)

(интермедия)

 

Иштирок этувчилар:

 

1. Ёши элликдан ўтиб-ўтмаган, пастки лаби учиб турувчи, серзарда, ҳар икки гапнинг бирида болохонадор сўкинишни хуш кўрадиган қария;

2. Тахминан 25 ёшли, паст бўйли, озғинлигидан юзлари ичига ботган мухбир йигит.

Атрофи кесакдевор билан ўралган, кўримсизгина ҳовли. Беш-ўнта тахтадан амал-тақал тикланган эшикни аста очиб, ичкарига мухбир йигит киради. Ток остидаги сўрида ястанганча ётиб ниманидир чайнаш билан овора эркак эҳтиёткорона жуссасини тиклаб мухбир томонга аланглайди.

Эркак: — Ҳай, кимсан? Ўғримисан, қароқчимисан?

Мухбир: — Мен… Мухбирман, тоға, мухбирман!

Эркак: — Мухбир? Меникида пишириб қўйибдими мухбирга?

Мухбир: — Сиздан интервью олишга келувдим, тоға!

Эркак: — Шунақами? Унда нега қоққан қозиқдай бир ерда туриб қолдинг? Келмайсанми яқинроқ? Ҳе… Ўқимаган!..

Мухбир (эркакка яқинроқ келиб): — Ассалому алайкум, тоға!

Эркак: — Тоға? Вей, қайси акамнинг ўғлисан ўзи? Қанақа тоға?

Мухбир: — Бизда шунақа дейишади-да! Ҳалиги…

Эркак: — Бўпти, ўтир манави ерга! Қани, нимани сўрамоқчисан ўзи мендан? Газитга ёзасанми?

Мухбир: — Ҳа, газитга ёзмоқчиман. Агар малол келмаса, бир иккита саволларимга жавоб берсангиз!

Эркак: — Сўра! Бир умр мен сўраб келдим. Қани, сенам сўра-чи!

Мухбир: — Айтишларича, сиз олти марта инфаркт бўлган экансиз. Шунча марта ҳаётингиз жиддий хавф остида қолган экан. Шунга… Ахир бу тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган воқеа!

Эркак: — Тасаввур-пасаввурингни тушунмайман мен. Бўладиган гапни сўра, қизиталоқ!

Мухбир: — Биринчи инфарктни нима сабаб бўлиб олгансиз?

Эркак (бошини қащиб, бир неча марта лаб учириб олиб): — Биринчи мартами? Хотиним Сурманиса билан ажрашгандим. Ўшани байрам қилдим.

Мухбир: — Ие, қизиқ-ку! Севмасмидингиз хотинингизни?

Эркак: — Вей, тирранча, эркакча савол берсанг-чи! Қанақа севги? Бир йил тўхтовсиз байрам қилганман.

Мухбир: — Ораларингда ҳалигидай… Муносабатлар ёмонмиди?

Эркак: — Ҳа, ёмонийди. Нуқул минғир-минғир қилаверарди. Шартта паттасини қўлига тутқазворганман.

Мухбир: — Ажрашиб, барибир қайғурибсиз-ку! Йўқса, ҳалигидай… Инфаркт…

Эркак: — Қанақа қайғуриш? Байрамнинг дастидан инфаркт бўлганман, ўқимаган!

Мухбир: — Тушундим. Унда иккинчи инфарктни қандай воқеа сабаб бўлиб олдингиз?

Эркак (қўлларини мушт қилиб, сўри четига уриб-уриб олиб): — Ажрашгач, ярамасни бир йил-у икки ойдан кейин иккинчи эриминан бозорда кўриб қолдим. Вей, ишонасанми, эрини «жоним» деди у фитна!

Мухбир: — Ҳа энди… Эри бўлгандан кейин нима деса дейди-да!

Эркак: — Нима? Ҳўв, аччиғимни чиқармагин, сен мухбирча! Бир умр менминан яшаб бир марта «жоним» демаганди. Хуллас, шундан кейин алам қилиб, тағин бозорга чопадиган бўлдим. Аламимдан қўй ёғини уравердим, уравердим… Ҳаш-паш дегунча иккинчи инфарктни олдим.

Мухбир: — Шундан кейин ҳам мундай хулоса қилмадингизми? Қўрқмадингизми? Ҳарқалай, инфаркт ҳаёт учун хавфли-ку!

Эркак: — Нима? Мен қўрқайми? Инфарктдан-а? Энасини эмдириб қўяман инфарктнинг!..

Мухбир: — Хўп, хўп, учинчисидан гапиринг, учинчисидан! Унисини қандай сабаб билан олдингиз?

Эркак (бошини қашлай-қашлай, афтини буриштириб): — Қўшним бўларди Темирали деган. Қўй ёғи деса ўзини томдан ташларди. Аммо киссаси юпқароғийди. Менга ўхшаб улфатлари «ма» деб қўлига пул бермасди. Хотини қийналиб кетибди. «Сиздан бошқаси эримни тўғри йўлга сола олмайди. Инсофга чақириб қўйинг!», деявериб ҳоли-жонимга қўймади. Шундан кейин…

Мухбир: — Кейин-чи? Дўппосладингизми? Инсофга кирдими?

Эркак (хезланиб): — Ўзингам ўлгудай ҳовлиқмайкансан! Шошмай турсанг, охиригача айтаман-ку!.. Хуллас Темиралининг ёнига кириб тушунтирдим, пўписа қилдим. Охири кўнди. Фақат битта шарт қўйди. «Менинг ўрнимгаям ейсиз шу қўй ёғини», деб турволди. Нима қилай? Рози бўлдим. Бир йилдан кейин… Шўрлик оламдан ўтиб қолди. Жигари тамом бўлганакан. Жуда ёмон куйдим. Темирали нима бўлгандаям инимдай эди. Куйик мени тўртинчи инфарктга учратди. Локигин… Қўрққаним йўқ. Боя айтдим-ку! Ортга қайтиш йўқ. Хуллас… Мана шунақа гаплар, мухбирча!

Мухбир (маъюс тортиб): — Бошингиздан шунча иш ўтибди, тоға! Худо сабр берсин сизга! Аммо бешинчи инфарктнинг сабабиниям қоғозга тушириб қўймасам бўлмайди. Ўзингиз тушунасиз, суҳбатни охиригача етказмасам, мақола чала бўлади. Шунга…

Эркак: — Биламан, сен бешинчи инфарктга қандай учраганимминан қизиқяпсан. Майли, айтаман! Биласанми, ҳов анави девормиён қўшнимнинг бабақ хўрози бўларди. Ўша хўроз итдан баттарийди.

Мухбир (кўзлари ола-кула бўлиб): — Йўғ-э!

Эркак: — Ҳа, ярамас ва пасткаш хўрозийди. Нуқул мени кўрса тепаман, чўқийман деб югургиларди. Узо-оқ мулоҳаза қилдим, ўйладим, сиқилдим. Охири хўрозни тутволиб… Қайнатма шўрва пиширдим. Албатта бу йўлигайди. Шўрваям қўй ёғисиз томоғимдан ўтмайди, ахир!.. Билмайман, нима сеҳри-жодуси боракан ўша хўрознинг… Туппа-тузук юрган одам ўша шўрвани ичдим-у, янаям кўпроқ қўй ёғи ейдиган бўлдим. Оқибатда бешинчи инфарктни олдим. Болаларим азбаройи зерикканиданми, ё бошқа сабабданми, мендан хабар ҳам олмай қўйишди. Барибир қайтмадим. Икки хаёлим фақат инфарктнинг адабини бериш бўп қолди…

Мухбир: — Энди олтинчи инфаркт ҳақида гапириб берсангиз!

Эркак: — Ўн яшар Ярашбой деган неварам бор. Ярамасни беш яшарлигидан сўкишга ўргатдим. Ўрганмади. Нуқул «Дода, сўкиниш яхшимас», деб қитиғимга тегаверди. Анави хотинчалиш тоғаларига тортган-да хонасалот!.. Хуллас… Шундан кейин астойдил ният қилдим. Буниям газетингга ёз, мухбирча! Мен келажакда инфарктга учраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатмоқчиман. Насиб бўлса, еттинчи марта инфарктга учраганимдаям келасан. Мақола ёзасан!

Мухбир (қаншарини қашиб): — Ахир… Боя айтганимдай, бу ҳаётингиз учун хавфли! Қолаверса, шунча ёғни ейиш учун пулни қайдан оласиз? Қиммат-ку қўй ёғиям!

Эркак: — Шинаванда улфатларим кўп. Қўй ёғини хомлигича ҳар карсиллатиб еганимда, маза қилворишади улар.

Мухбир: — Ол-а-а!!!

Шундай дейди-ю, мухбир хайр-маъзурни-да нася қилиб жўнаб қолади. Эркак эса унинг ортидан қичқиради:

— Ҳай, ўзбошимча, еттинчи инфарктнинг асл сабабини сўрамадинг-ку! Сен ярамас «тоға»лаб анави итфеъл, оқибатсиз жиянларимни эслатиб қўйдинг! Мана шу ишинг учунам еттинчи инфарктга учрамасам, отимни бошқа қўяма-ан!!!

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...