КАСОФАТ…

0

 

Бу оилани узоқ йиллардан бери биламан. Адашмасам, улар турмуш қурган кунданоқ жанжаллашишни бошлашган эди. Аммо ҳар гал бу жанжаллар даҳанаки сўкиш-у енгил ҳақоратлар билан якун топарди. Охири ажралишди ҳам. Афсуски, шундан кейинги жанжал икковлари учун ҳам қимматга тушди…

 

* * *

 

Сарибой ёқалари кирлаброқ қолган ёзги кўйлаги тугмаларини ечганча катта кўча бўйлаб кетиб борарди. Мақсади битта. Кечаги ичкиликдан сўнг қаттиқ оғриётган бошини тузатмаса бўлмайди. Бунинг учун эса дўконга кириши, улфат қидириши ва қиттай-қиттай ароқ ичиши лозим. Бусиз иложи йўқ. Минг дори ичган билан ароқнинг ўрнини босмайди. Ичса, боши ҳам тузалади, иштаҳаси очилиб енгил тортади.

Сарибой узоқдан яқин ошнаси Холдорни кўрди-ю, бирдан чеҳраси очилиб, оғзининг таноби қочди.

— Оҳ, Худонинг ўзи етказди! — деди овоз чиқариб. — Ароқни аҳмоқларгина улфатсиз ичади. Яшавор Холдорвой!..

Холдорнинг ҳам дарди шу эканми, даст ўрнидан турди-да, қичқириб юборди.

— Бормисан, Сари? Зап вақтида келдинг-да ўзиям!..

Икки улфат қучоқ очиб кўришгач, Холдор қайта-қайта Сарибойнинг елкасига қоқди. — Бугун туғилган куним, дўстим! Биргаликда нишонлаймиз!

— Ие, шунақами? — Сарибой сал хижолат тортгандек бир қадам ортга тисланди. — Билганимда совға опкеларканман-ку!..

— Совғага бало борми? Ўзинг совғаданам зўрроқсан! Биласан-ку, бир ўзим ичишни ёмон кўраман!

— Менам кеча сал кўпайтирворган эканман. Бошим ёрилай деяпти.

— Тамом! — деди Холдор чўнтагидан бир неча дона мингталик чиқариб. — Бугун мен эрийман. Ма, манавини олгин-да, дўконга ғизилла!..

— Газагига… Нима олай? — сўради Сарибой тутилиб.

— Шўр бодрингдан икки донасини ол, етади! Ҳа, папирос олиш эсингдан чиқмасин!..

 

* * *

 

Аслида бош оғриғини тузатиш илинжида бўлган икки улфат бир соатдан сўнг ғирт маст ҳолда мактаб ҳовлисида ўтиришарди. Айниқса, Холдор буткул алжираб қолганди. Шунда ҳам улфатига гоҳи-гоҳида дакки бериб қўярди.

— Сен қаёққа қараяпсан ўзи? — суҳбат орасида сўради Сарибойдан. — Эркаклик ғуруринг қайга йўқолди, ошна?

— Н-нима деганинг бу? — тушунмай Холдорга яқинроқ ўтириб қулоғини динг қилди Сарибой. — Нима демоқчисан?

— Хотининг Ойсулувни айтаман. — деди Холдор ҳийла овозини пасайтириб. — Нима ишлар қилиб юрганини биласанми?

— Қ-қайси Ойсулув?..

— Қайси бўларди? Ўғлинг Серикбойнинг онаси-да!..

— Ие, нима қилиб юрибди экан у қанжиқ? Эрга тегибдими?..

— Э, — қўл силтаб қўйди Холдор. — эрга тегса майлийди. Ўйнаш орттирволганмиш, ўйнаш!

— Нима? Ўйнаш дедингми? — Сарибой бу гапни эшитгач, ранги гезарганча ўрнидан туриб кетди. — Сен қаёқдан эшитдинг? Ким экан у хунаса?..

— Қўй, ўзингни бос! — уни ўтиришга ундади Холдор. — Ажралиб кетгансан-ку барибир!.. Ҳа энди… Гап йўғида бир айтдим-қўйдим-да!

— Йўқ, ҳаммасини айтасан. Кимлигини билмагунимча сени қўйиб юбормайман!..

Сарибой Холдорнинг ёқасидан олиб ўрнидан турғазди.

— Бўл тез! Агар айтмасанг, сендай ошнам йўқ; вассалом!

— Хўп, айтаман.

Холдор унинг қўлини ёқасидан олиб ташлади-да, кўп қаватли уйлар томон ишора қилди.

— Ҳов анави тўрт қаватли дом ёнида кўриб қолдим хотинингни. Новчадан келган, оқ-сариқ бир йигитминан қучоқлашиб турган экан. Йигит йигирма бешларда бор-ов!..

— Шунақами? — Сарибой тишларини ғижирлатиб улфати кўрсатган уй томон алам билан боқди. — Ёшроғини топволибди-да мегажин! Тўхтаб турсин, ҳали унга кўрсатиб қўяман эркак қанақа бўлишини! Бўпти, яхши қол! Мен кетдим!

— Ҳой, қаёққа? Тўхта!

 

* * *

 

Шу тобда Сарибойни ҳеч қандай куч тўхтата олмасди. Унинг кўз ўнгида фақат собиқ хотинининг ўзга бир эркак қўйнида эркаланиши гавдаланар, тасаввур қилгани сайин баттар ғазаб отига минарди.

У хотини яшайдиган уйга яқинлашгач, чўнтагини бир ковлаб олди-да, подьезд ичкарисига қараб чопди. Кириб кетаётганда кимлардир унга салом берди, ҳол-аҳвол сўради. Сарибой уларнинг биронтасига эътибор бермади. Тезроқ юқори қаватга кўтарилиб олиш, ўзига таниш эшикни очиш илинжида бўлди.

Ана, бир пайтлар ўз қўллари билан қурган темир эшик. Бўёқлари кўча бошлабди. Деворларни ис босибди.

Сарибой бир муддат тиш қайраб тургач, эшикни тепиб бақирди:

— Оч, итдан тарқаган! Оч дедим!..

Уч-тўрт тепки тушгач, аввалига ичкаридан кимларнингдир пичир-пичири қулоққа чалинди. Сўнгра эшикка кимдир яқин келгандек бўлди.

— Ҳа, қўрқаяпсанми? — қичқиришда давом этди Сарибой. — Қўрқма! Аллақачон эшитганман. Вей, агар очмасанг, эшикни бузиб бўлсаям кираман, билдингми?!.

— Сенга нима керак? — ниҳоят ичкаридан Ойсулувнинг майин овози эшитилди. — Бор кет!

— Ким кетади? Менми? Вей, сен ярамас менинг уйимда ўтирибсан!..

— Бу сенинг уйингмас, Фозилжонники! Уй ўғлингга қолган!.. Йўқол! Ҳозир мелиса чақираман!..

— Вой қанжиқдан тарқаган-ей!.. — ерга чирт этиб тупуриб сўкинди Сарибой. — Ўйнашинг қўйвормаяптими-а?.. Ҳозир кирай, иккалангниям кунингни кўрсатаман!..

— Нимани кўрсатардинг?.. — бўш келмади Ойсулув. — Туришингга бир қара! Тағин дўқ урасан-а!..

Собиқ хотинининг сўнгги гаплари Сарибойни баттар ғазаблантирди. У эшикни тинимсиз тепа бошлади. Бу орада қўни-қўшнилар бир-бир эшикларини қия очиб ташқарига мўралашди-ю, Сарибойни кўриб дарҳол ўзларини ичкари олишди.

Ойсулув эса тоқати тоқ бўлдими, эшик зулфинини суғуриб остонада пайдо бўлди.

— Қани у? Қани деяпман?

Сарибой жонҳолатда кириб хоналарни титкилай бошлади.

— Қани ўйнашинг, ифлос? Ҳа-а, қилғилиқни қилиб қўйиб энди жим турибсан-да-а?.. Йў-ўқ, мен сенинг адабингни бераман! Ўлдираман!.. Қонингни ичаман!

— Ичиб бўпсан! — деди овозини пасайтириб Ойсулув. — Сендақаларнинг кучи фақат оғзига етади.

— Мен билан шу мақсадда ажрашганмидинг? Ёшроғини топволган экансан-да!..

— Ажаб қиламан!.. Қўлингдан нима келади? Битта болани эплаб боқолмаганингдан кейинам яшайверайми сенминан? Ҳечам-да!..

— Ўлдираман!

Сарибой оғзидан тупук сачратиб ошхонага кирди ва қўлида ошпичоқ билан ортга қайтди.

— Айт ўша хунасани! Кўрсат менга!..

— Сенга кўринаман деб ўлиб тургани йўқ! — деди Ойсулув хотиржам оҳангда. — Ким бўпсан-у, сенга кўринсинми?..

Сарибой пича тайсалланиб турди-да, Ойсулувга жуда яқин келиб пичоқ тиғини қорнига тиради.

— Охирги марта сўраяпман. Қани ўйнашинг?..

— Йўқ дедим-ку! — шивирлади Ойсулув қўрқаётганини собиқ эрига сездирмасликка уриниб. — Тиқ пичоғингни! Нега туриб қолдинг?..

— Мана сенга, мана!.. Улушингни ол, аблаҳ, мана!..

Аёлнинг қорин қисмига бир неча маротаба тиғ санчилиб, кўйлаги этагидан қон сизиб чиқди. Ойсулув кўзлари олайиб, оғир-оғир нафас олди ва шилқ этиб йиқилди.

Шундан кейингина Сарибой нима қилиб қўйганини англаб етди. Аммо Ойсулувга ёрдам бермади.

У пичоқни балконга ирғитиб қочишга тутинди.

 

Хотима ўрнида:

 

Орадан ўн беш-йигирма дақиқа ўтди. Сарибойнинг кетганига амин бўлган қўшни аёллар Ойсулувдан ҳол сўраш илинжида ичкарига мўралашганди. Уй бекасининг беҳуш ётганини кўриб тезда врачга қўнғироқ қилишди. Узоқ уринишлардан сўнг врачлар Ойсулувнинг ҳаётини сақлаб қолишди.

Сарибой эса ўша куннинг ўзидаёқ милиция ходимлари томонидан қўлга олинди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...