Алиментчи отага жавоб: «Алимент бу жазо эмас, балки фарзанд олдидаги мажбуриятдир!»

2

Хабарингиз бордир, жорий йилнинг 17 январь куни «YouTube» интернет тармоғида алимент тўловчи фуқародан антиқа видеомурожаатли хабар тарқалди.

Унда «бечора» алимент тўловчи ота президентга бу қонуннинг ўзи қатори бошқа оталар учун қийинчилик туғдираётгани, оёғига тушов бўлаётганини таъкидлайди. Қуйида мурожаатчи отанинг сўзларига диққат қилинг:

«Тугри балким оилалар уртасида ажримлар камрок булсин деган максадда бунаканги конунлар чикарилгандур, лекин наоборот янада купрок жиноятлар содир булаяпди, алимент тулай олмасдан уз фарзандини, собик аелини улдираяпди, буни устига четга чикиш учун собик ажрим булган аелидан рухсат олиш керак! уйлаймизки хакикат юзага чикади.

Азизлар албатта фикрингиз коментарияда колдиринг» (таҳрирсиз тақдим этилмоқда).

Энди шу ўринда бир савол туғилади: ота ўз фарзандининг эртаси ва моддий аҳволи учун оғриниши мумкинми?! Ахир алимент беришни истамаётган фарзанди ўзининнг пуштикамаридан бўлган-ку! Наҳот алимент унақа, алимент бунақа дейишни оталик шаънига лойиқ кўрган бўлса?! Яна уни бутун оммага эълон қилиб, бошқалардан ҳолат бўйича фикр сўраши қайси одоб қоидаларига тўғри келади? Наҳот ажрашаётганда фарзандларига етим деган тамғани ёпиштириш билан бирга жажжи қалбларни жароҳатлаётганини билмаган? Ёки суд ажримдан олдин фарзандлари учун алимент тўлаши борасида тушунтириш берганда буни шунчаки гап сифатида қабул қилмаган. Агар суддаги огоҳлантириш эсида бўлганида бугун интернет орқали фарзандининг эртаси учун тўлаётган арзимаган алимент пулини гапириб чиқмасди.

Айни дамда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси алимент борасида бугун катта ва кўп ишларни амалга ошираётгани ҳеч биримизга сир эмас. Қувонарлиси, МИБ ходимлари алиментларни ундирибгина қолмай, тушунтириш ишлари чоғида оилаларни яраштиряпти ҳам. Шу сабабли ҳам ушбу ҳолат юзасидан фикр олиш учун МИБ матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов билан боғландик. Мазкур видеодаги эътироз бўйича Фаррух Тошпўлатов қуйидагиларни маълум қилди:

МИБдаги ижро ҳужжатларининг кўпчилигини алиментлар ташкил этмоқда

— Ота-она ўртасидаги никоҳ муносабатларининг узилиши болаларнинг моддий таъминотига таъсир этмаслиги керак. Алимент ундириш ҳақида ижро ҳужжати чиқарилишига сабаб оиланинг бузилиши ва эр-хотин ўртасида тузилган никоҳнинг бекор қилиниши ҳисобланади. Шундай экан, аввало, ҳар биримиз оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Шундагина алиментчи деган «тамға»дан узоқроқ бўлиш мумкин. Яна бир нарсани таъкидлашни истардимки, алимент ундириш борасида МИБ ходимлари иш олиб бораётган экан, агар ота (она) нинг моддий аҳволи жудаям танг аҳволда бўлса, унинг бирор иш топиб моддий ҳолати тиклангачгина ижро ишини яна алиментчига йўналтирамиз.

Азиз ота-оналаримиз шуни унутмасликларини истардимки, алимент тўловлари, аввало, болаларнинг таълими, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайишини таъминлайди. Демак, ота ёки она ажрашдими, энди фарзанди учун алимент тўлашдан бўйин товламаслиги ёки юқоридаги каби видое мурожаатларни оммага ошкор этмаслиги керак, назаримизда.

Бироқ, афсуски, орамизда бу мажбуриятни унутаётган оталар (оналар) ҳам йўқ эмас.

Масалан, 2019 йил давомида Мажбурий ижро бюросида иш юритувидаги 975 мингга яқин ижро ҳужжатларининг 224 мингдан ортиғини (23 фоизи) алимент тўловларига оид ижро ишлари иш ташкил қилади.

Ёки содда қилиб айтганда, 136 минг 450 дан ортиқ ижро ҳужжатларининг ижроси юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг 87 минг 860 тадан зиёди (64 фоизи) алиментга оид мурожаатларга тўғри келмоқда.

Шундан, 126 710 га яқини қарздорлар алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб келаётган бўлса, 58 190 га яқини ижро ҳужжати бўйича алимент пуллари давлат ижрочилари томонидан қарздорларга мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш орқали ундирилиб келинмоқда.

Қувонарлиси, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашда ота (она) нинг аҳволига эътибор қаратган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғинларининг яраштириш комиссиялари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда суҳбатлар ўтказиш йўли билан оилаларни ўзаро яраштириш орқали алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юритувини тамомлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Шунингдек, фарзанд таъминоти ҳамда алимент тўлаш мажбурияти тўғрисида тарғибот ишларини амалга оширишда амалий ёрдам бериш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идорасига республикамизнинг барча масжидларида жума намозларида шу мавзу бўйича маърузалар ўқилиши юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш борасида мурожаат йўлланди.

Натижада, 2019 йилда жами 113 324 та ижро ҳужжатлари бўйича тарафлар билан суҳбатлар ўтказилди.

Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 12 912 та ижро ҳужжатлари юзасидан тарафларни ўзаро яраштиришга эришилди.

Никоҳнинг бекор қилиниши ушбу никоҳ натижасида дунёга келган бегуноҳ, мурғак болаларнинг ота ёки она меҳрисиз ўксиб улғайишига олиб келганидан ташқари ушбу фарзандларни моддий таъминлаш учун алимент ундириш ҳам давлат ижрочилари учун энг долзарб муаммога айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06. 10. 2018 йилдаги «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 808-сонли Қарорининг қабул қилиниши қарздор оталар ва фарзанди тарбияси билан машғул бўлган оналар учун айни муддао бўлди.

Мазкур ҳужжат билан алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилди.

Хулоса ўрнида…

Конституциямизнинг 64-моддасига биноан ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Бу шунчаки гап эмас, болалар учун ғамхўрлик қилиш мажбуриятининг қонуний асоси ҳисобланади.

Шунингдек, Оила кодексида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги белгилаб қўйилгани ҳам бу мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилишига асос бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги Оила кодексининг 81-моддаси иккинчи қисмига кўра ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Сўзимизни насиҳат билан якунлаш фикридан йироқмиз, фақат юқоридаги маълумотларимиздан ҳамма ўзига тегишли хулосани чиқариб олишига ишонамиз. Алиментчи отага эса бераётган арзимаган пулингизни миннат қилмасдан ва оғринмасдан беринг, деган бўлардик. Ахир у фақат сизнинг фарзандингиз…

 

 

loading...

2 ФИКРЛАР

  1. To’g’ri. Chetga chiqish uchun nimaga ajrashgan kishidan ruxsat so’rash kerak. Chetga muhlatidagi summani to’lov qilib chiqish mumkin bo’lishi kerak. Ajrashishda faqat ota aybdormasku.

  2. Otani huquqlari nima bo’ladi. Chetga chiqish uchun ajrashgan kishidan ruxsat olish bu o’ta xato ish. Chiqish muddatiga to’lov qilish kifoya. Ajrashib ketgan kishi xoxlagan shartlarini qo’yadi unda. Yoki, Ajrashishda faqat erkak aybdormi. Oyligim 5 million atrofida 3 ta farzandim bor. Ayolimni sabrsizligi qilib u tomonidan ajrashish taklifini bildirildi. Man roziman. Ilmiy xodimman alyument chiqarilsa man undan so’rab chetga chiqishim bu noto’g’riku. Ajrashish bu avvalgi ayolga mone bo’lib yashashmi. Mani taqdirim nima bo’ladi. Yoki ayollarni xoxlagan shartlariga ko’nib yashash kerakmi. Iltimos shu tomoniga ham etibor beringlar. Tepadagi javobdan qoniqmadim.

Comments are closed.