ТИББИЁТ ХАБАРЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

 

САЛОМАТЛИККА ПУТУР ЕТКАЗУВЧИ МАҲСУЛОТЛАР

 

Диетолог Марина Макишининг гапига қараганда, биз кунда истеъмол қиладиган бир қатор маҳсулотлар аслида саломатлик кушандаси экан. Худди ўшаларнинг рўйхати бошида шакар туради. Айнан шакарни кўп истеъмол қилиш туфайли дунёда ёши 40 дан ошганлар орасида қандли диабетга учраганлар кўпчиликни ташкил этади.

Кофе ҳам соғлиқ учун фойдали деб бўлмайди. Унинг ўрнига цикорий ичилса, фойдадан холи бўлмаскан. Бу маҳсулот артериал қон босимига салбий таъсир кўрсатмас экан. Аксинча, ошқозон учун фойдали клетчаткаларга эга.

Оқ буханка нон ҳам қондаги қанд миқдорини оширади. Унинг ўрнига қора нон истеъмол қилиш тавсия этилади.

 

ЁҒЛИ СУТ ОДАМНИ ТЕЗ ҚАРИТАДИ

 

Америкадаги Бригама Янга университети олимлари сигир ва бошқа ҳайвон сутлари масаласида изланишлар олиб боришди. Маълум бўлдики, таркибида ёғ миқдори ҳаддан ташқари кўп бўлган сут инсонларнинг биологик жиҳатдан тез қаришини таъминларкан. Ёғли сут теломерлар қисқаришига сабабчи бўлади. Оқибатда одам танаси, тўқималар тез қариш палласига киради. Олимлар ёғли сут истеъмолини кашандалик билан тенглаштиришди. Тўғри, кашандалик ҳам организмдаги теломерларнинг катта тезликда қисқаришига сабабчидир.

Шунинг учун сигирми, эчки, қўй, туя, отми, ишқилиб ҳайвон сутини албатта ёғсизлантириб истеъмол қилиш лозим экан.

 

АЁЛ ҚОН ТОМИРИ ЭРКАКНИКИГА НИСБАТАН ТЕЗРОҚ ҚАРИЙДИ

 

Олимлар эркак ва аёлларнинг қон томирлари, шу билан боғлиқ хасталиклар доирасида тадқиқотлар ташкил этишди. Натижа қуйидагича кечди.

Аёл қон томирлари эркакникига қараганда эртароқ, тезроқ қариш палласига кираркан. Ваҳоланки, сурункали юрак хасталиклари, инсульт айнан артериал қон босими билан боғлиқ. Шундай қилиб, аёллар 30 ёшдан ўтгач, қон томирлари катта тезликда қарий бошлайди. Шу сабабли гипертония эркаклардан кўра аёлларда кўпроқ учрайди. Демак, юрак хасталиклари ҳам шундай кўрсаткичга эга.

Яна бир нарса борки, аёллар гипертонияни эркакларга нисбатан оғирроқ, қийинроқ ўтказади. Қон босими ошганда аёлнинг аҳволи кескин ёмонлашади. Худди шу нарса ҳам қон томирлар тез қарий бошлаганининг ёрқин исботи деса тўғри бўлади.

 

loading...