Тожикистонда ўғли давлат сиёсатига қарши чиққани учун онасини ишдан ҳайдашди…

0

 

Тожикистонлик видеоблогер Шерзод (Абдураҳмон) Маҳамаджонов Германиядаги университетлардан бирида таҳсил олади. Ўша ерда бўла туриб Тожикистон ҳукуматининг ҳижобни тақиқлашга доир сиёсатини тинимсиз танқид остига олади. Президент маҳкамаси, диний қўмита, аёллар масаласи бўйича қўмиталарга нуқул қўнғироқ қилиб, ходимларни саволга тутади. Яқинда ўғлининг шу ишлари учун касалхонада ҳамшира бўлиб ишловчи онаси Шоҳида Маҳамаджоновани ишдан ҳайдашди.

— Бош врач мендан нима учун ўғлим мен ҳақимда ўйламаслигини суриштирди, — дейди Шоҳида. — У давлат сиёсатига қарши. Меҳнат таътилига чиқишга ариза ёз, кейин ўз хоҳишинг билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзасан, деб айтди…

Лекин бу бошланиши экан. Шоҳида ишдан бўшаш арафасида Тожикистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан сўроқ қилинди.

— Улар ўғлим ҳақида суриштиришди, — деди Шоҳида. — Уни бу йўлдан қайтаришимни, ватанга олиб келишимни талаб қилишди. Мен ҳали ўғлим ўқишини тугатмаганини айтдим.

Шоҳида Маҳамаджонова Вахдатдаги касалхонада 20 йилдан бери ҳамширалик қилган. У ўғлининг дастидан ишдан ҳайдалгани жуда алам қилганини айтиб йиғлади. «У ахир ёш бола эмас, мустақил фикрига эга фуқаро-ку! Нега ўғлимни деб менга босим ўтказишади?» деди Шоҳида. Видеоблогер Шерзод Маҳамаджонов эса барибир давлат сиёсатига қарши чиқишларни бас қилмаяпти. Ҳойнаҳой, уни онасининг ҳозирги оғир аҳволи ҳам қизиқтирмайди шекилли.

 

loading...