Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова: Президентимиз аёлларга ҳокимлик лавозимини ишониб топширса, улар бу вазифани дўндириб бажаради

0

Ўзбекистонда ҳоким лавозимини бажаришга мос шижоатли аёллар кўплаб топилади. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Сиёсий кенгашининг 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Лола Муротова айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов.

Аввалроқ, 27 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ал-Хоразмий мактабида ёшлар билан бўлган учрашувида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тажриба тариқасида пойтахт туманларидан бирига аёл ҳоким тайинлашни таклиф қилган эди. Ўшанда Президент: «Қаерда аёл бўлса, ўша ерда коррупция камроқ, ўша ерда халқ билан мулоқот кўпроқ», дея таъкилганди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротованинг таъкидлашича, Президент қандай вазифа беришидан қатъи назар, ўзбек аёллари бу вазифаларни катта масъулият ва ғурур-ифтихор билан бажаришга тайёр.

Мамлактимиздаги ҳар бир аёл бахтли, десам адашмайман. Муҳтарам Президентимиз томонидан биз аёлларга берилаётган эътибор, эътироф ва ғамхўрликларнинг чеки йўқ.

Бугун давлат ва жамоат ишларида 1400 дан зиёд аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. Биргина тиббиёт соҳасида 82 фоиз, таълим ва санъат соҳасида 72 фоиз, қишлоқ хўжалигида 45 фоиздан ортиқ, саноат соҳасида эса 35 фоиздан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз ишонч билдириб, қандай иш топширса, аёлларимиз уни сидқидилдан, юракдан ёндашиб, катта масъулият ва ғурур-ифтихор билан бажаришга ҳаракат қилади. Президентимиз аёлларга ҳокимлик лавозимини берса ҳам, улар ўзини кўрсатиб, дўндириб ишлайверади. Шундай шижоатли, ғурурли аёлларимиз республикамизда кўплаб топилади.

Бизга қандай иш-вазифа берилишидан қатъи назар, мамлакатимизни, иқтисодиётимизни мустаҳкам қилишда, юртимизни тараққий топишида, халқимизни фаровон яшашида бор билимимиз, бор кучимизни аямай, жуда катта масъулият билан меҳнат қиламиз.

Лола Муротова, Ўзбекистон Қаҳрамони

БМТ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўрта таълимга эга хотин-қизларнинг фақат 35 фоиз ишлайди, олий маълумотли хотин-қизларнинг 68 фоизи иш билан таъминланган.

daryo.uz

loading...