«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво ҳақида маълумот берди

0

Якшанбадан душанбага ўтар кечаси Ўзбекистон ҳудудидан ғарбий совуқ фронт ўтди. Ушбу синоптик вазият натижасида республикада ҳудуди бўйлаб ёмғир ва қор кўринишида ёғингарчилик кузатилди. Мамлакат шимоли ва тоғли туманларда асосан қор ёғди.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, Кавказ ҳудудидан кирган антициклон республика устида аста ҳаракат қилмоқда ва бугун Ўзбекистон шимолига таъсир кўрсатмоқда.

Душанба тонгида Самарқанд вилоятининг текислик ҳудудларида 1-4 см қалинликда қор қоплами ҳосил бўлди.

Бугун кун давомида мамлакат ҳудуди бўйлаб ёғингарчилик эҳтимоли сақланиб туради, фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик бўлмайди. Ҳарорат 0-5 даража илиқ атрофида бўлади.

21-22 январь кунлари совуқ ҳаво оқими бутун республика ҳудудини қамраб олади. Айрим жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Тунги ҳарорат 3-5 даража совуққача, шимолий ҳудудларда 8 даража совуққача пасаяди. Кундузи 0-5 даража илиқ бўлади.

23 январда совуқ антициклон шарққа ҳаракатланади, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисми Туркманистон ҳудудидан кирган нам ҳаво оқимлари таъсирида бўлади. Республика бўйлаб об-ҳавонинг очиқ ва қуёшли бўлиши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 7-9 даража илиққача кўтарилади. Тунги ҳарорат эса юқорида кўрсатилгандек сақланиб туради.

24-25 январда ғарбий антициклон кириши кутилмоқда. Илиқ жанубий оқимларнинг сақланиб туриши ҳисобига мамлакат ҳудуди бўйлаб ёмғир ёғади. Тоғли туманларда ёғингарчилик (қор, ёмғир) бўлади. Шу кунларда ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ – 3 даража илиқ, кундузи 2-7 даража илиқ бўлади, бу кўрсаткичлар йилнинг шу даври учун хос бўлган меъёрларга яқиндир.

кун.уз

loading...