Ҳикоя: Қимматга тушган «Янги йил»

0

Эрта тонгда мароқ билан уйғондим. Кайфият ҳам ўзгача. Позитив дермиди, хуллас, ўшанақа-да! Дераза пардасини очсам, қор гупиллаб ёғяпти. Кўзларимга ишонмай, кийинганча югуриб ташқарига чиқдим. Охирги марта бундай қорни ўн йил аввал кўрганман-ов! Тиззамгача келадиган қорни аранг босиб, уч-тўрт қадам зўрға юрдим. Киприкларимга қўнаётган парчадан завқланиб осмонга қарасам, энди қор билан бирга анави кал амаки ҳам тушяпти-да. (Кал амаки деганим ўзимизнинг Бенжамин Франклин — юз доллар) Қучоғимни очиб «Наҳотки доллар?!» дея турсам, кимдир тепамда ўшқиряпти:

— Ҳой, ҳой дедим, туринг, соат ўндан ошиб кетди-ку!

«Падарингга лаънат, туш экан. Эҳ!» Асабларим таранглашиб, шундай ширин уйқудан уйғотгани учун хотинимга хўмрайиб қўйдим. Шундай бўлса-да, умид билан дераза пардаларини очдим. Қорнинг «қ» ҳарфи ҳам йўқ. Қуёш пешонамгача келиб олган, ҳар тараф офт-оо-б. Мана, сенга реаллик! Э-э, бу дейман, ўша ёшликдаги қишлар армонми энди бизга, а?! Қачон бундай одамларга ўхшаб қор кураб «Бу қор қачон тўхтаркин?» дея нолиб юраркинмиз?

— Янги йил дастурхони учун харажат масаласини ўйладингизми? — деди хотиним секингина.

— Мен сенга кеча айтдим-ку, дастурхонга нақд икки миллион атаймиз, гап тамом!

— Вой, дадаси, нима бало, фақат еб-ичарни ўйлайсиз! — қошлари чимирилди аёлимнинг. — Ахир шунча иш бошимизда. Болаларга этик олишимиз керак, боғчасига, мактабига пул, бу томондан коммунал тўловлар, қолаверса, дадамдан олган қарзимизни узишимиз керак!

— Мана, ҳамма бало сенинг дадангнинг пулида, топдимми?! Топдим! — дедим мен кўрсаткич бармоғимни бигиз қилиб. — Намунча, берамизда ўша қарзни. Қолаверса, бола отадан қарз-парз бўлмайди. Майли, яхши қол хотинжон! Кечга қучоғимни тўлдириб, бозорлик билан қайтаман!

Шундай дедиму, қочиб қолдим. Аёлим эса ортимдан «Эсингиз жойидами, ҳеч замонда одам бор пулига ҳам Янги йил учун харажат қиладими?!» дея бақирганча қолди. Аммо мен бунақа ақл ўргатишларга парво қилмайман. Ахир хотинлар ғирт товуқ мия бўлса, ишнинг кўзини билармиди булар?!

Январнинг илк кунлари, байрам таътилида ҳамма кичкина мандаринларни еб, «Уйда ёлғиз» фильмини кўриб ётади-да! Эрта-ю кеч чакак ўлгур тинмайди! Мана шу кунларда ошқозонни хафа қилиш инсофданми? Асло! Хуллас, бор пулимни олиб йўлга чиқдим. Ҳар ҳолда, мен ҳам аҳмоқ эмасман. Уч-тўрт кундан кейин пул келадиган жой бор, шунинг ҳисобини оляпман-да. Ана ўша пуллар қўлимга тегса, хотинга узатаман. «Қанча эди дадажонингдан олган қарзимиз? Қани, қайси этикни олиш керак? Коммунал тўловларгами, мана, ол!» дейман иякни олдинга чўзганча, мўйловимни силаб. Ҳа, у пайт хотинимнинг гилосдай катта кўзлари шафтолидай бўлиб кетиши аниқ.

— Ҳой ука, қазидан бер. Биз ҳам би-и-р одамларга ўхшаб қази ейлик! — дедим кеккайиб.

— Тил ҳам олинг, ака. Оҳ-оҳ, бу тилни Янги йилнинг эртасига есангиз борми? Юмшоққина, ҳил-ҳил… — сотувчининг кўзлари юмилиб, ўз гапидан илҳомланиб кетди.

— Сен ҳам ўзимиздан экансан, — дедим сўлагим оқиб. — Ҳа, майли, берақол, тилни охирги марта ўтган йили байрамда егандим. Тўй тўйдай бўлсин!

Дастурхон учун энг кераги мана шу қази, тил, гўшт эканини унутманг. Бу савил қолгурлар билан меҳмон кутсангиз, аниқ обрўнгиз ошади. Обрў яхшику-я, лекин меҳмонга шундай қиммат нарсани бериш увол-да! Шунинг учун қўшимча яна битта қази олдим.

— Ананас олмайсизми?

Аввал сотувчига, кейин «Мана, мен» деб савлат тўкиб турган алламбало мевага қарадим. Бу ананас деганларининг консерваланганини тўйларда бир-икки егандим.  Лекин ҳеч мана шунақа яхлитини кесиб емаганман-да! Кўзимни чирт юмдим-у, ананасни ҳам, бананларни ҳам, диркиллаб турган узумларни ҳам сотиб олавердим.

Ҳўл мева-ю гўштли маҳсулотларнинг ўзига етти юз минг кетди-ку, бу хотин бир миллионга харажат қилсак етади, дейди-я, ўргилдим. Анча йилдан буён байрамни бундай кутмагандик. Ҳар йили норин билангина қорин алдаб келамиз. Ойликка яшайдиган одамга осон эмас, мен сизга айтсам.

— Қулупнай бор, дастурхон учун мазали қулупнайлар!

Ў-ў-ў, қиш кунида қип-қизил бўлиб турган қулупнайлар. Байрам байрамдай бўлсин, шулардан ҳам сотиб олмасам бўлмас. Биз камбағаллар ҳам бир тўйиб мева есак ебмиз-да!

Бозорлик жуда оби-тобида бўлди. Дастурхон учун болалигимдаги каби кичкина шишали, Буратино сурати туширилган лимонадлар, чақ-чуқлар, шоколадлар ҳам харид қилдим. Сўнг бир амаллаб такси ушладим-да, уйга равона бўлдим.

— Вой-ву! Шунча нарса?.. — хотинимнинг кўзи чиқиб кетай дерди. — Ақалли байрамдан сўнг йўлкира учун пул олиб қолгандирсиз?

— Э-э, жонга тегдинг-да, олиб келсанг ҳам бир гап, олиб келамасанг ҳам…

— Болаларга этик…

Хотинимни сўкиб юборай дедим-у, ўзимни босиб иршайдим:

— Отангнинг қарзини ҳам тўлаймиз, болаларга этик ҳам оламиз, тўловларни ҳам тўлаймиз. Илтимос, хотин, ҳадеб     минғир-синғир қилавермай мана буларни ол. Салатингни, овқатингни тайёрла, пишир-куйдирингни қил. Мен эса бир мизғиб олай. Ахир эртага байрам?!

Уйқудан туриб, ошхонага кирсам, хотин тилидан ҳалигача «Болаларга этик, дадамнинг қарзи!» деган сўзларини туширмай ғимирлаб юрибди. Аммо шу бечора қанча минғирласа ҳам уйимга бўлсин дейди, оиламга дейди-да. Мана, ҳозир ҳам чакаги тинмаяпти-ю, қўли ишда.

— Тўрт хил салат тайёрладингми? Нориннинг хамири кўпроқми? Фақат товуқ гўшти эмас, кабоб ҳам пиширамиз. Холодецлар лиқиллаб қолгандир. Меваларни, шоколадларни столга аямай қўй, тушундингми? Тағин меҳмонларга олиб қўйма, бекорга ачитиб, ташлаб юборасан. Дастурхон тўкилиб, сочилиб турсин, тушундинг, а?!

Дардим овқат экани рост. Тан оламан, ҳатто тушимда ҳам гўшт кўриб чиқадиган одамман. Бироқ шу кунгача бирор марта ортиқча рўзғор қилган оила эмасмиз. Озиб-ёзиб бу сафар байрамда ўзимизни бир хурсанд қилсак-қилибмиз-да! Кечга томон барча таомлар пишди, дастурхон худди мен истагандай ёзилди. Оиламиз жам. Тўкин-сочинликка қараб кўз қувнайди. Юмшоққина пишган товуққа энди қўл узатишимни биламан, шу чоқ…

— Ура-а, меҳмонлар келишди-и!

Ўғлимнинг ҳайқириғидан тишлаган нонимга тиқилай дедим. Ана, холос! Остонада қайнотам бир қучоқ набиралари билан серрайиб турибди. Уларни ўлганимнинг кунидан базўр кулиб тўрга таклиф қилдим.

— Ў-хў-ў!

Қайнотам қўлларини бир-бирига уриб, иштаҳа билан боя олган товуғимдан кавшай бошлади. Мен таниб-танимаган майда болачалар қулупнайга ҳам, буратиноли лимонадларга ҳам ёпишиб кетишди.

— Меҳмо-о-он, уре-е, яна меҳмон-он келди!

Энди қизимнинг чинқириғи қулоғимни тешиб юборгудай янграган. Синглим ва куёвим тўртта боласини етаклаб остонада туришарди. Хуллас, нималар бўлаётганига тушуна олмай қолдим. Фақат соат миллари ўн иккига бонг ургандагина кўчадаги мушакбозликнинг овозидан ўзимга келибман. Бу пайтга келиб қорним итдай оч, неча кундан буён қандай тўлдиришни режа қилган дастурхонда ювиқсиз идиш-товоқлар, бир тўда болалар эса мен ҳаётимда еб кўрмаган ананасни копток қилиб бир-бирига отишаётган эди.

— Дадаси? Дадаси?!

— Ҳ-ҳа, ҳа… — дедим довдираган кўйи.

— Худди билгандай дастурхонни жуда тўкис қилибсиз, барака топинг!

Негадир хотинимнинг иршайиб айтган сўзлари жиғимга тегди. Ваҳоланки, икки ҳафтадан буён унинг жавраганидан тўйиб, дастурхон безаш борасида қувватлашини кутаётгандим. Унга жавоб беришга улгурмасимдан телефонимга SMS келди:

«Дўстим, анави иш ўхшамади. Пулингни февралга тўғирлаб бераман. Озроқ пулим бор дегандинг, бир амаллаб турарсан. Байрамни яхши ўтказ!»

Ана, холос!..

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

loading...