Ҳокимларнинг ваколатлари қисқартирилди

0
Президентимизнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4546-сон қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг функциялари ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди.
Қарорга мувофиқ турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсат бериш давлат хизмати бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимларининг қарор чиқариш тартиби бекор қилиниб, уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига ўтказилди ва амалда қарор ижроси таъминланди.
Яъни бугунги кунда туманлар (шаҳарлар) қурилиш бўлимлари томонидан турар жойни нотурар тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш тизими ишга тушди.
Бу орқали, мазкур соҳадаги давлат хизматлари кўрсатиш бизнес жараёнининг бир неча мартага қисқаришига, сифатининг ошишига, энг муҳими қонун бузилиши ҳолатларининг олди олинишига эришилади. Рухсатнома 8 кун муддатда шаклланади ва QK асосида ваколатли идоранинг масъул ходими томонидан амалга оширилади.
Бу тартиб жорий қилингунига қадар бўлган жараёни таҳлил қиладиган бўлсак, 2019 йилнинг ўзида Тошкент шаҳри кесимида ушбу давлат хизматидан фойдаланиш бўйича 1402 та ариза келиб тушган бўлса, улардан 1033 таси қаноатлантирилган. Бироқ, қаноатлантирилган аризаларни кўриб чиқишда қатор қонун бузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилган, яъни 433 та аризаларни ижро муддати бузилган, 219 та ҳолатда эса асоссиз рад этилганлиги аниқланди.
Асоссиз рад қилиш кўчмас мулк эгасининг ўз мулкидан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиш ҳуқуқи, яъни мулк ҳуқуқига бўлган конституциявий ҳуқуқлари бузилиши тушунилади.
Йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларининг таҳлили шуни кўрсатадики, аксарият ҳолатларда туман қурилиш бўлимлари томонидан турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказиш бўйича ижобий хулоса тақдим этилганлигига қарамасдан, туман (шаҳар) ҳокимларининг тегишли қарорлари чиқиш ҳолати кечиктирилган ёхуд қарор чиқариш жараёни бутунлай тўхтаб қолиб, аризалар асоссиз равишда рад этилган.
Бу эса, ўз навбатида қанчадан-қанча тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини бошлашига ёки ривожлантиришига тўсиқ бўлиши билан бир қаторда, 1400 дан ортиқ иш ўринлари ва давлат бюджетига қўшимча солиқ тушумларининг тўланмасдан қолишига сабаб бўлган.
Маълумки, бугунги кунда тадбиркорларни қийнаётган энг асосий муаммолардан бири – бизнес фаолиятини бошлаш ва йўлга қўйиш учун нотурар жой объектларининг етишмовчилиги деб айтиш мумкин.
Эндиликда, бу каби қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйиш ҳолатлари бартараф этилиб,фуқаролар ва тадбиркорларга сифатли ва шаффоф давлат хизматлари кўрсатилишига эришилади.
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси
 
Матбуот хизмати
loading...