Навоийда ёнғиндан зарар кўрган тадбиркорларга фаолиятини тиклаб олишигача ёрдам кўрсатилади

0

Аввал хабар қилинганидек, 16 январь куни Навоий шаҳридаги “Навоий савдо мажмуаси”нинг сўнгги қаватида ёнғин рўй бериб, 6 та кийим-кечак савдо дўконининг 82 метр квадрат қисми ёниб, яроқсиз ҳолга келган, 14 та савдо дўкони эса жиддий зарарланган.

Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида мажмуанинг 208 та савдо дўкони жойлашган 6958 квадрат метр қисми ёнғиндан сақлаб қолинган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар йўқ. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин қисқа туташув натижасида келиб чиққан.

Мазкур ҳолат оқибатларини бартараф этиш юзасидан Навоий шаҳар ҳокимлиги томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳокими М. Базоров мутасадди раҳбарлар иштирокида ҳодиса жойини кўздан кечириб, ёнғиндан зарар кўрган дўкон эгалари билан суҳбатлашди. Мулоқотда тадбиркорларга ёниб кетган дўконларни таъмирлаш бозор маъмурияти томонидан амалга оширилиши ва уларга фаолиятларини тиклагунга қадар зарур барча ёрдамлар берилиши маълум қилинди.
Айни пайтда шаҳар ҳокимлигида ушбу масала юзасидан алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, тадбиркорларга кўмак бериш бўйича чоралар ишлаб чиқилмоқда.

loading...