Самарқанддаги кўп қаватли уйларнинг 62 минг хонадонидан 3 мингтасигина иситиш тизимига эга

0
Кўп қаватли уйлардаги 59 минг хонадон асосан, газ плитаси ёки электр энергияси билан иситилмоқда.
Бу ҳақда Самарқанд вилояти матбуот уйида ўтказилган матбуот анжумани чоғида “ Ҳудудгаз Самарқанд” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Холмурод Бобомуродов маълумот берди.
– Ҳаво ҳарорати пасайиб кетгани оқибатида аҳоли уйини газ плитасини ёқиб қўйиб иситишга ёки ёки қўлбола иситиш воситаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда, – деди Х.Бобомуродов. – Албатта, бу ўша уйда яшовчилар учун хавфли, ёнғин ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқиши мумкин. Бу борада аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда, аммо одамлар мажбурликдан шундай йўл тутмоқда. Натижада вилоят бўйича аҳоли хонадонларида 3 миллион 250 минг метр куб ўрнига 14 миллион 750 минг метр куб газ сарфланмоқда. Яна бир томони, 2018 йилда вилоятимизда 75 гектар майдонда иссиқхона бор эди. Ўтган йил эса иссиқхоналар майдони 154 гектардан ошди. Бу иссиқхоналар ҳам аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш, вилоятимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун зарур. Айни пайтда мазкур иссиқхоналарда буюртма бўйича, шунингдек, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб маҳсулот етиштирилмоқда. Шу сабабли уларга ҳам табиий газ етказиб беришга тўғри келмоқда. Ваҳоланки, қишнинг совуқ кунларида табиий газ асоcан аҳоли хонадонларига етказиб берилиши ва иссиқхоналарда муқобил энергия воситаларидан, яъни захирадаги ёқилғи фондидан фойдаланиш талаб этилади. Афсуски, бугун уларнинг аксарияти захира фондига эга эмас. Шунга қарамай, ҳозирда асосий эътиборимиз аҳолига табиий газ, газ етиб бормаган ёки босим пасайиб кетган ҳудудларга суюлтирилган газ етказиб беришга қаратилган. 1800 дан ортиқ кафолатланмаган истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган.
photo5274004601953168720.jpg
Матбуот анжуманида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош директори Умар Жўраев ҳам айни пайтда вилоятда аҳолига электр энергияси етказиб беришда юзага келаётган муаммолар, жорий йил учун белгиланган режалар ҳақида маълумот берди.
У.Жўраев бугунги кунда вилоятда электр энергияси етказиб беришда кўп узилишлар кузатилаётгани қайд этиб, бу қиш мавсумида эҳтиёжнинг юқорилиги ва электр тармоқларига юкламаларнинг ошиб кетиши билан боғлиқлигини таъкидлади.
– Ўтган йил январда вилоятимизнинг электр энергиясига бўлган ойлик эҳтиёжи 450 миллион киловат соат эди, бу йил эса 500 миллион киловат соатни ташкил этмоқда – деди У.Жўраев. – Ҳозирда ушбу миқдордаги электр энергиясини оляпмиз, аммо истеъмолчиларга етказиб беришда муаммолар юзага келмоқда. Сабаби айни пайтда вилоятимизда мавжуд 570 мингдан ортиқ симёғочнинг 65 фоизи муддатини ўтаб бўлган, алмаштирилиши лозим. Шунингдек, 11 мингдан ортиқ трансформатор пунктларимизнинг ҳам асосий қисми белгиланган меъёрдан юқори юкламалар билан ишламоқда. Бу эса электр тармоқларида тез-тез авариялар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини босқичма-босқич янгилаш бўйича дастурларимиз бор ва шу асосида иш олиб боряпмиз. 2019 йилда қишлоқ жойларида 854 километр ҳаво тармоқлари, 266 та трансформатор пункти янгиланди. Бу йил ҳам ушбу рақамларни икки баробар ошириш кўзда тутилган.
Матбуот анжумани давомида иккала идора раҳбарлари журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарди.
uza.uz
loading...