Ўзбекистондаги энг катта полигонда навоийлик ёшлар меҳмон бўлди

0

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан Каттақўрғон округ полигонида Навоий вилояти ҳокимлиги, Ички ишлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Навоий вилояти ёшларини Ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Ёшлар бизнинг эртанги кунимиз” шиори остида ҳарбий-амалий, маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилди.

Навоий вилоятидан Самарқанд вилоятида жойлашган Каттақўрғон округ полигонига ташриф буюрган ёшларни Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олди. Шундан сўнг, ўқувчи ёшларга полигонда ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар яқиндан таништирилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матубуот хизмати хабар берди.

Полигон бўйлаб саёҳат қилган ёшлар ўқув биноси, кутубхона, тиббиёт пункти, ётоқхона, ошхона, спорт мажмуаси ҳамда панорамали отиш мажмуасида бўлди. Хусусан, панорамали отиш мажмуасида ҳарбийлар ва ёшлар ўзаро фикр алмашиниб ўқув машғулотларини олиб борди.

Шундан сўнг дала ўқув майдонида ҳарбий техникалар ва қурол аслаҳалар кўргазмаси намойиши бўлиб ўтди. Унда ёшларга ҳар бир қурол-аслаҳа ва техникаларнинг хусусияти ва ўзига хос жиҳатлари борасида маълумотлар берилди. Шунингдек, жанговар тайёргарлик бошқарув пунктидан туриб ўқув нуқталари кузатиб боришди ва қўл жанги эелементларидан баҳраманд бўлишди.

Тадбир доирасида Ватанни ҳимоя қилиш машаққатли ва шарафли бурч эканлигини чуқур англаган навоийлик ёшлар Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов билан учрашиб ўзаро суҳбатлашди. Унда бугунги кунда миллий армиямиз салоҳияти, ўзгариш ва янгиланишлар, муддатли ҳарбий хизматга бориш ва имтиёзларга эга бўлиш ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

Учрашув доирасида ёшлар Ватанни мадҳ этувчи шеърлари билан барчага кўтаринки кайфият улашди ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 

 

 

loading...