Энг қиммат компаниялар рейтинги эълон қилинди

0

Компаниялар рейтинги бўйича энг сўнгги Brand Finance Global 500 ҳисоботи тақдим қилинди. Унга кўра, қиймати қарийб 220.7 миллиард доллар деб тахмин қилинаётган Amazon кетма-кет учинчи йил энг қиммат бренд бўлиб қолмоқда.

Жефф Безос асос солган компания қиймати 200 миллиард доллардан ошган илк компания ҳисобланади. Ўтган йилги айни ҳисобот натижаларига таққосланганда, Amazon бир йил ичида 17.5% ўсишга эришган.

Ушбу кўрсаткичга компаниянинг булутли ва стриминг хизматлари, истеъмол электроникаси ҳамда логистика соҳаларидаги фаолиятини кенгайтиргани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Энг қиммат ўнта бренд рўйхатининг топ учталигида 159.7 миллиард долларлик Google ҳамда 140.5 миллиардлик Apple турибди.

Кейинги ўринларни мос равишда Microsoft (117 миллиард доллар), Samsung (94.4 миллиард доллар) лар эгаллаган. Қиймати 79.5 миллиард долларга баҳоланган Facebook эса еттинчида. Сўнгги поғона Huaweiга насиб қилди.

Юқори поғоналарни эгаллаган 46 та технокомпаниянинг умумий қиймати 986.5 миллиард долларга тенг бўлди.

Телекоммуникация секторидаги компаниялар қиймати эса сезирларли даражада тушиб кетди. Бунда WhatsApp каби тезкор хабарлашув иловалари сабаб SMS ва овозли қўнғироқларга бўлган талабнинг тушиб кетгани асосий омил бўлиб қолмоқда. Масалан, AT&Tнинг бренд қиймати 32% га пастлади. Бироқ 5G телекоммуникация операторларининг вазиятини ўнглаши мумкин.

loading...