ГЎДАК УВОЛИ…

0

 

Туғилажак фарзанд ҳар қандай онанинг қалбини юмшатиб, меҳрини қўзғайди. Аёл фарзандига боққанда ўзини дунёда энг қудратли инсон дея ҳис эта бошлайди. Шу лаҳзаларда ундан-да мунис, саховатлиси бўлмайди. Бу қадар улкан бахтдан қувончи ёруғ дунёга сиғмайди.

Фароғатга ҳам бу туйғулар бегона эмасди. Афсус… Номус йўл бермади…

 

* * *

 

Туш пайти. Ёз иссиғида гўдагини қучоқлаганча буғдойзор оралаб бораётган Фароғат нуқул атрофга аланглар, худди ортидан кимдир қувлаб келаётгандек сал қурса югурай дерди.

Гўдак эса қорни очганиданми, ё ҳаммасини сезибми, биғ-биғ йиғларди.

— Вой-вой-ей, биғиллайвермасанг-чи сенам! — кўз ёшларини чақалоқнинг йўргагига арта-арта сўзланиб борарди Фароғат. — Юрагимни қон қилиб юбординг-ку! Ҳозиргина эмизган бўлсам! Нега йиғлайверасан?

Кошки чақалоқ бу нолишларга тушунса. Қаттиқроқ чинқира бошлади. Юраги қинидан чиқиб кетай деб бораётган Фароғат охири тўхтади.

— Йўқ, — ҳайқирди буғдойзорни бошига кўтариб. — Бундай қила олмайман. Ҳосил акамнинг олдига яна бир марта бориб кўраман. Агар инсофи бўлса ёрдам қўлини чўзар. Йўқса… Ёрдам беради. Бермай қаерга борарди?!. Боласи-ку! Кеча жаҳли чиқиб турган бўлса керак. Шунинг учун «йўқот» деб зарда қилди шекилли. Болажоним, юр, ҳозир дадангнинг ишхонасига борамиз. Ажабмас, сени кўриб юраги юмшаса. Ҳа-а, сени кўрса-чи, қўлига олиб эркалайди, айлантириб-айлантириб сени ўйнатади. Ҳозир… Сени ўзим эмизиб қўяй…

 

* * *

 

Тўқув фабрикаси эшигидан ўтгач, Фароғатнинг юраги потирлаб, тиззаларида титроқ турди.

Уни фабрикада цех бошлиғи бўлиб ишлайдиган Ҳосил акасининг қандай қарши олиши ташвишга соларди. Худо кўрсатмасин, ўтган галгига ўхшаб уришиб ташласа, адойи тамом бўлишини ўйлаб сиқиларди.

Фароғат кириш эшигага яқин келиб телефон гўшагини кўтарди ва керакли рақамларни терди. Зум ўтмай гўшакдан Ҳосил акасининг дағал товуши эшитилди.

— Ким у?

— Бу… Мен… йўқ, биз, Ҳосил ака! — зўрға жавоб бера олди Фароғат.

— Ҳа, сенмидинг? Нима бўлди? Мен айтган ишни қилдингми?..

— Илтимос, бир дақиқага чиқиб кетинг! Г-гапим бориди-да!..

— Сендан гап сўрадим! — янада дағалроқ товушда сўз қотди Ҳосил. — Мен айтган ишни қилдингми ё юрибсанми ҳалиям судралиб?

— Қ-қизингизни олиб келгандим. — деди Фароғат синиқ овозда. — Бир кўрсатиб кетмоқчийдим.

— Нима?.. Вей, сенга айтдим-ку йўқот деб! Тамом, бошқа келма ишхонамга!

— Ялинаман, Худо хайрингизни берсин! Бир сонияга бўлсаям чиқиб кетинг!

— Вей, кўрганлар нима дейди-а? — уни қайириб ташлади Ҳосил. — Олдин ўйлаш керак эди. Энди қилар ишни қилиб қўйиб…

— Нима? Нима қилибман? — Фароғат йиғлаб юборди. — Айбим сизни севганимми? Нега хўрлайсиз?..

— Тамом! Болани йўқотсанг, кейин келасан олдимга. Унгача фабрикада қорангни кўрмай!..

Гўшакдан ту-тулаган овоз эшитила бошлагач, Фароғат ҳўнграб йиғлаганча ортга қайтди. Гўдак ҳам ниманидир сезган каби онасига жўр бўлди.

 

* * *

 

— Туғилмай ҳар нарса бўлгин, болам! — Фароғат тарвузи қўлдан тушган одамдек бўшашганча тағин кимсасиз буғдойзорга келиб тут остига чўкди.

Буғдойзордан сал нарида қишлоққа олиб борадиган катта йўл ўтган. Маҳалласигача жуда борса бир ярим чақирим келади. Башарти кимдир йўлдан ўтиб қолса, тут остида чўнтайиб ўтирганча қўлидаги гўдакка алам аралаш тикилиб қолган Фароғатга кўзи тушиши тайин эди. Шу боис унинг юраги така-пука, ҳадеганда йўл тарафга назар ташлаб, безовталанарди. Аслида Фароғат чалкаш хаёллар гирдобида қолиб ўртанарди. Нима қилишни, қандай йўл тутишни билмай ҳалак эди.

«Мана сизга севги, муҳаббат, куйдим-ёндим деб елиб-югуришлар! — дерди хаёлан. — Ғўрлик қилдим, бир ярамаснинг ваъдаларига учдим. Энди-чи?.. Онам шўрлик маҳаллада нима деган одам бўлади? Ўзим-чи? Онамнинг, дугоналаримнинг кўзига қандай қарайман? Майли, узоқ қариндошимизникида бекиниб-пусиб шунча вақтни ўтказдим. Агар қўлимда бола билан кириб борсам, юмдалаб ташламайдими онам? Нима қилай?.. Додимни кимга айтай?.. Бу гўдакни қучоқлаб қай эшикка бош суқиб бораман? Ким ҳам сиғдирарди?!. Турмушга чиқмай туғиб қўйганимдан хабар топса, ҳар қандай шафқатли одам ҳам мендан юз ўгиради. Худо жазонгни берсин илойим, номард! Сен мени шу кунларга солдингми, сенгаям боққан бало бордир… Йўқ, шошилишим керак. Биров-ярим кўриб қолса, шармандаи шармисор бўламан. Бундай шармандаликдан кўра, ўлганим яхши… Кўришмаса, билмай қолишса бас. Бу гўдагимни қайсидир меҳрибон одам топиб олар. Топмаса, пешонасидан кўрсин!..»

Фароғат сўнгги бор гўдакнинг қорнини тўйдирди-да, икки юзидан ўпиб буғдойзор ўртасига борди.

Олдинига яна бир бор теваракка аланглади. Жимжитлик. Ора-сирада қушларнинг чуғур-чуғури қулоққа чалинарди, холос.

— Мени кечир, болажон! — шивирлади йўргакдаги чақалоқни ерга ётқизаркан Фароғат. — Билмай қолдим. Ёлғон севгига маст бўлиб сени дунёга келтириб қўйибман, кечир! Лекин… Ишон, сени албатта топишади. Меҳрибон ота-онанг сени парвариш қилиб, вояга етказишларига ишонаман. Кўнглим сезиб турибди. Бу далада узоқ қолиб кетмайсан. Кечир!

Фароғат шундай деди-ю, кўзларидан қуйилиб келаётган ёшни енгига артиб шартта бурилди-да, йўл томон чопа кетди.

То узоқлашиб кетгунча чақалоқнинг биғиллаб йиғлаши қулоғига чалиниб турди. Гўдак товуши ҳар қулоғига урилганда юраги санчиб, нафаси қайтди. Ўзи билмаган ҳолда лабларини тишлаб-тишлаб олди. Бироқ ортга қайтмади. Ўзига бўйсунмаётган оёқларини мажбуран судраганча автобус бекати томон кетди.

 

* * *

 

«Ҳаммаси тамом! — ўйлади Фароғат автобусга ўтиргач. — Энди менинг ҳеч кимга керагим йўқ. Уйимдан, ватанимдан мосуво бўлдим. Шаҳарга бораман. Иш топаман. Шунда чалғийман. Унутаман. Ҳаммаси ўтиб кетади. Қайтадан ҳаёт бошлайман. Буёғини пешонамдан кўрдим. Фақат болам яхши одамлар қўлига тушса бас. Қолганига чидайман…»

Бир соатча йўл юриб Фароғат шаҳарга ҳам етиб келди. Хўш, энди нима қилади? Қаердан иш топади?

— Тўхта, — деди у қатор ошхоналар томон кўз ташлаб. — Мен тенги қизлар шу ерларда ишлаб юришганини кўп кўрганман. Балки бўш ўрин бордир?

Ошхоналардан бирига кирди-да, тўрда ҳисоб-китоб билан машғул хомсемиз аёлга яқинлашди.

— Кечирасиз, опа, — деди паст овозда Фароғат. — Мабодо сизларга официантками, фаррошми керак эмасмиди?

Аёл унга бошдан-оёқ разм солиб турди-да, сўради:

— Қишлоқдан келдингизми?

— Ҳ-ҳа, — жавоб қилди Фароғат тутилиб. — Ўқишга… келувдим. Пулга қийналиб қолдим. Шунга…

— Йўқ, — деди аёл қатъий оҳангда. — Ҳозир бизда бўш ўринлар йўқ. Ҳаммаси банд. Бошқа ошхоналарга кириб кўринг, балки топилиб қолар.

Фароғат ҳафсаласи пир бўлгандек бўшашганча чиқиб кетди. Шу кўйи бир соатча иш қидирди. Кошки топила қолса. Юра-юра, кунни ҳам кеч қилди. Энди унга жой ташвиши тушганди. Меҳмонхонага кирай деса, ёнида пули кам.

Нима қилишни билмай вокзалга борди. Бу ерда ҳам бўш ўриндиқ анқонинг уруғи экан. Қорни таталаб бораётганини ҳис этиб ташқаридаги бетон устига чўкди.

Алоҳол сийналари сутга тўлиб вужудида симиллаган оғриқ туйди ва тишини тишига қўйиб кўзларини юмди.

Қанча ўтиргани ёдида йўқ. Кимнингдир дўриллаган товушидан сесканиб кўзини очди.

Қаршисида икки милиционер турарди.

Фароғат юраги ғаш тортиб қўрқа-писа ўрнидан турди.

— Синглим, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — қўлидаги суратга бир қараб олди-да, сўради милиционерлардан бири.

— Мен… Шунчаки…

Фароғат азбаройи қўрқиб кетганидан қандай жавоб беришни билмай каловланиб қолди.

— Қани, ҳужжатларингизни кўриб қўяйлик-чи! — деди иккинчи милиционер Фароғатга нафрат аралаш боқиб.

— Ҳужжат?.. Менда ҳужжат йўқ. — деди Фароғат ер чизиб.

— Шунақами? Унда биз билан юринг! — буюрди милиционер. — Тез бўлинг!..

Фароғат «энди қамаб қўйишади! Тамом бўлдим» деб ўйлаганди. Лекин уни машинада милиция бўлимига эмас, туғруқхонага олиб боришди. Шундагина у тушуниб етди.

«Демак, болани топишибди. — кўнглидан ўтказди Фаароғат. — Пешонам қурсин, энди бола туққаним бошимга бало бўлмасайди!..»

Буниси ҳолва экан. Ичкарига кириб чақалоқни кўрсатишганда Фароғат бўларича бўлди. Кўзи тиниб, мияси ғувиллади. Аммо йиқилмади. Иложи борича ўзини тутиб тик оёқда туришга уринди.

— Бу бола сизникими? — сўради милиционер. — Гапиринг! Сизникими бола?

Фароғат базўр бош қимирлатиб тасдиқлади.

— Уятсиз! — рўпарасида кўзларидан гўёки ўт чақнаб турган бош врач аста Фароғатга яқинлашди. — Шу ниятинг боракан, ўлармидинг туққанингдан кейин бизга бир оғиз айтсанг? Ё тилинг танглайингга ёпишиб қолганмиди?

— Майли, опажон, қизишманг! — дея бош врачни тинчлантиришди милиционерлар бараварига. — Бу аёл устидан жиноий иш қўзғатилади…

 

ЭСЛАТМА:

 

Воқеа ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган.

Фароғат суд ҳукми билан оналик ҳуқуқидан маҳрум этилди ва қасддан одам ўлдиришга уринганликда айбланиб маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...