Хитойнинг Хубей вилояти ҳукумати 2 февраль куни никоҳлар рўйхатдан ўтказилмаслигини маълум қилди

0

Коронавирус тарқалган Хубей вилоятининг Фуқаролик маъмурияти бошқармаси 2 февралга режалаштирилган никоҳларни бекор қилди, деб хабар беради «РИА Новости».

Хитойдаги кўплаб севишганлар ўз тўйини 02.02.2020 санасида рўйхатдан ўтказишни режалаштирган эди. Чунки минг йилда бир маротаба келадиган ушбу рақамлар кетма-кетлиги Хитой тилида «мен сени севаман, сени севаман» жумласига оҳангдош.

Аввалига 2 февраль санаси дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан вилоят раҳбарияти никоҳни қайд этиш учун аризаларни қабул қила бошланганди.

«Янги турдаги коронавируснинг олдини олиш ва тарқатмаслик бўйича штаб талабларига биноан, вилоят ҳудудида 2 февралга режалаштирилган никоҳларни рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Шунга қарамай, эпидемия ўчоғи ҳисобланган Ухань шаҳри Фуқаролик ҳолатини рўйхатга олиш бошқармаси никоҳларни давлат хизматлари сайти орқали рўйхатдан ўтказиш мумкинлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойдаги коронавирус эпидемияси сабаб Ухань шаҳрига кириш ва ундан чиқиш ҳозирча тақиқланган, шаҳар карантин остида.

 

Ўзбекистонда ҳозирча коронавирус билан касалланиш ҳолатлари расман қайд этилгани йўқ. Мамлакат аэропортларида касалликка қарши хавфсизлик чоралари кўрилган, хусусан, куни кеча Хитойдан қайтариб олиб келинган ўзбекистонлик талабалар аэропортнинг ўзидаёқ жиддий текширувдан ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди.

 

daryo.uz

loading...