Индонезияда тимсоҳ уч йилдан бери бўйнида баллон илган ҳолда яшамоқда…

0

 

Индонезиянинг Сулавеси ороли ёнидан ўтган Палу дарёсида сиам тимсоҳлари кўп. Улардан бирининг бўйнига 2016 йили кутилмаганда скутер ёки мопед баллони кириб қолган. Ҳайвон-да, роса ҳаракат қилган. Аммо бўйнидаги баллонни олиб ташлай олмаган. Баллон шунчаки илиниб турса-ку майли, у тимсоҳнинг нафас олишига жиддий халал беради. Азбаройи ҳаво етмаслигидан оғзини доимий тарзда каппа очиб юришга мажбур бўлади. Нимаям қилсин? Тимсоҳ уч йилдан бери бўғилган ҳолда яшашга мажбур бўлмоқда.

Мутахассислар қандайдир йўл билан баллонни унинг бўйнидан олиб ташлашга ҳаракат қилишмоқда. Лекин бунинг учун жониворни соҳилга олиб чиқиш керак. Агар дарё ўртасида унга ухлатадиган укол қилишса, соҳилга чиқиш ўрнига сув остига ғарқ бўлиши тайин экан. Тимсоҳнинг ўзи ҳам соҳилга чиқа қолай демайди.

Олимларнинг фикрича, сиам тимсоҳлари тинчликсевар, оғир-босиқ. Одамга фақат ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳужум қилиши мумкин. Агар тегмасангиз, у ҳам сизни безовта қилмайди. Сиам тимсоҳларининг қонидан саратон ва қандли диабет хасталикларига қарши дорилар тайёрланади. Гўшти эса жануби-шарқий Осиё давлатларида деликатес ҳисобланади ва у қўй гўштидан ҳам мазалироқ.

 

loading...