150 минг сўм учун уйини фоҳишахонага айлантирган “она”

0

Аёллик шаънига лой чаплаётган бундай кимсалар ҳақида эшитсанг, “Наҳот фарзандларининг эртасини ўйламади? Ёки ота-онасининг, яқинларининг юзини ерга қаратишдан уялмади?” деган ўй келади хаёлингга. Аммо ҳаёт синовларидан ўтолмаган бу каби қўштирноқ ичидаги ожизалар доим оналик ва аёллик номига доғ туширишга қодир экан…

Самира Маматқулова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳаётда енгил табиатли аёллардан бўлиб чиқди.

Ёмон аёлларга қўшилди, фоҳишаликни касб қилиб олди. Дугоналари билан тонггача тунги клубларда санғиди. Икки фарзандини икки эркакдан орттирди. Буям етмагандай кейинги пайтда қўшмачилик билан шуғуллана бошлади.

Куз кунларининг бирида унга таниши Дилнура қўнғироқ қилди.

— Ўртоқжон, яхшимисан, ишларинг яхшими, мижозларинг йўқлаб турибдими?

— Ҳмм… яхши, ўзинг қалайсан?

— Шу десанг бир «бойвучча»ни илинтиргандим, бирон соатга уйингни бериб турсанг…

— Ҳа, шундайми, бақувватми ишқилиб?

— Борганда кўрасан…

Ўша куни кечки пайт (2019 йил ноябрь ойи) Дилнура «ошиғи» билан Самиранинг хонадони эшигини қоқди.

Самира уларга уйидан жой қилиб берди. Бунинг учун Дилнурадан 150 минг сўм санаб олди. Ошиқлар Самира кўрсатган хонага кириб кетишди…

Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади.

«Ким бўлдийкин, бемаҳалда?» — Самира бориб эшикни очди.

— Ички ишлар бўлимиданмиз, тезкор тадбир ўтказяпмиз, — дея ўзини таништирди кутилмаган меҳмон.

Улар Самирани жиноят устида қўлга туширишди. Олинган пуллар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, судга оширилди.

Судда С.Маматқулова биринчи марта бунақа иш қилганини, пул керак бўлгани учун мажбур бўлганлигини, бошқа бу ҳол такрорланмаслигини айтди.

Суд С.Маматқулова ҳаракатларини фоҳишахона ташкил қилиш ва уни сақлашда ифодаланган қилмиш деб Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топди. Унга нисбатан 1 йил муддатга озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.

Ҳа, азизлар, жиноятга жазо муқаррар. Аммо фарзандларда нима айб? Уларнинг эртаси энди нима бўлади? Шу каби саволлар бизни ўйлантиради, мушоҳада қилишга чорлайди. Зеро, ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин…

Шоҳрух МИРЗААҲМЕДОВ

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси

 

loading...