Коронавирус қурбонлари 97 нафарга ортди. Вирусга расмий ном берилди

0

Бугун, 12 февраль ҳолатига Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус қурбонлари сони 1115 нафарга етиб, кечагига нисбатан 97 нафарга кўпайди. Қурбонларнинг фақатгина икки нафари Хитойдан ташқарида вафот этган.

Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 2072нафарга ортиб, 45 171 нафарга етди. Беморларнинг 44 653 нафари Хитойда қайд этилган. Қолганлари дунёнинг 27 давлатида аниқланган.

Коронавирусдан даволанганлар сони 4794 нафарга етди. Бу кўрсаткич кеча 4043 нафарга тенг эди. Беморларнинг 8216 нафарининг (21 фоиз) аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди. Шунингдек, ЖССТ коронавирусга қарши вакцина  18 ойдан кейингина пайдо бўлиши мумкинлиги айтди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.

 

qalampir.uz

loading...