Ўзининг авлиё эканини билмайдиганлар бор…

0

Мўътазилийлар кароматни буткул инкор қиладилар. Мусулмон умматидаги саводи аъзам бўлган аҳли сунна ва-л-жамоа эса кароматни ҳақ деб билади ва бунга нақлу ақлдан етарлича далил-ҳужжатларга эга. Каромат турли даражаларда бўлади. Ҳатто, дуонинг ижобат қилиниши ҳам кароматлар сирасига киради. Шунингдек, одатий ҳолатга хилоф тарзда воқеъ бўлувчи ҳолатлар кўринишида ҳам намоён бўлади.

Валий инсон ўзининг валий эканлигини ҳеч қачон билмаслиги ҳам мумкин. Кароматлар мўъжизалар каби ажабтовур ва хориқул одат кўринишда содир бўлиши мумкин. Фақат  Пайғамбарлардан содир бўлгани мўъжиза, валийлардан содир бўлгани эса каромат дейилади.

Каромат ҳам мўъжиза каби Аллоҳнинг иши ҳисобланади. Лекин, тафзил ва инъом ўлароқ Аллоҳ уни ўзи истаган бандаси орқали амалга оширади. Баъзи олимлар кароматни валий зот ўзи истаган пайтда кўрсатолмайди балки, Аллоҳ хоҳлаган пайтда вуқуъ этади, десалар бошқалар: «валийлар ўзлари истаган пайтда ҳам каромат кўрсатишлари мумкин«, деб ҳисоблайдилар.

Мўъжизалар пайғамбарларнинг нубувват чақириғига одамларни ишонтириш учун берилганлиги туфайли пайғамбарлар халойиққа уни кўрсатишлари керак. Валийларда эса акси, улар ҳеч кимни ўзларининг валий эканликларига ишонтиришга чақирмасликлари лозим.

Ҳақиқий валий ҳеч қачон ўзининг валий эканлигини иддао қилмайди. Балки, ўзини бу даражага чиққанини умрбод билмаслиги ва ўзини гуноҳкор санаб, паст санаб, ўз нафси билан машғул бўлиб юриши мумкин.

Орифлар доим ўз нафслари билан машғул бўлганлар, тавозени лозим тутганлар, ахлоқи ҳасана билан безанганлар, ибодатни хушу ва хузу билан адо этганлар. 

Улар қаерда қандай йўл тутишни ҳам яхши билганлар. Орифлар фаросат, басират, амалда мувозанат, оддийлик ва чуқур фаҳм билан ажралиб турадилар.

Кишини валий даражасига етказувчи асосий нарса тақво ва ихлосдир. Шунинг учун ҳам ўтган салафларимиз қалб поклигига, амалда ихлосли бўлишга, нафс иллатларидан сақланишга бениҳоя ҳарис бўлганлар. Улар ўзини ёқтирувчи, ўзига бино қўйган, кибрли ва жаббор бўлмаганлар балки, ўз нафсини мудом тергайдиган, ўзини доимо гуноҳкор ҳис этадиган, ғоят камтарин, ўта камсуқум ва бошқа ҳар кимни ўзларидан афзал деб билишга одатланган инсонлардан бўлганлар.

Ҳақиқий ориф ва валий зотлар ўз шогирдларини ўзлари борасида муболаға ва ғулувга кетишдан доим огоҳлантирганлар. Улар ўзларига алоҳида тахт ўрнатиб, муридларини оёқлари остига сажда қилдирмаганлар.

 

azon.uz

loading...