БИЛАСИЗМИ?..

0

 

 

ФЕВРАЛ ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТЛАР

 

1. Нега феврал энг қисқа ой ҳисобланади? Маълумки, биз ўрганиб қолган тақвим аслида Қадимий Римдан бизгача етиб келган. Юлий Цезар фармонига кўра, жуфт ойлар 30, тоқ ойлар эса бир кунга кўпроқ этиб белгиланган. Феврал эса йилнинг сўнгги ойи бўлган. Унга 29 кунгина ажратилган. Эрамиздан аввалги 14- йилда Октавиан Август ўлимидан кейин шу номдаги ойга яна бир кун қўшишга аҳд қилишган. Кўрибсизки, феврал 28 кунга тушиб қолган. 29- кун эса 4 йилда бир марта келадиган бўлган.

2. 1929 йили собиқ советлар календарни ислоҳ қилиш ҳаракатига тушган. Режага кўра, бир йил 72 та беш кунликдан иборат бўлиши лозим эди. Шунда бир йил 360 кунга тўғри келарди. Агар режа амалга ошса, феврал тўлиқ 30 кундан иборат бўлиши лозим эди. Аммо бу режа амалга ошмади. 1931 йили календарни яна асл ҳолига қайтаришди.

3. Ҳар йили АҚШ ва Канадада 2 феврал куни юмронқозиқ куни байрам қилинади. Шу куни инидан чиқиб келган юмронқозиққа қараб баҳор қачон келишини тахминлашади. Агар ҳаво айниган, булутли бўлса, юмронқозиқ ўз соясини кўрмайди ва инидан дадил чиқиб келади. Башарти қуёшли кун бўлса, юмронқозиқ ўз соясини кўради-ю, дарҳол инига қайтади. Бу илиқ ҳаво келишига ҳали вақт бор дегани экан.

4. Одатда феврал ойида айиқлар болалайди. Оқ айиқ эса феврал охирида Халқаро қутб айиғи кунини нишонлайди. Ҳозирги кунда оқ айиқлар дунё бўйича 25 000 тагина қолган. Улар шимолий қутб иқлимига аллақачон мослашиб бўлишган. Худо кўрсатмасин, Арктика музликлари катта тезликда эрий бошласа, оқ айиқлар сони кескин камайиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

5. Астрологлар фикрича 29 феврал куни дунёга келган одам ўзининг чуқур фикрлаши ва қўшимча туғма қобилиятлари билан бошқалардан ажралиб тураркан.

6. Тасмания собиқ бош вазири Жеймс Милн Уилсон 29 февралда туғилган ва шу куни оламдан ўтган. Фақат бу икки воқеа орасидаги фарқ 68 йилдан иборат. Яъни, у 1812 йили туғилган, 1880 йили оламдан ўтган.

7. Францияда чоп этиладиган «Сапёр шами» кўнгилочар газетаси саҳифаларида кроссворд бериб борилади. Жавобини кейинги сонда кўриш мумкин бўлади. Кейинги сони эса орадан 4 йил ўтгач, нашрдан чиқади. Гап шундаки, бу газета фақат 29 феврал куни чоп этилади. Унинг илк сони 1980 йили сотувга чиққан.

8. Агар бизнинг юртларда феврал ойида қор ёғса, совуқ қутурса, Антарктидада айни шу ой қисқа муддат давом этувчи ёз фасли ҳукм суради.

9. Россия императори Петр Биринчи 1724 йил 8 феврал куни Фанлар академияси ташкил этиш ҳақида фармон берган. Орадан роппа-роса 1 йил ўтиб, 1725 йил 8 феврал куни вафот этган. Академиклар академияни ишга туширишга улгуришмаган, ҳануз Европадан таниқли олимларни жалб этиш ҳаракатида юрган эдилар.

10. Қадимгилар айнан феврал ойи қандай ўтишига қараб баҳор ҳамда куздаги об-ҳавони тахминлашган. Агар феврал илиқ келган бўлса, мўл ҳосилдан умид қилиш бефойда деб ҳисоблашган. Шу сабабли туну-кун худодан феврал ойи учун катта қор, қаттол совуқ сўрашган.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...