ТИББИЁТ ХАБАРЛАРИ ҚИСҚА САТРЛАРДА…

0

 

 

ЖИГАР САРАТОНИНИНГ ДАСТЛАБКИ БЕЛГИЛАРИ

 

Онкологик хасталикларни ҳар доим ҳам илк босқичида аниқлаб бўлмайди. Аксар ҳолатларда бу хасталик дастлабки белгиларсиз ривожланади. Олимлар жигар саратонининг илк белгиларини аниқлашди ва кенг омма эътиборига ҳавола этишди. Уларнинг айтишича, жигар саратонининг дастлабки белгиси шуки, ўнг тараф, қориндан тепада оғриқ пайдо бўлади. Ана шунда ҳушёрликни ошириш зарур. Бундан ташқари, иштаҳа йўқолади ёки одам жуда кам овқат ейдиган бўлиб боради. Яна жигар саратонининг дастлабки белгиларига кўнгил айниши, қусиш, қорин атрофида шишлар пайдо бўлиши киради.

 

КАМ ҲАРАКАТЛАНИШ ЎСМИРНИ ДЕПРЕССИЯГА УЧРАТАДИ

 

Шу ҳақда дунё олимлари алоҳида таъкидлашмоқда. Уларнинг тадқиқот натижалари юқоридаги фикрни тўлиқ исботлади. Агар вояга етмаган ўсмир бир жойда узоқ ўтирса, масалан, куни билан компьютер қаршисида ўтирса, ёки телефон ўйнаш билан банд бўлса, 18 ёшга етиб-етмай депрессиядан азоб чека бошларкан. Кам ҳаракатланиш унинг марказий асаб тизимига жиддий зиён етказади. У паришонхотир бўлиб қолади. Диққат-эътибор сусаяди. Хотира заифлаша боради. Бунинг олдини олиш учун эса бир жойда кўп ўтирадиган бола кунига бир неча марта тоза ҳавода сайр қилиши, ёки турли ўйинлар билан чалғиши, бир сўз билан айтганда, ҳаракатлар содир этиши лозим экан.

 

ТЕСТОСТЕРОННИНГ ЮҚОРИ ДАРАЖАСИ АЁЛНИ ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА УЧРАТИШИ МУМКИН

 

Кембриж университети олимлари шу масалада алоҳида изланишлар олиб боришди. Маълум бўлишича, аёллар организмида тестостерон даражасининг юқорилаб кетиши оқибатда қандли диабетнинг хавфли турига учратиши мумкин экан. Эркак организмида бу гормонар даражаси юқори бўлса, аксинча, қандли диабетга учраш хавфини 15 фоизга камайтираркан. Аммо шу билан бир вақтда жинсий аъзолар хасталигини келтириб чиқараркан.

Олимлар буни жами 500 мингга яқин одамни йиллар давомида кузатиш орқали аниқлашди. Кузатувлар давомида юқорида келтирилган фактлар ўз исботини топди. Олимлар айтишдики, тестостерон гормонлари масаласида фақат мутахассис кўригидан ўтгачгина бирор ҳаракат содир этиш керак. Акс ҳолда бу гормонлар даражаси юқорилиги юрак хасталикларига ҳам учратиши эҳтимолдан холи эмас.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...