ОНАМНИ ЭСЛАБ…

0

 

 

18- февралда марҳума онам Чўлпоной Тешабой қизининг таваллуд топган куни эди. Не қилайки, яна хасталик сабаб қабрига бора олмадим ва бағримни армон тиғи тила-тила мана шу сатрларни битдим.

 

***

 

Сизни ютиб кетган тунлар муборак,

Жондан ўтиб кетган кунлар муборак,

Бўғзимда тош қотган унлар муборак,

Қабрингизга қутлаб боролмадим-ку,

Она, корингизга яролмадим-ку.

 

***

 

 

Сингилларим сиздан сўзлаб қайтарлар,

Қабристондан музлаб-музлаб қайтарлар,

Она деган сўзни бўзлаб айтарлар,

Етмиш ёшингизни кўролмадим-ку,

Бир мен корингизга яролмадим-ку!

 

***

 

 

Ҳуснда ойданам ўзаргинам-ей,

Чаккасини райҳон безаргинам-ей,

Хаста юрагимни эзаргинам-ей,

Битта райҳончалик бўлолмадим-ку,

Ҳеч йўқ чаккангизда қололмадим-ку!

 

***

 

 

Дунёи дун менга ён бера қолмас,

Ширин табассумли он бера қолмас,

Онам меҳри тўла кон бера қолмас,

Борлиғимни сизга беролмадим-ку,

Даври давронингиз суролмадим-ку.

 

***

 

 

Сабрим савил қолди сўнгги паллада,

Умид қолиб кетди маҳзун аллада,

Онасизликлардан юрагим зада,

Пойингизни кўзга суролмадим-ку,

Меҳрингиздан минор қуролмадим-ку,

Етмиш ёщингизни кўролмадим-ку!

Олимжон ҲАЙИТ

loading...