ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН КЕЧИРГАНЛАРИМ… (7-қисм)

0

 

 

* * *

 

Чамаси бир соатлар йўл босгач, ўрмоннинг қайсидир четига чиқиб қолдик. Рўпарамизда ташландиқ, эски уйлар қаторлашиб турарди.

— Буни халқда «сторожка»дейишади. — менга тушунтира бошлади қария.

— Бу нима дегани? Тушунмадим.

— Нимасини тушунмайсан? Илгарилари қишлоқ одамларга тўла эди. Аммо ҳаммалари шаҳарга кўчиб кетиб қолишган. Ҳозир адашмасам, бу ерда сен танишишинг керак бўлган аёл-у, яна нариги четда қандайдир пиёниста эркак туришади. Шундай жойларни «сторожка» дейилади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, қадимий қишлоқлар худди кампирга ўхшатилади. Бу «старушка» сўзидан олинган экан.

— Қизиқ, — дедим ҳайратим ошиб. — Бошқа ҳеч ким йўқми бу қадимий қишлоқда? Қаранг, жуда гўзал жойлар экан.

— Тирикчиликнинг мазаси бўлмагандан кейин ким ҳам қоларди бу ерда?.. Қолмайди-да!..

— Ўзи… Сиз айтган аёлнинг исми нима? Ёши нечада? Билишим керак-ку!..

Қария Шарикка бир назар ташлаб олгач, елка қисди.

— Исми Мария. Деярли сен тенги. Бўлдими?..

— Ана энди билиб олдим. — мен энгашдим-да, итни эркалаган бўлдим. — Қани, бошланг унда!..

Савелий амаки қишлоқ бошидаги уйлардан бири томон юрди. Уй эшиги деярли бузиб ташланган, ҳовлида ўрта бўйли, малла сочлари чиройли турмакланган, буғдойранг аёл дорга кир ёйиш билан банд эди.

Биз кетма-кет ичкарига қадам қўйдик.

Аёл қарияни кўрди-ю, қўлидаги кирларни тоғорага ташлади.

— Сенларга ким керак?

Нигоҳлари совуққон, захил юзли, тўладан келган бу аёлнинг муомаласини эшитиб, ҳайрон қолгандим. Савелий амаки эса бу муомалага жавобан мийиғида кулиб қўйди-да, аёлга яқин борди.

— Ҳалиям дағаллигинг қолмабди, Мария! — деди қария. — Аввал саломлашсанг бўлармиди… Ҳарқалай, меҳмон олиб келдим уйингга!

— Кўзим учиб тургани йўқ меҳмонга. — уй бекаси мени бошдан оёқ кузатган бўлди ва негадир бирдан мулойимлашди. — Ким ўзи бу? Нега меникига олиб келдинг?

— Ана энди ўзингга келдинг. — дея қария менга юзланди. — Бу йигит жуда ажойиб экан. Адашиб қолибди ўрмонда. Мусофир. Борадиган жойи йўқ. Қолаверса, сенинг бошингда бир эркак бўлса, зиён қилмас, деб ўйладим.

— Қачондан бери менга меҳрибонлик қиладиган бўлиб қолдинг, қария? — дея қўл силтади Мария. — Уйимдан сумка тўла ароқни ўмариб кетганинг эсингдан чиқдими?

— Қўй энди меҳмоннинг олдида одамни хижолат қилма! Ўтган ишга саловат. Ундан кўра, ичкарига таклиф қил. Меҳмон жуда чарчади йўл юравериб!

— Бўпти, кира қолинглар! — Мария сал юмшаб бизни ичкарига таклиф қилди.

Хона деярли бўм-бўш эди. Бурчакка икки кишилик каравот қўйилган. Дераза қаршисига ёғочдан ясалган баланд стол қўйилиб, устига идиш-товоқлар тахланибди.

Аёл бизни айвонга олиб чиқди. Биз ёғоч курсиларга ўтирдик.

— Ҳеч нарсага овора бўлма! — деди Савелий амаки. — Сенга асосий гапларни айтаман-у, кетаман.

— Нима гап? — Мария икки қўлини белига тираганча тепамизда қаддини ғоз тутиб турарди.

Савелия амаки бир-икки томоқ қириб олган бўлди-да, менга ер остидан кўз ташлади.

— Бу йигитнинг бир хислати менга жуда ёқиб тушди. — шошилмасдан гап бошлади у. — Олтин топишга уста экан. Сен буни уйингда олиб қолавер. Ҳали кунингга ярайди. Балки, бой ҳам қилиб юборар.

— Турмадан қочганми? — кутилмаганда берилган саволни эшитган қария оғир хўрсинди.

— Шунақароқ. — деди менга билинар-билинмас кўз қисиб. — Лекин ўзи ёмон йигит эмас. Мана кўрасан, уялтирмайди.

— Буни ҳали кўрамиз. — Мария рўпарадаги курсига чўкиб менга юзланди. — Хўш, нега қамалгансан?

Мен жавоб беришга шошилмадим. Елка қисиб олгач, ўзимни сал орқага ташладим.

— Нега индамайсан? — сўради Мария тоқатсизланиб. — Қўрқма, мен ҳам фаришта эмасман.

— Одам ўлдирганман.

— Қанча?

— Ҳозирча иккита.

— Ў, зўрсан-ку!.. Нега қочдинг?

— Қочдим-да!

— Майли, бунинг аҳамияти йўқ. Аммо айтиб қўяй, ёмон ниятда келган бўлсанг, адабингни ейсан. Шеркелбатлигинггаям қараб ўтирмайман.

— Бу нима деганинг? — ўрнидан туриб кетди Савелий амаки. — Айтдим-ку, зўр йигит деб!

— Хўп, сен кетаверишинг мумкин. Негадир сени кўрсам, асабим бузиляпти…

— Хўп! Хўп дедим-ку!..

Қария бу гапдан сўнг кула-кула ташқарига йўналди.

Остонага етганда, бирдан тўхтаб орқасига ўгирилди.

— Йигит, мен билан юр! Гаплашадиган гап чиқиб қолди!

Мен ўрнимдан туриб уй эгасидан узр сўраган бўлдим-да, Савелий амакига эргашдим.

 

* * *

 

Савелий амаки ёлғизоёқ сўқмоққа чиқиб олиб милтиғини қўлтиқлаганча жадал кетиб борарди.

Ҳайратим ошиб мен ҳам Шарикни эргаштирган кўйи кетидан боравердим.

Қалин бутазорлар орасига кириб бораверишда ит негадир ғингший бошлади. Мен уни тинчлантириш илинжида тўхтаб бошини бир-икки силадим. Бироқ у нуқул безовталанар, жадал кетиб бораётган қария томон тикилиб, ирилларди.

Бир маҳал Савелий амаки таққа тўхтади ва орқасига ўгирилди-да, милтиғини бизга тўғрилади.

— Отахон, бу нима қилганингиз? — қариянинг кутилмаган ҳаракатини кўриб қотиб қолгандим.

Шу сўзларни зўрға тилимга чиқара олдим. Мендан-да аввалроқ хавфни сезиб улгурган ит эса ҳура бошлади.

— Тиллаларнинг қолганиниям чиқар! — буюрди қария баланд овозда. — Нега қаққайиб турибсан? Чиқар дедим! Акс ҳолда итдай ўлиб кетасан!

— Т-тиллаларни? Нега? — мен эҳтиёткорлик билан у томон юра бошладим.

— Тўхта! Жойингдан жилма! — бақирди қария. — Тағин бир қадам ташласанг, отаман!

— Хўп, мана, тўхтадим! — дедим ўзимни босишга уриниб.

— Итингниям маҳкам ушла!

Мен олдинга интила бошлаган итни маҳкам қучиб олдим.

— Қани, чиқар тиллаларни!

— Қанақа тилла? Отахон, ҳазилни бас қилсангиз-чи! Ё мени текшириб кўрмоқчимисиз?

— Вей, келгинди, сенинг нимангни текшираман? Менга тилла керак, тилла! Бер ҳаммасини! Ёш жонингга жабр қилма! Ёшсан, ҳали бунақа тиллаларнинг кўпини топасан.

— Шунақами? Хўп, чўнтагимдан чиқариб олишга қўйинг унда!

— Фақат тезроқ бўл!

Тиллалар ички чўнтагимда эди. Энгашиб чўнтакка қўл солишга тутина бошладим.

Шунда ерда ётган каттакон тошга кўзим тушиб ҳушёр тортдим ва итни паналаб туриб тошни қўлимга олдим.

Ҳойнаҳон, қария пайқамади чоғи, индамадим.

Мен жуда эпчиллик билан ўрнимдан турдим-да, тошни Савелий амакига қарата отдим.

Мўлжалдан адашмагандим. Тош унинг елкасига тегиб ерга қулатди.

Юария елкасини чангаллаганча букчайиб қолди.

Фурсатни қўлдан бермаслигим шарт эди.

Жонҳолатда ўзимни қариянинг устига отдим ва бир қўлим билан бўйнидан маҳкам бўғиб, иккинчи қўлимни милтиққа узатдим.

У таслим бўлишни истамас, ҳарсилаб мени итқитиб ташлашга уринарди.

Йўқ, тахминан бир ярим дақиқалар ўтгач, қария қўлларини икки ёнига ташлаб, жим бўлди.

Олдинига у ҳушдан кетди деб ўйлаган эдим. Лекин юз-кўзлари тобора кўкариб бораётганини кўрдим-у, қўрқиб кетдим.

«Наҳотки ўлдириб қўйган бўлсам?»

Шу хаёл миямга урилиб, нима қилишни билмай қотиб қолдим. Аксига олгандек, ит ҳам беихтиёр увиллай бошлади.

Қалбимнинг бир четида «Ўлмагандир, ҳушини йўқотган бўлса керак», деган умид учқунлаб, қўл-оёқларим дағ-дағ титраганча қариянинг томирларини ушлаб кўрдим. Афсус… У аллақачон жон берганди.

Ўрнимдан сакраб турдим-у, худди мени кимдир таъқиб қилаётгандек телбаларча Марияникига чопдим.

— Мен ўлдириб қўйдим! Одам ўлдирдим! — йўл-йўлакай миямда фақат шу сўзларгина айланар, ортимдан чопиб келаётган Шарикни ҳам ҳис этмасдим.

— Мария! Марияхон!.. — хонада оёқларини чалиштирган кўйи сигарет чекаётган уй бекасига йиғлагудек умидвор тикилдим мен. У аҳволимни кўрди-ю, қўлидаги сигаретни кулдонга ирғитиб ўрнидан турди.

— Нима бўлди? Нега ит қувган соқовдай ҳаллослаб қолибсан? Тинчликми?

— Мен… Уни ўлдириб қўйдим! — шивирладим титраб.

— Ўлдириб қўйдим? Кимни?

— Қ-қарияни. — дедим зўрға.

— Вой, нега? Нимага ўлдирасан?

— У… Мени отиб ташламоқчийди… Олтинларимни тортиб олмоқчи бўлганди.

— Э, шунақами? Ўлса ўлибди-да!.. — Мария мени койиб ташлади. — Шунга шунча ваҳима қиляпсанми? Ё иккитасини тинчитганинг ёлғонмиди? Мени лақиллатганмидинг?

Бу савол мени ҳушёр торттирди.

Энди ўзимни босиб олмасам, хотиржам тортмасам бўлмасди. Акс ҳолда мана шу жиззаки аёл қаршисида бир тийин бўламан.

— Кечир, соҳибжамол! — дедим вужудимдаги титроқни мажбуран босиб. — Мен… Бироз шошдим шекилли… ҳаммаси яхши… Жойида…

— Менга қара, — деди Мария лабини тишлаб. — Тез мурдани йўқ қилиш керак. Билиб бўлмайди. Бу ерларга адашиб келиб қоладиганлар кўп.

— Хўп, хўп! Лекин… Қандай қилиб?..

— Юр, сенга ёрдамлашаман. Фақат анави ердаги белкуракни олвол! Гўр ковлайсан!

Мария ҳар эҳтимолга қарши Шарикни уй ичида қолдиришни буюрди. Ит ҳам нималар бўлаётганини тушунган каби ортиқча товушларсиз остонада бизни кузатиб қолди.

Мен Савелий амакининг мурдасини ўрмоннинг анча ичкарисига кўтариб бордим. Сўнгра Мария кўрсатган жойдан гўр ковладим.

Қарияни кўмишдан олдин чўнтагидаги ўзим берган олтинни олдим. Яна катмонида бир даста пул ҳам бор экан. Пулларни Марияга тутқаздим.

Жасад гўрга жойланиб, устидан тупроқ ташлангач, юзимга фотиҳа тортдим-у, ғуссага ботганча аёлнинг кетидан юрдим.

 

* * *

 

Марияникига қайтгандан кейин ҳам танамдаги титроқлар босила қолмади. Қанча сездирмасликка уринмай, барибир жавдирашларим, тез-тез бир нуқтага термулганча қолишларим панд бериб қўяверди.

— Сен турмада ўтириб чиққанга, қотилга ўхшамайсан. — Мария ўртага дастурхон ёзиб, ароқ, пиёла ва бир товоқда шўр бодринг қўйди-да, рўпарамга чўкиб менга тик боқди.

— Нега энди ўхшамас эканман? — дедим сир бой бергим келмай. — Ўтирибман-ку жим!..

— Ҳақиқий каллакесарлар-чи, қалтираб ўтиришмайди. Қуй ароқдан!..

Шоша-пиша қадаҳларни ароққа тўлдириб, бирини Марияга узатдим.

— Кел, қарияни хотирлайлик! — деди у уф тортиб. — Ер бориб етказмасин-у, бироқ ўлгудай пасткаш эди. Афсуски, ўлганларни ёмонлаб бўлмайди. Нима бўлгандаям, жойи жаннатда бўлсин! Олдик!..

Хайрият, иккинчи қадаҳдан сўнг мен ҳам дадиллашдим. Энди титрамас, аксинча, вужудим қизиб, кайфим ошиб борарди. Ҳатто, Марияни мақташга улгурдим.

— Сен унча-мунча эркакдан дадилроқ, жасурроқ экансан. — дедим кайф таъсиридами, аёлнинг ярим очиқ оппоқ сийналарига ўғринча кўз солиб. — Қолаверса, сендан яхши хотин чиқиши мумкин.

— Ҳаддингдан ошаверма. — дея бошини терс бурди Мария. — Мен бунақанги ёлғон хушомадлардан тўйган аёлман. Гапирадиган бўлсанг, тўғрисини гапир!

— Мен алдашга ўрганмаганман. — норози оҳангда жавоб қайтардим унга. — Қайси гапим ёлғон-а?..

— Билмайман. Негадир шилқим эркаклар менга ёқмайди.

— Биласанми, Мария, айт, нега бир ўзингсан? Нимага шундай қишлоқда ҳеч ким яшамайди? Нима бўлган бу ернинг одамларига?

— Ҳа-а, — хўрсина-хўрсина гап бошлади Мария. — Бир пайтлар бу қишлоқ одамга тўла эди. Айтишларича, сўнгги пайтларда қишлоқда ҳаёт кечириш оғирлашиб қолибди. Газ йўқ, чироқнинг ҳам тайини бўлмайди. Бир кун ёнса, уч кун ёнмаслиги мумкин. Нима қилсин одамлар? Қачонгача ўрмонга кириб емиш қидиради? Ҳаммалари бирин-сирин шаҳарга кўчиб кетишибди.

— Сен-чи? Қаерда эдинг?

— Менми?.. — Мария бирпас жим қолди. Нималарнидир ўйлаган, мулоҳаза қилган каби бошини сарак-сарак қилди. — Турмада эдим.

— Турмада? Йўғ-э! Бўлиши мумкинмас!

— Мумкин. Жудаям мумкин-да!.. Вей, ҳали менга етишингга-чи, анча бор!..

Пайқадим. Мариянинг кайфи ошди. Ғўлдирай бошлади. Шундай бўлса-да, жим ўтириб уни тинглашда давом этдим.

— Мен бараварига еттита маразнинг бошига етганман! — «очила» борарди у. — Ўн етти йил турмада ўтирдим. Ҳозир ўттиз бешдаман, билдингми? Умримни хазон қилганлардан ўч олганман… Аммо афсусланмайман. Чунки, тўғри иш тутдим ўшанда. Менинг ўрнимда сен бўлсанг ҳам шундай йўл тутардинг.

— Сени кимлардир зўрлаганмиди?

— Зўрлаган… Зўрлага-ан… Йўқ, уч эркак ваҳшийлик қилган… Биргалашиб номусимни поймол қилишган. ҳа-а!.. Мен ҳам қараб турмадим. Аввалига чидадим… Чидашга мажбур эдим… Сал бўш қўйишгандан сўнг ҳаммасини маст қилиб битта-биттадан дарахтга бойладим-да, бўғавердим… То ўлмагунча қўйиб юбормадим… Ҳа, шу йўл билан у маразлардан ўч олдим…

Мариянинг кўзларида ёш қалқиди. Очиғи, шу лаҳзаларда Савелий воқеаси буткул ёдимдан кўтарилган, қаршимда ўтириб йиғлаётган аёл сиймосидаги қотилни юпатишга чора топа олмасдим.

— Бу дунёда ҳақиқат йўқ! — дея давом этди Мария йиғи аралаш. — Ўша кунни эсласам, даҳшатга тушаман. Одамлар разил экан. Уларда раҳм-шафқат йўқ экан. Турмадаям тўрт марта қўлим қонга бўялди.

— У ерда нима сабабдан одам ўлдирдинг? — сўрадим мен.

— Э, нашанинг орқасидан бўлган… Қўй, ярамни янгилама! Яхшиси, қуй ароқни!

— Балки етар! — дедим бир шишага, бир Мариянинг кўзларига боқиб.

— Қуй дегандан кейин қуй-да! Бу уйда мен хўжайинман, билдингми?!.

— «Ўлиб кетмайсанми, манжалақи?» — сўкиндим ичимда. Ва зарда билан дастурхондаги қадаҳни олдим-у, атайин тўлдириб қўлига тутқаздим.

— Қани, ич! Ичмайсанми?.. бақирдим унга. — Нега қараб турибсан? Ич!

Аёл бундай муомалани кутмаганди. Жавдираб кўзларимга тикилиб турди-да, бўшашганча қўлидаги қадаҳни дастурхон устига қўйди.

— Кечир, мард инсон! — деди ҳазин товушда. — Сенга қаттиқ гапириб юбордим. Кечир! Бўлди, ичмайман!.. Илтимос, мени каравотга ётқизиб қўй! Кайфим ошиб қолди. Ётқизасанми?

Мен индамасдан ўрнимдан туриб Марияни даст кўтардим-да, каравотга ётқиздим.

У боши ёстиққа теккани ҳамоно хуррак ота бошлади.

 

* * *

 

Ярим тун эди. Ташқарида кучли шамол аралаш қор гупиллаб ёғар, дераза тирқишларидан кирган совуқ этни жунжиктирарди.

Мен кайфим сал тарқагандан сўнг, елкамга юпқароқ кўрпача топиб ёпиб олганча полга чўзилдим.

Шарик ҳам қорни тўйгач, олд оёқларига бошини қўйган кўйи ухларди.

Шу пайт Мария уйқу орасида кимларнидир бақириб койиган бўлди. Ўз овозидан уйғониб кетдими, даст ўрнидан туриб ўтирди-ю, мен томон ўгирилди.

— Нега ухламаяпсан? — сўради у. — Чанқадим. Илтимос, менга бир стакан муздай сув бер!

— Ўзинг тура олмайсанми? — қайсарлигим тутиб, атайин ғашига текким келди.

— Илтимос, бера қолгин! — ялина бошлади Мария. — Ҳозир ўрнимдан қўзғалсам, йиқилиб тушаман.

Мен секин нариги хонага ўтдим-да, челакдаги сувдан бир стакан келтириб унинг қўлига тутқаздим. Мария сувни бир ҳўплаб, қолганини полга қўйди.

— Энди ёнимга ўтир! — деди у кутилмаганда оёғимдан маҳкам қучиб. — Ўтирмагунингча қўйиб юбормайман.

Иложсиз Мариянинг ёнига ўтирдим. У энди елкамдан қучоқлаб олди.

— Менга ёқиб тушдинг, мард йигит! — деди у лабларини қулоғимга жуда яқин олиб келиб. — Эшитяпсанми?.. Нега индамайсан?..

Аёлнинг қайноқ нафасини димоғимда туйиб, хаёлларим чалкашди. Вужудим аланга бўлиб ёна бошлади.

Охири бўлмади. Марияни маҳкам қучиб, лаблари-ю, сийналарини ўпа кетдим…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...