Смартфонингизда жосуслик қилаётган олтита антивирус

0

VPNPro компанияси мутахассислари Android операцион тизими учун ишлаб чиқилган оммабоп антивирус-иловалардан ўн бештасини текшириб кўришди. Маълум бўлишича, улардан айримлари ўзининг ишлаши учун умуман керак бўлмайдиган функцияларга киришга ҳам рухсат олар экан.

Тест қилиб кўрилган 15 та антивирус ва тозаловчи иловадан олтитаси смартфоннинг камераси ва микрофонига, қўнғироқларга, SMS-хабарларга ва ички хотирага кириш учун рухсат сўраши аниқланган. Буларга кириш имконига эга бўлгач, мазкур дастурлар фойдаланувчининг шахсий маълумотларини кузатишлари ва ўз ишлаб чиқувчиларига жўнатишлари мумкин.

Мана, потенциал хавфли тозаловчи иловалар рўйхати:

  1. Security Master — 500 миллион марта ўрнатиб олинган;
  2. Antivirus Free 2019 — 10 миллион марта ўрнатиб олинган;
  3. Virus Cleaner 2019 — 50 миллион марта ўрнатиб олинган;
  4. Max Security Virus Cleaner, Antivirus, Cleaner — 50 миллион марта ўрнатиб олинган;
  5. Super Phone Cleaner, Virus Cleaner, Phone Cleaner — 50 миллион марта ўрнатиб олинган;
  6. Clean Master — 1 миллиард марта ўрнатиб олинган.

Тўғри, компания экспертлари буларнинг ҳақиқатан ҳам жосуслик қилаётганига тўғридан-тўғри далил топа олмаган. Аммо антивируслар амалда ўзларига керак бўлмаган имкониятларга ҳам рухсат олишларининг ўзиёқ уларнинг тизим имкониятларини суиистеъмол этишларидан дарак бераётир. Шахсий маълумотларнинг ниқобланган ҳолда узатилаётган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

VPNPro мутахассислари текширув натижаларини Google’га тақдим этгач, қидирув гиганти уларни Play Market’дан ўчириб ташлаган. Бироқ улар шу пайтгача ўрнатиб олган фойдаланувчиларнинг қурилмаларида, шунингдек бошқа иловалар дўконларида қолган.

Шуларни эътиборга олиб, VPNPro эксретлари фақат нуфузли ва ишончли (масалан, Avast, Avira, «Касперский лабораторияси» ва Dr. Web тақдим этаётган) антивируслардан фойдаланишни тавсия қилишади.

terabayt.uz

loading...