Уханда мушуги сабаб қолиб кетган қиз коронавирус ва мода ҳақида блог юритмоқда

0

Хитойнинг Ухань шаҳрига келиб қолган 21 ёшли канадалик Кристина Шрамко мушугини ёлғиз қолдиришни истамагани учун карантин сабаб ёпиб қўйилган ҳудудда қолиб кетди, деб хабар беради «РБК».

 

Ванкувердаги университетнинг фейшн-маркетинг факультети талабаси Уханга эпидемиядан саккиз ой олдин яхши кўрган инсонининг олдига келган. Шаҳар ёпилганида унинг суюклиси бошқа провинцияда хизмат сафарида бўлган. Карантин сабаб улар деярли бир ойдан бери кўриша олмаяпти ва Кристина Шрамко эпидемия тарқалган шаҳардаги компанияда Кити лақабли мушуги билан яшамоқда.

Канада фуқаролари эвакуация қилинганида Кристина ватанига қайтишни истамаган, чунки бортга ҳайвонларни олиб чиқиш тақиқланган.

 

Кристина Шрамко YouTube’да блог юритиб, фожиавий машҳурликка эришган Хитой шаҳридаги ҳолат ҳақида сўзлаб келмоқда. Икки ҳафта олдин коронавирусга бағишлаб чиқарган ролигида у Ухань арвоҳ-шаҳарга айланиб қолганини айтган: «Уйимнинг рўпарасида улкан савдо маркази бор, у ердаги тураргоҳлар автомобиллар билан тўлган, одамлар тўда бўлиб кириб, худди шундай чиқиб келарди. Ҳозир деярли ҳеч ким йўқ, савдо маркази атрофидаги ҳудудлар бўшаб қолган».

16 февраль куни эълон қилган видеосида эса полиция аҳолини уйларидан чиқармаётгани, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилинаётганини айтган. Супермаркетларнинг пештахталари деярли бўм-бўш, нархлар эса кўтарилиб кетган: «Озиқ-овқат учун ҳеч қачон бунча кўп пул сарфламаганман! Атрофдаги дўконларда мушуклар учун озуқа йўқ, яхшиям Китининг бироз заҳиралари бор, бироқ у бир ойга етмайди, хавотирдаман». Шрамконинг айтишича, Ухандаги карантин апрель ёки майга қадар давом этиши мумкин.

 

Эслатиб ўтамиз, Хитойда янги турдаги COVID-19 коронавирусини юқтириб олганлар сони 72 минг кишидан ошиб кетди, вирус оқибатида вафот этганлар сони эса 1868 кишига етди

daryo.uz

loading...