Юртбошидан ўрганайлик матонатни!

0

Иқтидорли шоир Жамшид Акбаров “Ягонасан, муқаддас Ватан” танловининг Республика босқичи ғолиби. Унинг кўпгина шеърларига куй басталаниб, эл ардоғидаги санъаткорлар томонидан куйланиб келинмоқда. Унинг шеърларида юртга садоқат, ота-онага ҳурмат, инсоннинг ички гўзаллиги ўз ифодасини топган.

Жамшид Акбаровнинг «Онам дуоси» китобига сўз боши ёзган Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов бу ёш йигитнинг ижодини шундай баҳолаган эди: «Мустақиллик йилларида Ватан таронаси шеъриятнинг бош мавзусига айланди. Ажаб йўқки, халқимизнинг азалий орзуси ушалди. Бировга қарам бўлмаган, меники деб айтса ярашадиган, дунё саҳнида эътибор топган Ватанга эга бўлдик. Бу ифтихор шоир бўлмаганни шоир қиладиган, завқ-шавққа тўлдирадиган туйғудир.

Жамшиднинг шеърларини илк бор тинглаганимда шундай завқ-шавқни туйдим. Юрт муҳаббати тўғрисидаги сатрларини ўқиганда у бамисоли оламни унутади, кўзларида қувонч олови ёниб кетади.

Ўзи ёнмаган шоир бошқаларни ёндиролмайди. Жамшиднинг ёзганлари элга танилган хонанда ва созандаларнинг завқини уйғотибди, куйга солиб баланд пардаларда ижро этибдилар, нуфузли кўрик-танлов ғолиблари бўлиб, муаллифни ҳам ёш бўлишига қарамай юксак шарафларга етказибдиларки, бу ёш шоир истеъдодидан даракдир.

Жамшид йўл бошида. Унинг олдида сермашаққат узоқ ижод йўли бор. Шеърларидаги айрим бадиий, шаклий норасоликларни тузатиб, эрта келган ютуқларга маҳлиё бўлмай туну кун меҳнат қилиши керак. Жамшиднинг келажагига умидим бор».

Қуйида шоир Жамшид Акбаров ижодидан намуналарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

ЮРТБОШИДАН!

Инсонларга сочайлик биз саховатни,

Аждодлардан ўрганайлик садоқатни,

Келажак деб ухламасин бу кўзлар,

Юртбошидан ўрганайлик матонатни!

 

Улуғлар меросини доим билар ёд,

Бир сўзидан минг кўнгиллар бўлар шод,

Қалбимизни қувонтирсин бу сўзлар,

Юртбошидан ўрганайлик диёнатни!

 

Халқим дея юраги туғён урар,

Дунё ҳавас қилган Ватанни қурар,

Тарих бўлиб қолсин бу босган излар,

Юртбошидан ўрганайлик матонатни!

 

Йирик давлатлар ҳам ҳайрону лолдир,

Энг яхши ҳамкор ҳам Ўзбекистондир,

Келажакка ишонч бу ёруғ юзлар,

Юртбошидан ўрганайлик матонатни.

ЧИН ДЎСТ

Юрагинг ғамларга тўлганда келса,

Бу бағринг гар ярим бўлганда келса,

Қоронғу кунингда дўстим деб билса,

Билгинки, шу инсон чин дўстинг бўлар.

 

Кўз ёш юзинг ювса, ёнингда турса,

Бошга ёстиқ тегса, ёнингда турса,

Ҳаёт бошинг эгса, ёнингда турса,

Билгинки, шу инсон чин дўстинг бўлар.

 

Дардинг сўзласанг гар, дармони бўлса,

Жон азобда қолса, мадори бўлса,

Озор кўрсанг у ҳам, озоринг билса,

Билгинки, шу инсон чин дўстинг бўлар.

 

Дўст деб юрганларинг ўйлаб қўймаса,

Дилинг ўксиниб зор йиғлаб тўймаса,

Ўшанда ҳам сени ёлғиз қўймаса,

Билгинки, шу инсон чин дўстинг бўлар.

ОТА ҚАДРИ

Аримайди бошидан ғурбат,

Меҳнат қилиб тополмас роҳат,

Соғинади бир ширин суҳбат,

Отасининг қадрин билмаган.

 

Меҳр топмас ёруғ дунёдан,

Фарқи қолмас фақир гадодан,

Кечиримлар сўрар Худодан,

Отасининг қадрин билмаган.

 

Тақдиридан нолиб йиғлайди,

Армонларда қолиб йиғлайди,

Соғинчларда ёниб йиғлайди,

Отасининг қадрин билмаган.

 

Надоматдан куйиб ўтади,

Бу ҳаётда кулфат кутади,

Ўз бағрини ўйиб ўтади,

Отасининг қадрин билмаган.

* * *

МИНГ ШУКР

Бу элда азиздир инсон деган ном,

Юксак шарафланар келган ҳар меҳмон,

Кимга ҳавас эмас осуда замон,

Тиниқ тонглар отганига минг шукр.

 

Мард ўғлонлар қўриқлар Она ватанин,

Кўз қорачиғидай асрар ҳар бир сарҳадин,

Тинчлик учун тутар жонида танин,

Тиниқ тонглар отганига минг шукр.

 

Кўзларни қувонтирар қурилган уйлар,

Бу элга ярашар қўшиқлар, куйлар,

Ўзбек халқи фақат тинчликни ўйлар,

Тиниқ тонглар отганига минг шукр.

 

Кундан кун ортмоқда дунё ҳурмати,

Кимлигин кўрсатди ўзбек миллати,

Энг олий неъмат тинчлик неъмати,

Тиниқ тонглар отганига минг шукр.

 

Жамшид АКБАРОВ,

“Ягонасан, муқаддас Ватан” танлови

Республика босқичи ғолиби, шоир

loading...