Жазо

0

Бахилликдан ҳам ёмонроқ касаллик борми? (Ҳадис)

«Нодир қоранинг қизи дарахтдан йиқилиб ўлибди», деган гап бир зумда бутун маҳаллага тарқалди. Машъум хабарни эшитган борки, «Эҳ, яхши бўлмабди, отасининг касофати қизига урибди-да», дея бош чайқарди.

Маҳалла аҳли Нодир қорани тўй-ҳашамлар, турли маъракаларга чақирмай қўйганига анча бўлган, аммо таъзия куни Нодирнинг ҳовлисига одам сиғмай кетди. Ўзбекчилик-да… Нодир аслида оқ-сариқдан келган ўрта ёшли киши. Ҳали у қўшнисига, ҳали бу қўшнисига ҳасад қилиб, бўлар-бўлмас жанжаллар чиқаравергач, унга «қора» деган лақабни беришган. Нодир ҳам бу лақабга «муносиб» бўлишга астойдил ҳаракат қилади. Маҳаллада ҳеч ким данғиллатиб ҳовли қуролмайди, чунки «кимдир» унинг устидан тегишли жойларга ёзиб, ўғрилигу солиқ тўламасликда айблаши, бунинг оқибатида машмашалар кўпайиши тайин. Қўшни боғдаги гуллар чиройли гуллаб, дарахтлар шиғил ҳосил қилмаганлари маъқул, акс ҳолда оби ҳаётдан қуруқ қолишади. Хуллас, ана шунга ўхшаш гаплар. Нодирга насиҳат қилмаган одам қолмади, ота-онаси гапиравериб охири чарчашди шекилли, маҳалла-кўйдан номус қилиб тўнғич ўғилларининг ҳовлисига кўчиб кетишди.

Охирги икки йил Нодирга жуда омадли келди. Қўшни маҳалла бошида қурилиш моллари бозори очилгач, у ҳам ўша ерда савдони йўлга қўйиб олди. «Камаз»-«Камаз» сотилган молларнинг ҳисобига уй-жойини замонавий услубда таъмирлатди, яп-янги «Нексия» сотиб олди, қулоғидан эса уяли телефони узилмайди.

«Яқинда мана шу бозорда якка ўзим савдо қиладиган бўламан, – хаёл қиларди Нодир қора. – Бунинг учун Ҳасанни Ҳусани билан бу ердан даф қилсам бўлгани, яна-да бойиб кетаман ўшанда…» Бўёқлар савдоси билан шуғулланадиган Ҳасан-Ҳусаннинг ягона «айби» шуки, уларнинг Нодирга нисбатан мижозлари кўпроқ, демакки, савдо тушуми ҳам шунга яраша. «Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Мен турганда нега энди улар кўпроқ савдо қилиши керак. Ҳали сенлар шошмай турларинг, шундай боплайки, қолганларга ўхшаб майда сотувчиларга айлантириб қўяман, ўзларинг ёнимга ялиниб келасанлар…»

Ака-укалар эса Нодир қоранинг қабиҳ режаларидан мутлақо бехабар эдилар. Ўша куни бир харидор бўёқ олиш ниятида аввал Нодирга учрашди. Айтилган нарх маъқул келмади чоғи, индамай нари кетди ва тўғри Ҳасан-Ҳусаннинг растасида тўхтади. Бир пасда анча-мунча маҳсулотни машинасига юклаб, бозордан чиқиб кетди. Бунақа имконият бошқа қайтиб келмаслиги мумкин, деган хаёлда Нодир шарт ўрнидан турди-да, ака-укага бақира бошлади.

– Ҳов, тирранчалар, сенларнинг дастингдан бу бозорда савдо қилиб бўладими ё йўқми? Бу нима қилганларинг-а?

Нодирнинг ваҳимали важоҳатию пўписаларидан йигитларнинг оғизлари очилиб қолди.

– Нима қилибмиз, Нодир ака? Нима демоқчисиз ўзи? – деди Ҳасан.

– Буни қаранглар-а, – ажвига минди Нодир, – қилар ишни қилиб, яна менга бўйин чўзади-я, бу жўжахўроз! Қачонгача менинг мижозларимни айнитиб, ўзларингга оғдириб олаверасанлар, а?

– Туҳмат қилманг, ака, туҳмат ёмон нарса, – жанжалга энди Ҳусан ҳам аралашди. – Биз ҳеч қачон бунақа иш қилмаганмиз.

– Ҳо-о, қилган ишларингдан тоняпсанларми? Мана, ҳозиргина менинг мижозимни ёнингга чақириб олдинг-ку!

– Қанақасига? Ахир унинг ўзи келди-ку.

– Мана шунақасига! – Нодирнинг залворли мушти Ҳасаннинг юзига тушди. Қуруқ туҳматга қолган ака-ука миқтидан келганлиги учун давангирдай Нодирга бас келолмасди. Атрофда томоша талабида турган одамлар энди ҳаракатга келиб, Нодир қорани аранг тўхтатиб қолишди. Нодир «Ҳап, сенларними!..» деб сўкинганича шотирларига растани йиғиштиришни буюрди. Ўзи эса тўппа-тўғри касалхонага бориб, ётиб олди. Бу Нодир ўйлаб юрган режанинг амалга оша бошлаганидан дарак эди. У судда ишлайдиган қайноғаси ёрдами билан эгизакларга қарши жиноий иш қўзғатди. Тавба, калтак еб ҳамма ёғи моматалоқ Ҳасан-Ҳусан эдию, «оғир тан жароҳати» Нодирга етибди. «Эгизаклар мени кўролмайди, жонимга қасд қилмоқчи бўлишди», деган туҳматни ўйлаб топди у. Бу гапни ёлғон гувоҳлар ҳам тасдиқлашди. Терговчилар Ҳасан-Ҳусанни чақириб сўроққа тутавериб, тинка-мадорларини қуритиб юборишди. Охири улар қилмаган айбларини тан олиб, шартли жазо билан озодликда қолишди. Бу ишлардан эса Нодир ўзида йўқ хурсанд эди. «Бир миллион сўм берсаларинг, сенлари умуман тинч қўяман», деб Ҳасан-Ҳусаннинг пулларини шилди. Аммо бу дунёда ёмонлик ҳеч қачон жазосиз қолмаслиги ҳақида эса фикр юритиб кўрмасди. Балки яккаю ягона қизи, эндигина ўн беш баҳорни қаршилаган Азизанинг вафоти Нодирга сабоқ бўлар?..

loading...