«Туркманэнерго»даги носозлик сабабли Ўзбекистонга етказиладиган электр энергияси кескин камайди

0

Туркманистон электр узатиш тармоғида рўй берган носозлик туфайли Ўзбекистон энергетика тизими бўйича аварияга қарши автоматика тизими ишлаши оқибатида 600 МВт қувватдан фойдаланаётган истеъмолчилар вақтинча тармоқдан узилди. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 21 февраль куни соат 6:45 да Туркманистон энергетика тизимига тегишли «Мари иссиқлик станцияси»да ва «Сердар» подстанциялари оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғи фавқулодда ўчган. Натижада Туркманистондан етказиб берилаётган электр энергияси 780 МВтдан 60 МВтгача камайди.

Айни пайтда туркманистонлик энергетиклар ҳаво тармоғидаги носозлик сабабларини аниқлаб, уни бартараф этиш юзасидан зарур ишларни олиб бормоқда.

Ўзбекистон электр энергияси таъминоти тизимида импорт амалиёти ўрнини қоплаш учун барча захира кучлари сафарбар этилган бўлиб, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

«Туркманэнерго» корпорациясининг «Мари иссиқлик станцияси» ва «Сердар» подстанциялари оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғидаги носозлик бартараф этилгач, тармоқдан узилган истеъмолчиларга кучланиш бериш бошланишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 1 декабридан «Туркманэнерго» давлат электр энергетика корпорациясидан электр энергияси импорти амалиётини амалга ошириб келмоқда.

Туркманистондан импорт қилинаётган электр энергияси носозлик сабаб узилиб қолиши ўтган йилнинг декабрида ва жорий йилнинг январь ойида ҳам кузатилганди.

loading...