Хитойдаги қамоқхонада 200 дан ортиқ одам коронавирус юқтириб олгани аниқланди

0

Хитойнинг Шаньдун провинцияси Цзинин шаҳрида жойлашган Жэньчэн қамоқхонасида коронавирус инфекцияси билан оммавий касалланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда маҳаллий маъмурият баёнотига асосланиб, «Sinxua» агентлиги хабар бермоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, мутахассислар қамоқхонада 207 та касалланиш ҳолатини қайд этган. Коронавирус ташхиси тасдиқланган барча шахслар изоляцияга олинган ва уларни даволаш ишлари бошлаб юборилган.

«Sinxua»нинг ёзишича, қамоқхонанинг айрим ходимларида февраль ойи бошидаёқ йўтал пайдо бўлган. 13 февраль куни қамоқхона хавфсизлик хизмати ходимларидан бирига коронавирус ташхиси қўйилган. Маҳаллий маъмурият ва қамоқхона раҳбарияти касаллик тарқалишининг олдини олиш чораларини кўрган, бироқ эпидемияни тўхтатиб қола олмаган.

Ҳодиса муносабати билан партиянинг бир қатор амалдорлари ва қамоқхона раҳбарияти ишдан олинган. Шунингдек, махсус шифохона ташкил этиш, зарур анжомларни ажратиш, мутахассисларни сафарбар қилиш ва касалликни даволаш бўйича махсус гуруҳ ташкил этиш, шунингдек, қамоқхонада ишлаётган ва сақланаётганларнинг барини кўрикдан ўтказиш ҳақида кўрсатма берилган.

The Beijing News’нинг ёзишича, Чжэцзянь провинциясидаги яна бир қамоқхонада 28 та касалланиш ҳолати аниқланган.

Хитойдаги коронавирус эпидемияси 2019 йил декабрида бошланган эди. Касаллик Хубэй провинциясидаги Ухань шаҳридан бошқа ҳудудларга тарқалган. Сўнгги маълумотларга кўра, 2247 киши коронавирус қурбони бўлган, яна 75 мингдан ортиқ киши касалланган.

дарё.уз

loading...