ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (13-қисм)

0

 

 

* * *

 

Аксига олгандек, камерага кириб келганимда, ниманингдир сасиган ҳиди димоғимга гуп этиб урилди. Тутоқиб кетдим. Оғзимни кафтларим билан ёпганча Сергейнинг тепасида пайдо бўлдим.

— Вей, нима сасияпти? — жимгина ҳожатхона ёнида ухлаётган Сергейни тепиб қичқирдим. — Тур ўрнингдан, хунаса! Нимага камерада тартиб йўқ?..

Сергей тепки зарбидан жони чиққудек сакраб ўрнидан турди ва букчайганча ер остидан менга қўрқув аралаш тикилди.

— Нега қаққайиб қолдинг?

— Анави… Қариянинг… Қорни оғриб… — зўрға тутилиб жавоб бера олди Сергей. — Шунга…

Бу гапни эшитиб қария ётган каравотга яқин бордим. У аллақачон пастга тушиб улгурган ва айбдорона бош эгиб жим турарди.

— Ҳеч бўлмаса тамаки тутатиб юбормабсан-да! — сал овозимни пасайтириб қарияга танбеҳ берган бўлдим. — Шунчалигам саситадими одам?..

— Кечир, болам, кечир! — қария гуноҳ иш қилиб қўйган бола каби аранг гапира олди. — Кексалик қурсин, кексалик!

— Бўпти, ёт ҳамманг! Бўлар иш бўпти!

Аскарлар каби қаддини ғоз тутиб турган аристонларга бир-бир қараб олиб каравотга ўзимни ташладим ва пардани тортдим.

 

* * *

 

Бугунги тонг мен учун унутилмас десам хато бўлмайди. Этапга кетишимни эшитиб Елена тўғрисидаги хаёлларни ҳам унутгандек бўлдим. Камерадошлар жемперимнинг чуватилган ипларини елкамдан ошириб ташлашди. Бу йўлим ойдин бўлишига бир тилак эди.

Ҳаммалари билан (Сергейдан ташқари) кўришиб чиққач, назоратчи мени сўнгги бор машинагача кузатиб қўйди.

Машинада мендан бўлак яна тўрт аристон ўтирарди.

Эшик ёпилгани ҳамоно улардан бири халтасидан бир шиша ароқ чиқарди ва қаердандир ўғирланган темир кружкага қуйиб навбати билан барчамизни сийлади.

— Биз озодмиз! — бақирарди бизни ароқ билан сийлаган, элликлар атрофидаги аристон. — Энди ўзимизга хон, ўзимизга бекмиз!..

Тўғри, унинг ўзини озод дея аташга ҳаққи бор эди. Негаки, уни назорат кучайтирилган турмага эмас, умумий колонияга олиб кетишади. Фақат менгина турмада қоламан. Шундай экан, озодман дейишга балки эртадир?.. Башарти, қочиш насиб этса, режаларимни амалга оширишга имкон туғилса, озодлик ҳавосидан нафас олишим мумкин… Унгача…

Барибир кўнглимни чўктирмадим. Биламан, ҳақиқий турмада ҳаёт барибир бошқача кечади. У ерда жиноятингга кўпроқ қарашади. Шунга кўра ҳурматга, ўз ўрнингга эга бўласан…

Хуллас, ҳақиқий турмага етгунча қўшиқ айтдик, кўнглимизни хушладик…

Деярли кун бўйи умрим машинада ўтди. Бу орада қолган тўрт аристонни қаерлардадир қолдиришди. Ичкарида фақат менгина қолгандим…

Зерикибми, кўзим илинибди. Машинанинг силкиниб тўхтаганидан уйғониб кетдим. Шу орада эшик ҳам очилди.

— Қани, туш пастга! — буюрди мени олиб келган лейтенант. — Етиб келдинг уйингга, каллакесар!..

Янги турманинг кўриниши наригисидан деярли фарқ қилмасди. Фақат уёқда машина бир дарвозадан ўтиб иккинчиси рўпарасида тўхтаса, бу ерда иккита дарвозадан ўтаркан.

Мени кутилганидек, ит етаклаган аскарлар ва турма назоратчиси, яна қандайдир баланд бўйли капитан қўлларида чарм таёқларини ўйнатган ҳолда «қарши» олишди.

Қоидага кўра икки қўлимни орқага қилиб, гавдамни эгганча ичкарига қараб чопишим лозим эди. Бироқ негадир бу ишни мендан талаб қилишмади.

— Қани, юр! — сал дағдағали оҳангда буюрди капитан.

Юрдим. Бу ерда ҳам бармоқ изларимни олишди, суратга туширишди. Ҳамма амаллар адо этилгач, камерага олиб киришди.

Камера кенг ва анча шинам эди. Кирганимданоқ бир четда ўтириб астойдил қартабозлик қилаётган аристонлар даст ўринларидан туришди.

Фақат соқолларигача оқ тушган, сочи қириб ташланган, ёши тахминан эллик бешларга боргани қимирламай ўтирганча мени бошдан оёқ кузата бошлади.

«Шумикан ҳурмати баланди? — хаёлимдан ўтказдим аристонлар билан бирма-бир кўришиш асносида. — Исмини Женя деганди Гога. Нима қилай? Бориб кўришишим лозимдир ҳойнаҳой!.. Ҳарқалай, ҳурматли аристон-ку!..»

Шошилмасдан бориб унга салом бердим.

— Кимсан? — сўради у қўлимдан Гоганинг хатини олиб кўз югуртираркан.

— Муродман!..

Женя масхараомуз тиржайди.

— Сендан турмадаги исмингни сўраяпман!

— Каллакесарман.

— Ў, зўрсан-ку!

У ўрнидан қўзғалиб менга жуда-жуда яқин келиб кўзларимга совуқ тикилди.

— Нечтасини тинчитгансан?

— Еттитасини.

— Менга учта дейишди-ку!

— Тўрттасини бўйнимга қўя олишмади.

— Шунақами? Яхши… Билиб қўй, Гоганинг хатини ўқидим. Лекин биргина хат сени ҳурматга лойиқ деб тан олишим учун камлик қилади. Аввал паханга, кейин озодликдаги братваларга мактуб ёзиб аниқлашим керак. Агар улар сени тан олишса, омадинг келгани. Тан олишмаса, иложим йўқ… Бошқалар қатори яшайверишингга тўғри келади… Ҳозирча ҳов анави иккинчи қаватдаги каравотга жойлашасан.

Тортишиб ўтирмадим. Индамасдан бориб қўлимдаги кўрпа-ёстиқни кўрсатилган каравотга ташладим.

Шу кеча уйқум қочди. Негадир юрагим ғаш тортиб, беҳузур бўлавердим. Камера даричасидан кўкдаги юлдузларни томоша қилганча ўй суриб ўтирдим. Ҳа, қор тиниб, осмонни юлдуз босибди. Демак, ҳаво очиқ. Аммо Россия қишида ҳаво очилдими, кучли совуқ бўлиши тайин. Бундай кечаларда қалин ўрмонда қолиб кетсанг борми, адабингни ейсан. Қаҳратон нақ жонингни суғуриб олади.

— Нега ухламадинг? — кимнингдир товушидан хаёлим қочиб орқамга ўгирилдим.

Женя экан.

— Юрагим сиқиляпти. — дедим бош қашиб. — Болалигимдан янги жойга кўника олмай қийналаман.

— Ҳечқиси йўқ, — деди Женя. — Эртаданоқ ишга чиқсанг, кечқурунга бориб тош қотиб ухлайдиган бўласан.

— Ишга?.. Ҳа-я…

Унутган эканман. Ахир, мен «СИЗО»дамас, ҳақиқий турмадаман-ку!..

— Айтганча, Женя, нима иш қиламиз ўзи?

— Россияда нимаям қилардинг? Ўрмон кесасан-да!.. Дарахтларни кесиб, қирқиб, тахлаб, дарёга оқизамиз. Бироқ иш жуда қаттиқ. Тепангда назоратчилар итдек акиллаб туришади. Бирпас нафас ростлашга изн беришмайди.

— Буни ҳали кўрамиз. — дедим хотиржам. — Аристон ҳам одам. Пича нафас ростлашга, дам олишга ҳақи бор.

— Йўқ, — бош чайқади Женя. — Улар учун биз одам эмас, жиноятчимиз. Жиноятчини эса улар жуда-жуда ёмон кўришади.

— Женя, бир нарса сўрасам майлими? — суҳбатдошимга тикилдим.

— Сўрайвер! — деди Женя.

— Қанчадан бери турмадасан? Нега қамалгансан?

— Менми?.. — Женя совуқ кулимсираб, бошини эгди. — Бунинг тарихи узоқ… Эҳ, ҳозир хомчўт қилиб кўрсам, ўн йилдан бери турмада эканман.

— Ҳали муддатинг тугамадими?

— Неча марта тугасин? Энди озодликка чиқишим яқинлашганда, аблаҳлар нимадир қилишади-ю, бўйнимга бир-икки йилни илишади… Душманларим кўп, йигит, душманларим!

— Қизиқ, — елка қисдим. — Одам шунчалик шафқатсиз бўлиши мумкинми?

— Шафқатни гапирасан-а!.. Мана, ўзинг одам ўлдираётганингда шафқат ҳақида ўйлаб кўрганмисан?

— Менми?.. Йўқ.

— Ана, кўрдингми? Сен-ку, ҳар ҳолда виждонли, ҳалол йигитга ўхшайсан. Менинг душманларим эса унақамас. ғирт маҳлуқнинг ўзи. Уларга пул, шуҳрат керак.

— Нега қамалганингни айтмадинг.

— Ҳа, ҳарқалай фаришта эмасман. Болалигимга ҳавас қилиб бўлмайди. Отам ҳам, онам ҳам пиёниста бўлишган. Худонинг берган куни уйимиз шовқин-суронга тўларди. Қаёқдаги пиёнисталар йиғилишиб, айш-ишрат қилишарди. Мен ўшанда етти яшар бола эдим. Эсимни таниб қолгандим. Кунига беш-ўн марта дўкондан ичкилик ташийвериш жонимга текканди. Ишонасанми, ўзлари ичкиликка қаердан бўлмасин, пул топишарди-ю, менга ҳатто битта музқаймоқ олиб беришмасди. Қишнинг совуқ кунларидаям минг ямоқ, эски-туски кийимларда юрардим. Охири уйдан қочиб кетдим. Ота-онам қидиришганми-йўқми, билмайман. Бошқа шаҳарга поездга осилиб бордим. Ҳаёт курашишга мажбур қиларкан. Қорин тўйдириш илинжида ўғирлик қилиб кўрдим. Эпладим. Ўша-ўша бошқа ишга бўйним ярамайдиган, фақат бировларнинг чўнтагига кўз соладиган бўлиб қолдим. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, бирор марта қўлга тушиб қамалмаганман. Каттароқ ёшга етгунимча майда-чуйда ўғирликлардан нарига ўтмадим. Аммо анча-мунча пул жамғардим, таниш-билишим кўпайди. Кунларнинг бирида менга «Катта пул ташлаб, «Қонундаги ўғри» (Вор в законе) бўл, шаҳар қўлингда бўлади. Сен шу мансабга жуда лойиқсан» деб қолишди. Ўзинг ўйла, кимга ёқмайди бу гап. Ҳаракатга тушдим. Жиноят кўчасининг энг катталаридан бирига бориб учрашдим, дардимни айтдим. У бўй-бастимни кўздан кечирди, ишимизга оид турли саволлар берди. Хуллас, имтиҳон қилиб кўрди. Ҳамма саволларига жавоб бердим. Бир ҳафтадан сўнг «Қонундаги ўғри» (Вор в законе) ларни бир ташландиқ бинога йиғиб у менга тож кийдириш маросимини ўтказди. Шундан сўнг мен ўзим майда-чуйда ўғирликлар қилиб катта бўлган шаҳарнинг ўғрибошисига айландим. Шаҳарда адашмасам, уч юз ўғри бор. Улар кунига менга улуш ташишарди. Шоҳона ҳаёт кечира бошлагандим. Афсуски, душманларим ҳам борлигидан бехабар қолдим. Мени қаматиб юборишди. Тўплаган бойликларни давлат фойдасига мусодара қилиб юборишди.

— Турмада-чи? Нега турмага «пахан» эмассан?

— Айтдим-ку, душманлар етарли деб! Ҳозирги пахан ҳам ўшаларнинг ҳамтовоғи, Мени кўришга кўзи йўқ. Ҳар гал бўйнимга муддат илишларида ўшанинг ҳам қўли бўлса ажабмас!..

— Ҳа-а, сениям дардинг меникидан кам эмас экан. — дедим. — Қанийди, қўлимдан келса, сенга ёрдам берсам!..

— Қўлингдан келади. — кутилмаганда елкамга қўл ташлади Женя. — Кундузги гапимга хафа бўлма. Бошқа аристонларнинг олдида фақат адолат билан иш юритишга уринаман. Шундай экан, ишон, ҳаммаси яхши бўлади. Худо хоҳласа, братвалар сени тан олишса, ана ундан кейин маслаҳатли гапларни бир-бир гаплашаверамиз. Айтганча, улар тан олишгач, сени бошқа камерага ўтказишади. Ўша камерага ўзинг бош бўласан.

— Ишда-чи? Бирга бўламизми?

— Хотиринг жам бўлсин, ишга биргаликда бориб, биргаликда турмага қайтамиз. Ишдан ташқари, сайрга чиққандаям гаплашиб олишга вақт топилади.

— Сен, Женя, қочишимга ёрдам беришинг лозим. — дедим овозимни ҳийла пасайтириб.

— Э, ҳали келиб улгурмасингдан қочишни мўлжаллама! Фурсат топилади. Олдин турманинг шарт-шароитини, баланд-пастини яхшилаб ўрган. Ана ундан кейин бир гап бўлар. Хўп, энди ётиб ухла! Эрта уйғотишади.

 

* * *

 

Женя ҳақ эди. Эрта тонгда бўйи мен билан деярли баравар назоратчи қўлида чарм таёғини ўйнатганча кириб келиб бақирди:

— Ўғри, босқинчилар! Тез туриб йўлакда саф торт!

Мен ҳам юз-қўлимни чала-чулпа чайиб, турма кийимни кийиб сафга турдим. Энди мен турма бошлиқлари учун Шарипов эмас, 358- рақамли маҳбус эдим.

Бизни ошхонага олиб киришди. Ҳар бир камера учун алоҳида стол қўйилганди. Мен Женянинг ёнидан жой олдим.

Бу ернинг овқати СИЗО никидан бирмунча сифатли экан. Бўтқасида бироз бўлса-да, маза бор, чойдан шакар таъми келиб турибди.

Чамаси беш дақиқадан сўнг туришга буйруқ берилди. Яна саф тортиб ишга олиб кетиш учун мўлжалланган юк машиналарига чиқиб ўтирдик.

— Ҳозир кўрасан, — деди Женя мени туртиб. — Иш бошлайлик! Соқчиларни кўриб ҳайрон бўлмасанг бас!

Ажабо!.. Бизни қалин ўрмон ёқасига олиб келишди. Эллик метр нарида дарё. Фақат музлаб қолган. Муз устида қандайдир излар…

Етиб келишимиз билан чор атрофни автомат тутган соқчилар ўраб олишди.

— Кўрдингми, — деди Женя соқчилар таъқиби остида ўрмон ичкарисига кетиб борарканмиз. — Бу турма худди уруш пайтидаги концлагерга ўхшайди. Бир метр ҳам жой бўш қолмайди. Анави соқчилар туриб олишади. Қани, шундай шароитда қочиб кўр-чи!..

— Барибир қочаман! — дедим соқчиларнинг бўралаб сўкишлари, ҳақоратларини эшитганим сайин ғазабим қўзғаб. — Уёқдаги ишларни битириб қайтмасам бўлмайди.

— Баҳоргача сабр қилишингга тўғри келади, Каллакесар! — деди Женя. — Баҳорда анави музлар эрийди. Биз кесилган тайёр дарахтларни бойлаймиз, кейин дарёда оқизамиз. Ана шунда қочишинг учун осонроқ йўл топса бўлади. Тўғри, дарёда муз йўл қилинган. Аммо бу йўл бўйлаб узоққа бора олмайсан. Икки қадам юрмасингдан, итдай отиб ташлашади.

— Ҳозир-чи?. Нима иш қиламиз?

— Олдинига дарахт кесамиз. Кейин уларни ускуна ёрдамида тилиб чиқамиз. Тилиниб, тахта холига келганларини машиналарга ортамиз.

— Тушунарли. Демак… Баҳоргача сабр қил дегин?..

Женя жавоб қилишга улгурмади.

Секинлаб қолган эканмизми, соқчилардан бири кетма-кет елкаларимизга автомат қўндоғи билан туширди.

— Текинтомоқлар, қимирла!..

Женя айтганича бор эди. Гарчи илгари қурилишларда жисмоний иш билан кўп шуғулланган бўлсам-да, бунақасини етти ухлаб тушимда кўрмагандим.

Мени дарахт кесишга қўйишганди. Электр арраларда дарахтни ағдаргач, шохларини кесиб чиқиш лозим. Ундан сўнг яхшилаб ўлчаб, уларни бир хил узунликка келтириларкан.

Соқчилар бизни ўраб туришарди. Эндигина оғриб кетган белга дам бериш илинжида қаддингни кўтардингми, қаердандир назоратчи қўлида таёқ билан пайдо бўлади ва дуч келган ерингга тушириб қолади.

Мен ҳам икки соатча чидадим. Азбаройи терлаганимдан эгнимдаги кийим жиққа ҳўл бўлди. Бел тараша каби қотиб қолди.

Охири тоқатим тоқ бўлиб қаддимни ростладим ва чўнтагимдаги сигаретни олишга тутиндим. Шу заҳоти паст бўйли, юмалоқ юз, юқори лаби учиб-учиб турадиган назоратчи кела солиб бўйним аралаш тушириб қолди.

— Ҳа-а, Уч юз эллик саккизинчи! — у бақириб қўлимдаги сигаретни тортиб олди-да, оёқлари билан эзғилаб ташлади. — Курортга келдим деб ўйлаганмидинг, ўғри, босқинчи?..

У қайтадан мени таёқ билан туширмоқчи бўлди. Чап бериб қолдим. Шунда назоратчининг бош кийими ерга учиб тушди.

— Вой аблаҳ-ей! — қичқирди у лаби учганча менга яқин келиб. — Ҳали менга чап берадиган бўлдингми? Қани, шапкани ол ердан!.. Тез бўл!

— Вей, мен «мусор»ларга хизмат қилмайман, билдингми? — дедим муштимни тугиб. — Керак бўлса, ўзинг ол!

— Нима?.. Нима дединг?.. Ҳали қараб тур, турмага қайтгин, тилингни суғуриб оламан!..

— Ўртоқ лейтенант, мана шапкангиз! — қаердандир келиб қолган пакана аристон назоратчига бош кийимини тутқазди.

Мен аристонни келганимдан бери кўрмагандим.

«Майли, кўрамиз, — дедим хаёлан ўзимга ўзим. — Қайси камераданлигингни суриштириб биламан, дўмбирачи!.. (Бундайларни турмада дўмбирачи деб аташади).»

— Қани, ишга кириш! — буюрди назоратчи бош кийимини кияркан. — Масалангни кейин ҳал қиламиз, итдан тарқаган!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...