ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (14-қисм)

0

 

 

* * *

 

Қанчалар чарчаб ҳолдан тойганимни фақат ўзим билардим. Айниқса, белим, елкаларим симиллаб оғриб, қаттиқ азоб берарди. Шу аҳволда кечки йўқловга чиқдим.

Ҳеч кимга сўз қотмай, тезроқ йўқлов тугашини ва камерага қайтиб каравотга ёнбошлашдек бахтли онларни орзиқиб кута бошладим. Чарчоқ туфайлими, кундузги воқеаларни унутибман шекилли. Йўқлов охирлаб улгурмай, паст бўйли назоратчи сафни оралаб ўтиб менга яқин келди.

— Қани, олдимга туш! — буюрди у. — Нега қаққайиб турибсан? Юр дедим!

— Қаергалигини билсак бўладими, начайлик? — бўш келмадим мен ҳам масхараомуз кулимсираб.

— Карцерга! — бақирди назоратчи. — Турма хизматчисини ҳақорат қилганинг учун уч кун карцерда ўтирасан!

Нимаям қилардим? Сал нарида бизни зимдан кузатиб турган Женяга кўз қисиб қўйдим-у, назоратчининг олдига тушдим.

Бу ердаги турма карцери СИЗО дагидан икки ҳисса ёқимсиз ва жирканч эди. Бетон деворларни шўр босган, ичкаридан келаётган ҳид кўнгилни айнитгудек эди.

Фақат бир жиҳати менга далда берарди. Шу ерда хаёлларимни жамлаб, фикрлаб олишга имкон бор.

Бетон супага ёнбошларканман, беихтиёр хўрлигим келди. Келгуси ҳаётимни тасаввур этишга уриндим. Тасаввуримга сиғдира олмадим.

Ярим соатча ётганимдан сўнг совуқ ўтиб, йўтал тута бошлади. Ўрнимдан туриб карцернинг уёғидан буёғига юра бошладим. Бу ҳам ёрдам бермас, йўтал кучайгандан кучайиб борарди.

«Шу касал мени олиб кетмасайди! — хаёлимдан ўтказдим эгнимдаги турма кийими ёқасини бўйнимгача кўтариб. — Нега дунёга келтиришди ўзи? Азобда ўлиб кетишим учунми? Болаликдан хотиржамлик, ҳузур нималигини билмасам! На уйим, на муқим ватаним бор. Кимга керакман? Нега яшаяпман? Мақсадим нима? Ўн беш йил турмада ўтириб чиқиб, қаерга бораман? Қишлоққами? Кимнинг кўзи учиб турибди яримжон, юзи қора аристонга? Йўқ! ҳаммасидан нафратланаман! Ёруғ дунёсини ёмон кўраман. Бу деворларни, анави кўзни қамаштирувчи қорни, шовиллаб оқаётган сой-у, дарёларини… Ҳеч бирини кўришга кўзим йўқ! Ўт тушиб кул бўлсин ҳаммаси!..

Карцердаги уч кун мени маҳлуқ қиёфасига киритиб қўйгандек эди. Шом пайти назоратчидан бир метр олдинда камера томон кетиб борарканман, биринчи навбатда нима иш қилишим лозимлигини яхши билардим. Ўқчитиб-ўқчитиб тутаётган йўталга ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилардим. Фақат… Тезроқ камерага етсам, бас…

— Деворга орқа ўгир! — буюрди назоратчи белимга чарм таёғи билан нуқиб. — Адабингни едингми, текинтомоқ?..

— Оғзингга қараб гапир! — дедим бошимни у томон ўгириб. — Карцеринг нима бўпти менга? Илтимос, ёлғиз қўлимга тушмагин! Туғилганингга пушаймон бўласан!

— Мен-а?.. Нима, орқага қайтгинг келяптими?

— Сени огоҳлантирдим холос. Уёғи ўзингга ҳавола.

— Кўрамиз! — назоратчи сал наридаги стол устидан бир бўлак товуқ гўштини қўлига олиб иштаҳа билан ея бошлади. — Қани, ичкарига кир!..

Пайқадим. Назоратчи сўнгги гапларимдан сўнг сал паст тушди. Тушмай ҳам кўрсин-чи!.. Энди ҳеч бирини аяб ўтирмайман. Менда на шафқат, на меҳр-оқибат қолди. Қалбим, вужудим бўм-бўш. Ҳеч қачон тўлмайди. Бўшлигича боқий дунёга равона бўламан. Кошкийди қачонлигини билсам… Шошилган бўлардим…

Камерага кириб борганим ҳамоно барчалари ўринларидан туриб мени қарсаклар билан қарши олишди. Барчалари билан бир-бир кўришдим.

— Рангингда қон қолмабди, йигит! — деди Женя қўлидаги қайноқ чой тўла кружкани узатиб. — Бошланишига манавини ич! Ўзингга келасан.

— Ўрмондаги аристон қайси камерада яшайди? — сўрадим каравотлардан бири четига чўкиб. — Уни тез кўришим керак.

— Ҳа-а, анави… «Мусор»нинг бош кийимини олиб берганми?

— Худди ўша.

— Хавотир олма. Топамиз. Қочиб кетмайди. Кел, биргаликда тамадди қилайлик! Вей, бопладинг ўзиям ўша назоратчи хунасани!.. Ишонсанг, яқинда менам боплаб сўккандим уни.

— Менга барибир. — дедим афтимни бужмайтириб. — Зарур бўлиб қолса, калласини сапчадай узиб ташлайман.

Бостириб-бостириб қайноқ чой ичгач, ростдан ҳам ўзимга кела бошладим. Йўтал пасанда бўлиб, танамга қон югургандек бўлди.

— У нега қамалган ўзи? — сўрадим Женядан ҳамон оғзимга тикилиб ўтирган аристонларга бир-бир назар ташлаш асносида. — Ўғрими?

— Қанақа ўғри? Босқин уюштирганмиш ҳамтовоқлариминан. Қандайдир бой одамни калтаклаб пулларини тортиб олишганмиш. Ўзи яқиндагина турмага келган. «Дўмбирачи»ларнинг етказишларича, камерасидагиларнинг ҳаммасиминан муштлашиб улгурибди.

— Зўр муштлашарканми шунақа?

— Қайдам? Шахсан мен гувоҳ бўлмаганман.

— Кўрасан. — дедим столни муштлаб. — Тартибли аристон эканини бугун исботлайди. Исботлай олмаса, ўзидан кўрсин!

Вақт хуфтондан ошиб, ташқарида жимлик ҳукм сура бошлади. Камерадагилар ҳам эртанги меҳнатдан олдин тўйиб ухлашни маъқул кўриб жой-жойларига чўзилишганди. Фақат мен уйғоқман. Айбдорни олиб келишларини кутардим.

Тоқатим тоқ бўлай деганда камера эшиги очилди ва Женя худди ўша аристонни етаклаб ичкарига кирди.

— Мана, қаҳрамон ўз оёғи билан келди! — деди у кулиб. — Буёғини ўзинг ташкил қилавер!

Мен қаршимдаги пакана, думалоқ юз, сочлари қириб ташланган аристоннинг кўзларига боқдим. Қўрқинч аломатларини сезмадим. Аксинча, нигоҳларида ғазаб зоҳир эди.

— Нега хато қилдинг? — сўрадим ундан.

— Катта кетаверма! — жавоб бериш ўрнига аристон дағдаға қилишга ўтди. — Мана келдим, нима гапинг бориди?

— Ў, зўрсан-ку! — уни икки елкасидан ғижимлаб стол томон итардим. — Қайси ертўлада таълим олгансан?

— Вей, қора мўнди? — аристоннинг дағдағаси янада кучайди. — Қаерда яшаётганингни унутиб қўйдингми? Олифтагарчилигингни ватанингда қиласан!

— Вой аблаҳ-ей! — кутилмаганда аристоннинг ёқасидан олдим. — Ким билан гаплашяпсан ўзинг-а?

— Йўқ, тўхтанглар! — орага қўшилди Женя. — Бунақада муштлашиб кетасизлар. Бекорга карцерга тушишнинг нима кераги бор? Ундан кўра, сен, Жорж, айбингга иқрор бўл. Ростдан ҳам «мусор»га қуллуқ қилиб қўйдинг. Ўзинг биласан, тартибли аристонлар бундай қилишмайди. Шунинг учун Каллакесарнинг жаҳли чиққан.

— Нима қипти? — бўш келмасди Жорж. — Бу ўзимнинг шахсий ишим.

— Нотўғри гапиряпсан. — танбеҳ берди унга Женя. — Братваларнинг қулоғига етса, яхши иш бўлмайди. Ё етказайликми?

Жорж шу гапдан сўнг лабини тишлаганча терс қараб олди.

— Шундай экан, сен ҳозир тартибли аристон эканинингни исботлашинг лозим. — давом этди Женя. — Хўш, қандай исботламоқчисан?

— Демак, исбот керак-а сенларга? — дея бир менга, бир Женяга боқиб сўради Жорж.

— Албатта. Сени бекорга бу ерга олиб келибманми? Биласан-ку, назоратчилар текинга ишлашмайди. Нақ ўн сўмим кетди сени деб!

— Болта келтир! — деди Жорж қатъий оҳангда. — Мен кимлигимни кўрсатаман!

— Болтани нима қиласан? — сўради Женя хавотир аралаш. — Каллакесарликка йўл қўймайман.

— Аҳмоқ бўлганим йўқ калла кесиб. Шундай қиламанки, манавининг кўнгли жойига тушади. Шундоғам санчастга боришга баҳона тополмай юргандим. Нега қараб турибсанлар? Қани болта?..

Женя каравоти томон кетиб кўрпа остидан даст каллак чиқарди.

— Манави бўладими?

— Бўлади. — деди Жорж. — Энди бошқаларниям турғаз!

Аристонлар Женянинг ишораси билан бир-бир туриб бизни ўраб олишди.

— Отинг нималигини билмадим-у, аммо мени бир умр эслаб қоласан! — менга юзланиб сўз қотди Жорж.

Шундай деди-ю, ўнг қўли жимжилоғини столга қўйиб даст каллак билан чопиб ташлади.

Бу манзарани кўриб барчамиз донг қотиб қолгандик. На иҳлаганча дарича томон югурган Жоржга ёрдам кўрсатишни, на полда сакраб-сакраб ўйнаётган бармоқни кўтариб олишни билардик.

Ҳайрон қолганим, Жорж бақир-чақир қилмади. Кимнингдир чойшабини олиб қонни тўхтатиш мақсадида билагини қисиб бойлаб, уёқдан-буёққа асабий бориб кела бошлади.

— Тез дўхтир чақирларинг! — бақирди биринчи бўлиб ўзига келган Женя. — Қон тўхтамаяпти! Тез бўл!

Кимдир камера эшигини муштлаб дўхтир чақиришларини талаб қилди. Яна кимдир Жоржга кўмак беришга шошилди…

Асосийси, ҳеч ким ҳеч кимни сотмади. Ҳамма айбни Жоржнинг ўзига ағдариб, «Жонидан тўйибди чоғи» деб қўя қолдик.

 

* * *

 

Мен турманинг яна бир ёзилмаган, ҳеч кимга гапирилмайдиган, ошкор этилмайдиган ва бўйин товлаб бўлмайдиган қонунидан хабар топдим.

Ишдан қайтиб эндигина камерага киргандим. Бурчакка ўтиб юз-қўлимни чайиш илинжида кранга қўл чўздим. Шу пайт камера эшиги очилиб, назоратчи пайдо бўлди.

— Шарипов, мен билан юр! — буюрди у негадир мулойим оҳангда. — Сени тезкор гуруҳ бошлиғи майор Самойлов йўқлаяпти!

Бу фамилияни биринчи марта эшитиб туришим эди.

Ғиқ этмай назоратчига эргашдим.

У мени турма йўлаги бўйлаб анча нарига олиб кетди.

Яшил эшикка етганимизда назоратчи тўхтади ва мени деворга орқа ўгиртириб ўзи эшикни очди.

— Ўртоқ майор, олиб келдим! — деди у ичкарига мўралаб. — Кираверсинми?

Рухсат теккач, боши билан «Кир» ишорасини қилди.

Кирдим.

Хона кенг эди. Тўрга узун стол қўйилган. Стол устидан уч хил рангдаги телефонлар жой олган. Юмшоқ чарм курсида ўрта бўйли, озғиндан келган, ингичка мўйлови ўзига ярашиб тушган, қирқ ёшлардаги эркак оёқларини чалиштирганча сигарет тутатарди.

Мени кўриб бир муддат тикилиб қолди. Эринмасдан бошимдан оёғимгача кузатди.

Сўнг секин ўрнидан қўзғалиб, бўш курсига ишора қилди.

— Қани, Шарипов, ўтир!

Ўтирдим ва савол назари билан майорга боқдим.

— Хўш, янги жойга кўникиб қолдингми? — мулойимлик билан сўради майор.

Унинг кўз қарашлари, айёрона жилмайиб туришидан жаҳлдор эмаслигини билиб олса бўларди.

«Хайрият, турмада ҳам сал одамбашара бошлиқлар бўларкан. — ўйладим жавоб беришга шошилмай. — Шу пайтгача кўрганларимнинг ҳаммаси ерга урса кўкка сачрайдиган эди. Уларга ҳатто сўз қайтариб бўлмасди. Еб қўйишга тайёр туришарди…»

— Шунақа десаям бўлади. — дедим хотиржамлик билан ва шу ўринда сир бой бермай савол ташладим. — Тинчликми, начальник? Чақиртирган экансиз…

— Ҳа, чақиртирдим. Чунки сен менга маъқулдай кўриндинг. Ҳарқалай, тартибли аристонга ўхшайсан.

Қизиқ, булар ҳам жиноятчилар тилида гаплашишади-я!.. Нега? Бизнинг кўнглимизга йўл топиш мақсадида шундай усул қўллашадими? Дўқ-пўписа билан ҳам муомала қилаверишса бўлади-ку!.. Масалан, анави назоратчига ўхшаб!.. Билмадим… Билмадим…

— Балки шундайдир. — жавоб қилдим. — Менга гапнинг индаллосини айтсангиз девдим…

— Йўқ, шошилма, — деди майор. — Сен қачон рухсат берсам, ўшанда кетасан. Шуни биласанми?

— Аҳмоқ эмасман.

— Унда эшит. Турманинг ўз қоидалари бўлади. Сени шуларнинг бириминан таништираман.

— Таништираверинг.

— Ҳар бир тартибли аристон турмадаги қайсидир раҳбарга сирдош бўлади. Шуни билармидинг?

Ҳайратим ошиб елка қисиш билан кифояландим.

— Кўрдингми, билмайсан. Сабаби равшан. Сен турмамизга эндигина келдинг… Майли, давом этаман. Сирдошлиги шундаки, унга махфий топшириқ берилади. Аристон шу топшириқни бажариши шарт. Эвазига… Эвазига унинг ҳам илтимослари қондирилади.

— Масалан, қандай илтимос? — сўрадим ҳушёр тортиб.

— Ҳар қанақанги бўлиши мумкин.

— Бир-икки кунга озодликка чиқишни илтимос қилса-чи?

— Ў, иштаҳа зўр-ку, Шарипов! — кулиб юборди майор. — Ҳали турмага жойлашиб улгурмай, озодликдан гап очганинг нимаси? Ундан кўра, аристонларга хос нарсаларни илтимос қилсанг-чи!.. Наша, ичкилик, аёллардан топиб беришни сўра! Буларнинг иложини топса бўлади.

— Тушунарли, — мен столнинг бир четига ташлаб қўйилган ялтироқ қутига кўзим тушиб бир-икки қимирлаб қўйдим. Бу ҳолатимни майор дарров пайқади ва жилмайганча қутини менга узатди.

— Ол, Шарипов, чек сигаретдан!

Бундай узун, фильтри қоп-қора сигаретни умримда биринчи кўриб туришим эди. Шоша-пиша бир донасини олиб тутатдим.

— Ана энди қулоқ сол. — давом этди майор. — Бугундан эътиборан сен менинг топшириқларимни бажарасан.

— Қанақа топшириқ?

— Биласанми… Яқинда турма навбатчилик қисми бошлиғи майор Маратов ўзини осиб қўйган. Лекин мен бундай деб ўйламайман. Унга кимлардир ёрдам берган. Шу воқеадан сўнг бир каллакесар аристонни бошқа турмага ўтказиш ҳақида буйруқ беришди. У машинада турмадан олиб чиқиб кетилди. Афсуски, аристон манзилига етиб бормаган… Ажабланарлиси, худди ўша аристон майорнинг ўлимидан бохабар эди. Хуллас, бўлаётган ишлар қандайдир мистикага ўхшайди… Сен менга албатта ёрдам беришинг керак. Камерангга киргандан кейин гап орасида шундан сўз очиб кўрасан. Эскитдан ўтирганлар нималарнидир билиши керак. Нимани аниқласанг, менга кириб айтасан. Ишон, ҳамма бўлиб ўтган гаплар орамизда қолади.

— Тушунарли, — дедим лаб тишлаб. — Дўмбирачилик қиларканман-да!.. Йўқ, сиз адашяпсиз. Мен унақалардан эмасман. Бошқа безовта қилмасангиз ҳам бўлади.

— Аҳмоқ, ўзингга яхши бўлади! — майор кутилмаган жавобимдан тутоқиб кетди. — Ана, агар менга ишонмасанг, сўра! Ўша Женянг ҳам қайсидир офицерга хизмат қилади. Акс ҳолда биз аристонлар устидан ҳукм ўтказишига йўл бериб қўймасдик.

— Бу унинг иши. Мен буткул бошқа одамман.

— Ўзинг биласан. Ақлинг бўлса, ўйлаб кўрарсан. Башарти, бир қарорга келсанг, албатта хабар бер! Бор энди!..

 

* * *

 

Камерага кириб ҳали нафас ростлашга улгурмасимдан Женя янги гап айтиб қолди.

— Арсен деган аристонни билармидинг? — сўради у.

— Арманими? Ҳа, уни жуда яхши танийман.

— Ўшани бугун бизнинг турмага олиб келшибди.

— Наҳотки?.. Бу янгилик-ку!.. — дедим кулиб. — Бизнинг камерага жойлаштиришса, яхши бўларди.

— Нима, ораларинг бузилганмиди?

— Шунга яқинроқ.

— У ҳолда ташкил қилса бўлади. — Женя камерадошларга бир-бир қараб олиб кафтларини бир-бирига ишқалаганча эшик ёнига борди. — Ҳозир назоратчига шипшитамиз, вассалом!..

— Шипшит! Бир башарасини кўрайлик арманининг!..

Женя эшик даричасини тақиллатди. Зум ўтмай назоратчининг хумдек боши кўринди.

— Нима дейсан? — ўдағайлади у. — Тезроқ гапир, товуқ гўшти совиб қоляпти!

— Ҳозиргина янги аристон келибди деб эшитдик. — мулойим оҳангда гап бошлади Женя.

— Нима бўпти?

— Ўшани бизнинг камерага тўғриласанг! Қуруқ қўймаймиз. Бутун товуқ ҳадя қиламиз.

— Оббо каллакесар, ўғрилар-ей! — кулиб юборди назоратчи. — Бўпти, мен катталарга айтиб кўраман. Фақат товуқни тайёр қилиб қўйларинг!..

Дарича ёпилгач, Женя менга юзланди.

— Ана, ишинг битди, биродар! — деди у лабларини ялаб. — Энди тезроқ товуқни тайёрлаб қўй! Менга эса бир шиша ароқ қўясан.

— Ҳозир-а?.. Ёнимда… Пул йўқ-ку!..

— Мендаям йўқ. Қарз бериб турардим-у, аммо жамғарманиям тугатиб бўлганмиз. Менга қара, шундай йигит, арзимаган товуқ билан ароқни ест қила олмайсанми? Суриштириб топасан-да!..

— Кел, энди, Мурод, — гапга аралашди каравотида ёнбошлаганча қотган нон кавшаётган қария. — Бир маза қилсак қилибмиз-да сен баҳона!.. Қара, пул қолмаганидан қотган нон еб ўтирибман!..

Бу гаплардан сўнг ўйланиб қолдим. Негаки, турмадагиларнинг феъл-атворини яхши биламан. Улар беҳуда гапиришмайди. Айниқса, зиёфат масаласида ҳазил аралаштирилмайди. Қолаверса, арманининг камерага жойлашиши мен учун айни муддао бўларди. Қолган-қутган аламларни олардим ва уни муддатим тугагунча таъзим қилиб яшашини кўриш бирдан-бир орзуим эди.

Нима қилсам экан? Наҳотки, камерадошларни хурсанд қила олмасам? Бир шиша ароқ топишга қурбим етмайдими? Бутун бошли турмадан илож топа олмайманми? Ҳа-я, нималар деяпман ўзим? Кимниям танирдим бу ерда? Куни кеча келган бўлсам. Аммо… Аристонларнинг, айниқса, Женянинг шаштини қайтаришга виждон ҳам йўл бермайди. Нимадир қилиш керак. Қандай бўлмасин, имкон қидиришим зарур. Эй Худо, шунча пайтдан бери ҳар қандай муаммога ечим топа олган одам арзимаган юмушни эплай олмасам!.. Йўқ, паст кетишни истамайман. Ортимдан калака қилишларини, ҳурматимни йўқотишни хоҳламайман. Ҳа, майорнинг шартига кўнаман. Бундан бошқа йўл йўқ. Фақат ваъдасида турса, менинг ҳам шартимни адо этса, манави мишиқилар қаршисида мулзам бўлишимга йўл қўймаса, рози бўламан.

— Ростдан кайф қилгиларинг келяптими? — атайин қайта сўрадим камерадагилардан.

Улар бараварига қичқиришди.

— Бўлмаса-чи!?. Тезлат, йигит, тезлат!..

Мен гарчи ўзга юртларда кезиб улғайган бўлсам-да, барибир вужудимда ўзбек қони уфуриб турганини яна бир бор ҳис этдим. Ҳа, биз ўзбеклар меҳмон кутишни, гарчи у душманимиз саналса ҳам барибир сийлашни хуш кўрамиз. Меҳмоннинг мамнун қиёфасини кўрсак, теримизга сиғмай кетамиз. Яратганга шукр қилиб, уйимиздан меҳмон аримаслигини сўраймиз.

Мен ҳам шу лаҳзаларда тўлқинланиб, ёнимдагиларни нима биландир сийлай ола билишимдан қувониб кетдим ва эшикка яқин бориб даричани тақиллата бошладим.

— Сенга нима керак? — оғзини тўлдириб ниманидир кавшай-кавшай сўради назоратчи.

— Мени майор ҳузурига олиб бор! — шивирладим унга.

— Нима?.. Нега?.. — назоратчи уёқ-буёққа қараб олди.

— Гапим бор. У мени кутяпти.

— Кутмаётган бўлса-чи?

— Вей, товуқдан умидинг борми ўзи? — ўзимни худди жаҳли чиққан каби кўрсатиб афтимни бужмайтирдим.

— Ҳ-ҳа, — деди лабларини ялаб назоратчи. — Қани товуқ? Олдин кўрсат!

— Қайтгандан кейин оласан товуқни. Тезроқ олиб бор!

— Бўпти, — назоратчи бироз норозиланган кўйи камера эшигини очди. — Чиқ! Деворга орқа ўгир!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...