Навоийда 10 та “Келажак боғи» барпо этилмоқда

0

Бугунги кунда Навоий вилояти аҳолисининг 55 фоизини, яъни 544 минг 400 нафарини ёшлар ташкил этади. Уларнинг 285 минг 800 нафари 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. Айни пайтда мана шу ёшлар иштирокида вилоят бўйлаб экоакциялар ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоятнинг 8 та туман ва 2 та шаҳаридаги 10 гектаргача бўлган ер майдонларида “Келажак боғи” барпо этилмоқда.

Қувонарлиси, ҳозирда Навоий шаҳри, Нурота, Кармана ва Навбаҳор туманларидаги ёшлар катта шижоат билан ушбу боғлар учун турли манзарали кўчатларни экишга киришган.

Маълумот учун: 2020 йил 20 февраль куни биринчи “Келажак боғи” Навоий шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласида яратилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари, Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳамда бир гуруҳ меҳнаткаш ёшлар 10 гектар ер майдонига манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишди.

Мазкур экоакцияда Навоий вилояти ҳокими Қобилжон Турсунов ва сектор раҳбарлари ҳамда вилоятдан сайланган сенаторлар ҳам иштирок этди. Ниҳол экиш жараёнини дастлаб, вилоят ҳокимининг ўзи бошлаб берди.

Ушбу кун экоакциялар Навоий вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилиб, унда жами 20 минг нафар ёшлар “Келажак боғи” учун белгиланган майдонларга 100 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатларини ўтқазишди.

 

loading...