ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (17-қисм)

0

 

 

* * *

 

Учрашувлар хонасига яқинлашиб келарканман, қалбимни фахр туйғуси қамраб олганди. Ортимда шошилмасдан қадам ташлаётган назоратчига ўғринча қараб қўяр, ич-ичдан ғурурланардим.

Ҳа, мен қисқа вақт ичида Александрдек хавфли ва ўта шафқатсиз ўғрибошига яқинлаша олдим. Унинг ишончига кирдим. Менга квартира ҳам ваъда қилди. Балки турмадаги ҳаётим бундан-да яхшироқ, ёқимлироқ кечар…

Эшикни очиб ичкарига кирганимда Тамара каравотнинг бир четида йиғлаб ўтирарди. Мени кўрди-ю, даст ўрнидан туриб, хона бурчига ўтиб олди.

— Менга тегма! — титроқ аралаш ҳайқирди у қўлларини олдинга чўзиб. — Ҳақинг йўқ!.. Билиб қўй, яқин келсанг, мана шу тирноқларимминан сўйиб ташлайман!

— Сўйиб?.. — кулиб юбордим. — Тирноқ билан одам сўйиб бўларканми? Пичоқ яхши… Иш беради… Берайми пичоқ?

— Устимдан кулма!.. Пулларингни мен олмаганман!

— Қўйсанг-чи, жонидан! — дедим Тамарага яқин бориб. — Ҳозир бу гапларнинг мавриди эмас. Кел, яхшиси, кайф-сафо қиламиз! Берилган фурсатдан фойдаланиб қоламиз.

— Ўлдирмайсанми? — қўрқув аралаш сўради Тамара.

— Жинни бўлибманми сени ўлдириб? Сендай офатижонни ўлдиришга қўлим бормайди.

— Ростданми? Ростдан ўлдирмайсан-а?..

— Қасам ичайми?..

Шу гапимдан сўнг у бўшашиб елкамга бошини қўйди.

— Мардлигингни билардим. — шивирлади Тамара ўзини буткул ихтиёримга топшириб. — Баъзи ярамасларга ўхшамаслигингга шубҳа қилмасдим.

— Сени менга Худонинг ўзи юборди. — дея Тамарани ечинтира бошладим. — Қара, бундай келишган, жозибали қомат ҳеч кимда йўқ. Сийналаринг ҳар қандай эркакнинг жонини олишга қодир. Кел, бағримга кир!.. Эрит мени, эрит!..

Кейинги кунлари Тамаранинг тақдири билан умуман қизиқмадим. Асосийси, Александрнинг топшириғини аъло даражада адо этдим. Қолгани менинг муаммом эмасди.

Ҳайратга тушганим, ишда ҳам назоратчи, соқчиларнинг менга нисбатан муносабатлари ҳийла ўзгарганди. Энди улар башарти қаддимни ростлаб бир-икки сония нафас ростласам, дағдаға қилишмас, ўзларини худди кўрмагандек тутишарди.

«Қонундаги ўғрининг турмадаги обрўси бунчалик юқори деб ўйламагандим. — Хаёлимдан ўтказдим кечки йўқловдан қайтгач, каравотимга оҳиста чўкарканман. — Қизиқ, бойлиги қанча экан?.. Ҳойнаҳой, бозорларда «точка»лариям йўқ эмасдир…»

Шу пайт дарича остидаги каравотда ётган Боря деган озғин, қиррабурун аристон шошиб ўрнидан турди-да, узун ходага ёпишди. Бу хода орқали СИЗО да бўлганидек, турмадаги аристонлар бир-бирларига хат битишади. Кўпинча, Александрнинг кўрсатмаларини қабул қилиб олишади.

— Ў, «пахан»дан экан! — қўлида қоғоз билан пастга сакради аристон.

— Ўзинг ўқи! — буюрди Женя ётган ерида. — Кимга экан ўзи?..

Аристон хатга кўз ташлаб олгач, хатни менинг қўлимга тутқазди.

— Женя икковларингга шекилли. — деди у хижолат тортган кўйи икки қўлини дарров кўксига босиб. — Лекин… Ўқиганим йўқ, ишонинг!..

— Бўпти, бор жойингга! — қўл силтадим. — Буёғи сенинг ишинг эмас!

Хатни ўқидим. Александр негадир Женя иккаламизни ҳузурига чорлабди.

— Женя, боришимиз шарт экан. — дедим эгнимга турма кителини илиб. — Зудлик билан етиб бормасак бўлмас экан эллигинчи камерага.

Женя индамай кийинди-да, камера эшиги томон юрди.

Александр одатига кўра оромкурсига ястаниб олганча коньяк ичарди. Кириб келганимизни кўриб ҳурмат учун ўрнидан қўзғалиб қўйди. Тепасида туриб хизмат қилаётган калбош, паст бўйли аристон эса унинг ишораси билан дарҳол эшик рўпарасига бориб олди.

— Ўтиринглар! — Александр бизга жой кўрсатиб ўзи қадаҳларга конькдан қуйди. — Хўш, братвалар, камерада нима гаплар?..

Биринчи бўлиб Женя тилга кирди.

— Қиз масаласини ҳал қилдик.

— Ҳеч ким хитланмадими ишқилиб? — сўради Александр менга сирли назар ташлаб.

— Биласиз-ку! Мен бунақа ишларни қойиллатиб ташлайман.

— Яхши. Энди асосий масалага ўтайлик.

Александр лаб тишлаб пича ўй суриб турди-да, давом этди.

— Женя, сенга «тож» кийдирмасак бўлмайдиганга ўхшайди!

— Нима?.. — бу гапни эшитиб Женянинг чеҳраси очилди. — Ростданми?.. Уёқдагилар…

— Улар билан гаплашдим. — деди Александр. — Ҳаммалари рози. Фақат бир юмуш қолди.

— Тавсияномаларми? — ҳовлиқиб сўради Женя. — Боплаймиз!..

Мен ҳамон гап нимада эканини тушунмас, бир Женяга, бир Александрга ҳайрат аралаш тикилардим. Александр ҳолатимни пайқадими, саволга жавоб бериш ўрнига мен томон юзланди.

— Женянинг аввалги «унвон»ини қайтармоқчимиз, Мурод!.. Яқинда қайтадан «қонундаги ўғри» (вор в законе) га айланади аканг. Хўш, хурсандмисан?..

— Албатта… хурсандман… — сал тутилиброқ жавоб қилдим. — Аммо… Сен…

— Мен яқинда озодликка чиқаман. Ўрнимни Женя эгаллайди.

— Зўр иш бўпти. — мамнунлигимни яшира олмай кафтларимни бир-бирига ишқалай бошладим. — Женя арзийди…

— Айтганча, Женя, сенинг шу кунгача қилган ишларингни яна бир карра текшириб кўрамиз. Биласан-ку, қартада қарзинг қолмаган бўлиши керак. Акс ҳолда сени ўғрибошиликка тайинлай олмайман.

— Х-хўп… Хўп, — Женя икки қўлини кўксига қўйиб қуллуқ қилди. — Мен аниқ биламан. Орқамда қарз деган нарсанинг ўзи қолмаган.

— Энди гап мундай… Муродни сенинг ўрнингга ҳам камерабоши, ҳам турма ғазначилигига тайинлайман. Мурод, камерага борибоқ, ишни қабул қилиб ол! Ҳарқалай, ишончимни қозона олдинг. «Общаг» пулларини яхши сақлай оласан, камерангда тартиб ўрнатиш ҳам қўлингдан келади. Мабодо муаммо туғилса, тортинмай келавер! Лекин… «Доля» масаласини унутиб қўймаларинг!

— Ўзим ҳаммасини тушунтираман. — гапни илиб кетди Женя. — Мурод фаросатли йигит. Ҳеч нарсани унутиб қолдирмайди.

— Унда боринглар! Женя, тавсиянома йиғишни бошлайвер! «Тож» кийдириш вақтини ўзим айтаман.

— Хўп, Александр! Бу яхшилигингизни ўла ўлгунча унутмайман!.. Мурод, айтиб қўяй, «мусор»ларга хизмат қила кўрма!

Мен бош ирғаганча Женянинг ортидан эргашдим.

 

* * *

 

«Обшаг»га тегишли пуллар оз эмасди. Уларни ишдан қайтгач, Женянинг қўлидан санаб ишончли жойга беркитгунча тун яримлаб қолди.

Азбаройи чарчаганимдан каравотга ёнбошлабман-у, кўзим илинибди. Кимнингдир оҳиста шивирлашидан уйғониб кетдим ва пардани нари сурдим.

Тепамда Боря қимтинганча қараб турарди.

— Сенга нима керак? — сўрадим совуққонлик билан.

— Биласанми, Мурод… — тутилиб гап бошлади Боря. — Онам пенсиясини ўғирлатиб қўйибди. Ёнимда бир тийин ҳам пул йўқ эди. Шунга…

— Чайналмасдан тезроқ гапирсанг-чи! — дағдаға қилдим унга.

— Юз сўм қарз бериб турсанг девдим.

— Қаердан оламан шунча пулни? Биласан-ку, бу ерга яқинда келганман. Иложи йўқ.

— Ахир… «Обшаг»нинг пули сенда-ку!.. Эртагаёқ жойига қўяман.

— Нима?.. Ақлинг жойидами? Бу пуллар бировларникилигини билиб туриб сўраяпсанми?

— Аҳвол жиддий! — деди сал қурса йиғлагудек бўлиб Боря. — Бир умр унутмасдим яхшилигингни.

— Бўлмаган гапни гапирма! Беролмайман. Ана, бошқалардан сўра!..

— Улардаям йўқ экан-да!

— Унда билмадим. Бўлди, гап тамом! Ётиб ухла!..

Шундай дедим-у, пардани ёпиб девор томон ўгирилиб олдим.

 

* * *

 

Бугун Женя билан то кечгача гаплашмабмиз. У ўзи билан ўзи овора эди. Кун бўйи кимларгадир қўлма-қўл хат жўнатиш, тавсиянома йиғишдан бўшамади.

Фақат шом маҳали камерага кириб келганимиздан кейин ёнимга ўтириб елкамга қоққанча гап бошлади.

— Кечир, Мурод, тунда Борядан мен илтимос қилгандим қарз сўрашини.

— Сен?.. Нега? Тинчликми? Тушунмадим…

— Александр сени яна бир марта текшириб кўришимни айтганди.

— Шунақами? Хўш, текширувингдан ўтдимми ишқилиб?

— Ўтгандаям аъло даражада ўтдинг. Баракалла! Энди бемалол ёруғ юз билан эллигинчи камерага борсак бўлади.

— Бугунми? Мен… Нима қиламан у ерда?

— Александр икковлашиб боришимизни тайинлабди. Мана, хат олдим. Ярим соатлардан кейин борамиз.

— Борсак бораверамиз-да! — дедим хотиржам тортиб. — Охири бахайр бўлса бас!

— Зўр бўлади! Мана кўрасан! «Тож» кийиб олай, сен ҳам шоҳона ҳаёт кечирасан турмада.

— Айтганинг келсин!

Бу гал Александр бизни негадир совуқ қарши олди. Ҳар сафаргидек кириб борганимизда ўрнидан қўзғалиб ҳам қўймади. Қовоғини уйган ҳолда қўли билан ётган ерида курси томон ишора қилди холос.

— Хўш, Женя, ишлар қалай? — сўради ҳамроҳимга аламли боқиб.

— Т-тавсияномаларни тўплаб қўйдим. — Женя қўли кўксида жавоб берди.

— Тавсиянома дегин?.. — Александр истар-истамас ўрнидан туриб тепамизга келди. — Ўша тавсияномаларингни-чи, бир жойингга тиқиб ол!

Женя кутилмаган гапдан бир сесканиб Александрга қўрқув аралаш тикилиб қаради.

— Тушунмадим, Саша!.. — дея олди зўрға.

— Нимани тушунмайсан?.. Қарзинг бор экан-ку қартадан!.. Нима, мени алдамоқчи бўлдингми? Братвалар қаршисида юзимни ерга қаратиб маза қилмоқчимидинг?..

— Қарз?.. Бўлиши мумкинмас!.. Ҳаммасини ҳал қилиб бўлганман!

— Ёлғон гапирма! Ана, ўттизинчи камерадаги Мишадан минг сўм қарзинг бор экан. Менга етказишди.

— Миша?.. Йўқ, ишонмайман… Мен ҳеч қачон қарзимни узмасдан кетмаганман.

— Буёғини энди ўзинг ҳал қил! Қачон орқангни ёпсанг, ўшанда киясан «тож»ни!.. Бор, сени кўрсам асабим бузиляпти!..

Икковимиз ҳам Александрнинг буйруғини эшитганимиз ҳамоно ўқ ургандек ташқарига отилдик.

Женя камерага кирибоқ назоратчидан Миша билан учраштиришини илтимос қилди. Албатта, илтимос қуруқдан қуруқ бўлмайди. Назоратчи битта ўнталикни қўлига олгач, кўз очиб юмгунча иккаламизни сайр майдончасига олиб чиқди.

Миша деганлари баланд бўйли, кўзи ғилайроқ, калбош, ёши қирқларга борган бир эркак эди. У Женяни кўриши билан ёнидаги шеригига кўз қисиб қўйди-да, деворга суяниб олди.

— Сендан қачон қарз бўлгандим қартада? — сўради Женя дағдағали оҳангда. — Нега Сашага ёлғон гапирдинг?

— Ким ёлғон гапирибди? Менми? — Миша лаби учиб Женяга яқин борди. — Вей, қария, эсингни йиғиб олгин-да энди! Икки йил олдин ертўлада қарта ташлаганимиз ёдингдан чиқдими? Ўшанда тўлашга ҳеч вақоинг қолмай, оёғимни ўпгудай ялингандинг!.. Хўш, эсладингми?

Женя бир муддат жим туриб қолди-да, бош чайқаб қўйди.

— Ҳа, Миша, узр! Ташвишларминан бўлиб бутунлай унутиб қўйган эканман… Айб ўзимда!

— Энди қачон узасан қарзни?.. Ё кутиб юраверайми?

— Йўқ, — деди Женя. — Қарзни бугуноқ узаман. Тунги бирларда қўлингга тегади ўша пуллар.

— Ана энди ўзингга келдинг. Хўп, кетдим унда!..

Камерага қайтгандан сўнг Женя баттар безовталана бошлади. Чамаси, бунча пул ёнида йўқ эди. Ўзича нималарнидир хомчўт қилиб, ҳисоблаган бўлди. Сўнгра секин менинг тепамга келди.

— Мурод, — шивирлади бошқа аристонлар томон ўғринча кўз ташлаб. — Менга ёрдаминг керак.

— Нима ёрдам? — гарчи нималигини сезиб турсам-да, атайин сўрадим.

— Пул керак эртагача. «Обшаг» пулидан бериб турмасанг бўлмайди, оғайни.

— «Обшаг» пулига тегмайман. — бош чайқаб терс ўгирилдим. — Билиб туриб сўраганинг нимаси?

— Қўй, қийин ҳолатда турганимда сен ҳам эзма! — Женянинг овози бу гал титраб чиқди. — Агар шу кеча муаммони ҳал қилмасам тамом бўламан. Илтимос, эртага кечқурун жойига қўяман. Бериб турсанг-чи!

— Беҳуда овора бўляпсан. Барибир бу пул берилмайди. Ана, пул керак бўлса, қимор уюштир! Қиморда мендан ўтадигани йўқ дегандинг-ку!

— Шунақами? — қўлларини мушт қилди Женя. — Сен мени қаттиқ ранжитдинг, Мурод. Бор умидим сендан эди.

— Бу гапларни қўй, Женя! — дедим унга совуқ тикилиб. — Ўзинг ошни пиширдингми, ўзинг еявер! Мени шерик қилишнинг сира кераги йўқ.

— Яхшиликни билмас экансан!

Женя столга алам билан бир муштлади-да, оёғи остидаги курсини тепиб юбориб каравоти томон кетди.

Қанча ухладим, билмайман. Женянинг оҳиста турткисидан уйғониб кетдим.

— Юр, менга ҳамроҳ бўл ҳич қурса! — ялинганнамо сўз қотди у. — Қимор ўйини бўлади. Ёнимда турсанг бўлди.

— Қаерда? Ярим кечада-я?

— Нима бўпти? Назоратчининг оғзини ёпиб қўйдим. Ҳеч кимга чурқ этмайди.

— Кимминан ўйнамоқчисан?

Женя лабини асабий тишлаб бирпас жим қолди-да, жавоб қилди:

— Ментларминан.

— Нима? Эсингни еганмисан? Майор сезиб қолса…

— Буёғидан кўнглинг хотиржам бўлсин! Билиб қолгандаям сени сотиш йўқ.

— Нима, бир ўзинг қўрқяпсанми?

— Гап қўрқишдамас. Биласанми… Ментлардан ҳар балони кутса бўлади. Башарти ютсам-у, пулни беришмаса, расво бўламан. Сен ёнимда турсанг, бундай қила олишмайди. Ҳар ҳолда гувоҳдан чўчишади.

— Майли, чақир назоратчингни, кетдик!

Женя бу гапимдан сўнг енгил тортиб камера эшиги томон пилдиради.

 

* * *

 

Бу таклифга нега розилик билдирганимни ўзим ҳам билмасдим. Турманинг ним қоронғи йўлакларидан юриб бориб, ертўлага тушарканмиз, беихтиёр юрагим ғаш тортиб, вужудим увиша бошлаганини ҳис этдим.

Ахир, нима қиляпман ўзи? Ментлар билан қарта ўйнашни ким қўйибди бизларга? Уларда на меҳр, на шафқат бор. Ютиб олган тақдиримизда ҳам тан олишармиди улар? Кетимизга икки тепишади-ю, ҳайдаб солишади.

— Балки, фикрингдан қайтарсан-а? — ёнимда хотиржам кетиб бораётган Женяга юзланиб сўрадим. — Бу жуда қалтис иш. Ҳеч ким сезмаган тақдирдаям, барибир, қалтис.

— Намунча қуёнюрак бўлмасанг? — уришиб берди Женя. — Еб қўйишармиди бизларни? Ўзлари таклиф қилишди-ку! Ҳали қараб турасан, бу ярамасларни шундай боплаб ютайки…

— Ўзинг биласан! — қўл силтаганча олдинга ўтиб олдим. — Пушаймон бўлиб бошингни чангаллаганингда кеч бўлади.

— Тўхта! — деди чанг босиб ётган эшикка етганимизда назоратчи. — Мана шу хонага кирасанлар! Айтиб қўяй, жанжал-панжал қилиб юрмаларинг, нақ карцерда чиритаман-а!

Назоратчи ҳали узоқ кетиб улгурмай эшик очилиб, ичкаридан узун бўйли, озғин йигит чиқиб, бош ирғади.

— Киринглар, кутишяпти!

Озғин йигит ташқарида қолди, биз ичкарига кирдик. Хона тор эди. Икки ёнбошга каравот, ўртага кичик бир стол қўйилибди. Чапдаги каравотда икки сержант, ўнгда эса ўрта бўйли, мушаклари туртиб чиққан, чайир бир лейтенант ўтирарди.

Бизни кўришгач, улар бир-бирларига маъноли қараб олишди.

— Ҳа, қария, — сўради лейтенант ўтирган ерида. — Кексайиб қўрқоқ бўлиб қолдингми, дум етаклаб келибсан? Бунақасини келишмагандик-ку!

— Бу ишончли йигит, — деди шеригим ўтиришга шошилмай сержантларни бир-бир кузатаркан. — Ўзинг ҳам манавиларни нега ушлаб ўтирибсан?

— Булар манавимас, турма ходимлари, — таҳдидли оҳангда жавоб қилди лейтенант. — Тилинга кўпам эрк бераверма!

— Бу мени ишим, — деди Женя ҳам бўш келмай. — Мусорлар билан бир стол атрофида ўтиришга рози бўлганим учун хурсанд бўлсанг-чи!.. Бир умр братвалар билан қимор ўйнаганингни ҳаяжон билан эслаб юрасан.

— Бўпти, бас қил гап-сўзни! — тоқати тоқ бўлди чоғи лейтенант бизни ўтиришга чорлади. — Қани, ўтирларинг! Фақат билиб қўй, ютқазсанг, ўн мингдан зиёд пул ютқизсанг, менга қул бўласан!..

— Тушунарли, — Женя унинг гапига парво ҳам қилмай қарталарни қўлига олиб чийлай бошлади.

Умримда бунчалик ҳаяжонли ўйинни кўрмаганим учун бутун диққатимни жамлаб, унинг ҳаракатларини кузатдим.

Хуллас, қарталар сузилди. Лейтенант стол устига бир даста юзталик пулларни ташлаб, устини елим халта билан ёпиб қўйди. Демак, ютган одам шу пулларга эгалик қилади. Аммо Женя ютқазиб қўйса-чи?.. Унда нима бўлади? Наҳотки бир умр лейтенатга қул бўлиб қолса? Шуларни хаёлимдан кечирарканман бир четда ўйинни кузата бошладим.

Лейтенант ёш бўлишига қарамай қиморда анча тажрибага эга экан. Ярим соатча вақт ўтмай Женянинг бўйнига унча-мунча пул илиб қўйди. Аммо у бунга парво қилмас, афтидан омад фариштаси ўзи томонда бўлишига ишончи комил эди. Лейтенант бўлса (унинг исми Дмитрий экан), ютган сайин кайфияти кўтарилар, тинмай беҳаё латифалар айтиб сержантларни кулдирарди.

Ўйин шу тариқа икки соатча давом этди. Кейин эса Женянинг қўли баланд кела бошлади ва ҳаш-паш дегунча Димани анчага туширди.

— Бунақада эрталабгача ҳам ўйин тугамайдиганга ўхшайди, қария, — дея сўз бошлади бир маҳал лейтенант. — Кел, ундан кўра яхшиси бор пулни ўртага тикамиз, кимнинг омади чопса, пул ўшаники бўлади.

— Розиман, — деди Женя рақибига синчковлик билан тикиларкан. — Таклифни сен киритдинг, қарталарни ҳам ўзинг чийлаб, ўзинг тарқат.

Бу гапдан кейин сержантлар ҳам ҳушёр тортиб қолишди. Лейтенант шошилмасдан қартани чийлаб, аввал Женяга, кейин ўзига тарқатди. Женя олдидаги уч дона қартани кўксига босганча бир-бир қараб чиққач масхаралаган каби баланд овозда кулиб юборди.

— Ҳамма пулни ўртага қўямиз, дегандинг. Бунинг устига пули йўқ одам билан қарзга ўйнашга ҳам рози бўлдинг. Мен сенинг бу мардлигингни ҳурмат қиламан. Лекин бировдан, айниқса ментдан қарз бўлишни ёмон кўраман, ўртадан истаганингча пул ол, мен розиман, — деди у маза қилиб кулиб бўлгач.

— Мени понтга олмасдан аввал қарталарингни яна бир бор яхшилиб кўриб ол, қария, кейин сенда бундай имконият бўлмайди, — бўш келмади лейтенент ҳам.

— Шогирдларинг ҳам сувга тушган мушукдай шумшайиб қолишди, лейтенант! Кел, яхшиси, менинг айтганимни қилайлик!

— Аввал қўлингдаги қарталарни столга қўй! — буюрди лейтенант ютқазганини бўйнига олгиси келмай. — Нега жим бўп қолдинг? Қўймайсанми?

— Мана! — Женя кула-кула қўлидаги уч дона «Туз»ни стол устига ташлади. — Хўш, бўлдими?

Женянинг чиндан ҳам омади чопиб, қиморда камдан-кам одамга насиб қиладиган юқори очко — 33 ни қўлга киритганди. Буни кўриб барча, шу жумладан, камина ҳам қотиб қолдик. Лейтенатнинг пешонасида лаҳзанинг ўзидаёқ йирик-йирик тер томчилари пайдо бўлди. Сержантлар эса столга тушган учта тузни кўриб, ўринларидан туриб кетишди. Вақтдан фойдаланган Женя эндигина пулларга қўл чўзганди, сержантлардан бири унинг билагидан маҳкам ушлаб қолди.

— Пулларни жойига қўй! — бақирди у оғзидан тупук сачратиб. — Ҳали ўйин тугамади!

— Ғирромлик яхши эмас! — бош чайқади Женя. — Ютқазгандан кейин тан беринглар, хунасалар!

Унинг бу гапи иккинчи сержант билан лейтенантнинг ғазабини тоширди шекилли, бирин-кетин бақира кетишди.

— Нима?.. Кимни ҳақорат қилдинг? Қани яна бир қайтар-чи?!

Вазият кескин тус олаётганини кўриб индамай ўтира олмасдим. Даст ўрнимдан туриб Женяга қараб ўдағайлаётган сержантни елкасидан чангаллаб юқори кўтардим-да, бурчакка итқитиб юбордим. Шу пайт осмондан тушгандек яна икки-уч офицер хонага бостириб кирди ва Женя иккимизни таппа ерга босиб чарм таёқлар билан роса дўппослашди. Кейин қўлларимизга кишан солишди.

— Буларни алоҳида-алоҳида карцерга ташла! — буюрди лейтенант — Майорга ўзим жавоб бераман!

— Хўп бўлади!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...