Токио Олимпиадаси Лондонга кўчириладими?!

0

Токио-2020 ташкилий қўмитаси Олимпия ўйинлари учун кўнгиллиларни тайёрлаш жараёнини кечиктирди. Бунга бутун дунёга хавф солаётган коронавирус сабаб бўлмоқда, дея хабар беради ташкилий қўмита матбуот-хизмати.

Кўнгилиларни жамлаш айни кунларда амалга оширилиши кўзда тутилган эди. Аммо ташкилотчилар ҳали Олимпия ўйинларини бекор қилиш масаласини кўриб чиққани йўқ. Бир томондан Токио ҳукумати барча оммавий тадбирларни бекор қилмоқда. Шу боис ҳам 2.7 минг кишидан иборат кўнгиллилилар учун Олимпия ўйинларида ишлаш жараёнига бағишланган тренинг жорий йилнинг май ойи ёки ундан кейинроққа қолдирилади.

Бир неча кун муқаддам Лондон томони ўзларини Халқаро Олимпия қўмитасига 2020 йилги Олимпия ўйинларини ўтказиш учун альтернатив номзод сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди. Британия пойтахти мэрлигига номзодлардан бири Шон Бэйли Японияда ҳам коронавирусдан бир неча юз киши зарар кўргани ва унинг тарқалишидан ташвишда эканини билдирди. Ўз навбатида Токио мэри Юрико Коике Шон Бэйлининг Олимпия ўйинларини Лондонга кўчириш ҳақидаги таклифига танқидий фикр билдирди. “Бу масаладан шаҳар мэрлиги учун курашда ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш яхши эмас”, – деди Юрико Коике. Таъкидлаш жоиз, ХОҚ ҳали бу борада якуний қарорни қабул қилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Британия пойтахти бунгача 1908, 1948 ва 2012 йилларда ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилган.

loading...