«Усмонийлар империяси тарихи» туркумидан: «СУЛАЙМОННИНГ ОТА МЕҲРИДАН МОСУВО ҚИЗИ. ЙЎҚ, У МЕҲРИМОҲ ЭМАС…»

0

 

«Муҳташам юз йил» сериалига эмас, балки усмонийлар империяси тарихига назар ташласангиз, кўплаб кутилмаган ва ажабтовур воқеаларга гувоҳ бўласиз. Масалан, сериал орқали барчага таниш бўлган бир чеҳра соҳибасини олайлик. У султон Сулаймоннинг сингилларидан бири Бейхон султон. Бейхон подшо акаси эрини коррупцияда айблаб қатл этгач, ундан буткул совиб кетди. Умрининг охиригача акасининг бу қилмишини кечира олмади.

Қарангки, қайтар дунё деганларидек, Бейхоннинг тақдири Сулаймон меҳр бера олмаган қизига ҳам ўтди. Йўқ, у Меҳримоҳ эмасди. Меҳримоҳни султон Сулаймон жонидан ортиқ кўрган. Иккинчи қизи ҳақида сериалда сўз ҳам йўқ. У шаҳзода Мустафонинг ота бир, она бир синглиси Розия султон эди. Ҳа, у Сулаймон суйишдан тийилган ўша Моҳидаврондан туғилган.

Розиянинг болалиги энагалар, хизматкорлар, холалари, аммалари қуршовида ўтди. Аммо ота меҳрига қонмади. Сулаймон унга меҳр тугул, эътибор қаратишни ҳам хоҳламади.

Розия акаси шаҳзода Мустафо қатл этилгач, ўғлининг ўлими туфайли тушкунлик ботқоғига ботган онаси Моҳидавронга қараш, уни парваришлаш билан банд бўлди. Уни Хуррам султоннинг таъқибидан асраш илинжида яшади.

Сулаймон кўрдики, Розия ундан нафратланишда давом этмоқда. Султон қизидан шафқатсизларча ўч олди. Уни олис вилоятлардан бирида яшовчи пошшага турмушга узатиб юборди.

Розия ҳам отанинг бу ишларига муносиб жавоб қайтарди. У ўлганда ҳам видолашишга келмади. Шундай қилиб, аммаси Бейхон султоннинг нафратини такрорлади.

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

loading...