Анвар Санаев — антиқа «запрет»ларга тушиш бўйича рекордчи. Уч йиллик иккинчи «запрет»га Юлдуз Усмонова сабаб бўлган (видео)

0

Хонанда Анвар Санаев «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди.

Суҳбат давомида Анвар Санаев Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова сабаб иккинчи марта — уч йил «запрет»да юргани ҳақида гапириб берди.

«Биринчи «запрет»дан қутулиб, альбомлар тақдим қилдим. Концертлар бўлиб ўтди, кейин суҳбатга чақиришлар бошланди. «Ўзбегим таронаси» радиосига суҳбатга бордим. «Запрет»га тушишимдан олдин Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бир суҳбатида мени мақтадилар. Уларнинг сўзларидан кейин мухлислар орасида янада ҳурматим ошиб кетди, унгача улар билан шахсан таниш эмас эдим.

Юлдуз Усмоновага миннатдорчилик билдириш учун концертларига катта гул кўтариб бордим. «Юлдуз опа, обрўйимни кўтардингиз, мен учун бу жуда катта гап» деганимда улар «Мен суҳбатда тўғрисини айтганман, ҳақиқатан ҳам яхши ижод қиляпсиз» дегандилар.

«Ўзбегим таронаси»даги суҳбатда «қайси устоз санъаткорларнинг  қўшиқларини ёқтирасиз?» деган савол бўлди. Мен Юлдуз Усмоновани жуда ҳам ҳурмат қилишимни, улардек бўлишни ҳар битта қўшиқчи орзу қилишини айтдим. Бу инсон «Ўзбекистон номини чет элларда эслатиб туради, концертлари туфайли Юлдуз Усмонова дейишганда, Ўзбекистон ҳам чет элликларнинг кўз олдига келади» деганман. Суҳбатдан чиқишим билан ҳали уйга етиб бормасимдан, йўлда телефон бўлиб «Сенга «запрет» келди. Суҳбатда Юлдуз Усмонова ҳақида нима деган эдинг?» дейишди.

Шу сабаб бўлиб яна уч йил «запрет»да юрдим. Ўша вақтда Юлдуз Усмонова ҳам «запрет»да экан, уларни мақтаганим учун мени ҳам «запрет»га тиқишган экан».

Анвар Санаев, хонанда

loading...