Газетада мақола чоп этиш: мақсад ҳисоботбозликми, натижадорлик?

0

Яқинда Марказий сайлов комиссияси вакили иштирокида сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари раҳбарияти, вилоят ва округ сайлов комиссиялари раислари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳлари вакиллари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларнинг натижалари, ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз борди.

Йиғилишда ҳар бир соҳа вакили ўз йўналиши бўйича сўзга чиқиб, қандай меъёрлар киритилса ёки қай бир мезонлар такомиллаштирилса келгусида сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш енгиллашиши ҳақида таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Соҳа вакили бўлганим учун, вилоят ва ҳудуддаги округ сайлов комиссиясининг қарорларини матбуотда чоп этиш масаласи ҳақида мен ҳам ўз фикрларимни билдирдим.

Жумладан, тегишли ҳужжатга асосан тасдиқланган Марказий сайлов комиссиясининг марказлаштирилган харажатлари рўйхатида “Телевидение ва радио орқали ёритиш билан боғлиқ харажатлар” банди бўлгани ҳолда, негадир босма нашрлар харажатлари ҳақида ҳеч гап йўқлиги ажабланарлидир. Аниқроқ айтганда, харажатлари давлат бюджетидан молиялаштириладиган телевидение ва радиога сайлов кампанияси даврида маблағ ажратилди, бироқ хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи босма (даврий) нашрлар зиммасида, хусусан, вилоят ва туман газеталарида ҳудудий сайлов комиссияларининг қарорлари, сайлов участкаларининг жойлашуви, номзодлар таркиби ва ҳоказолар ҳақидаги ҳужжатлар чоп этилиши мажбурий экани ҳолда, ушбулар учун кетадиган харажатлар бирон бир манба томонидан қопланиши кўзда тутилмаган. Ваҳоланки, босма нашрлардаги бугунги аҳвол кўпчиликка, хусусан, мутасаддию муассисларга ҳам маълум.

Энди масаланинг иккинчи томонига эътибор қаратинг.

Дейлик, вилоятда 665 минг сайловчи бор. Уларга сайлов кампаниясига доир маълумотларни етказувчи газета эса, атиги 8-9 минг нусхада чоп этилиши, мантиқан қараганда, қанчалик тўғри? Ёхуд 121 минг 200 нафарга яқин сайловчиси бор туманда шу каби маълумотлар 1000-1200 нусхалик туман газетасида чоп этилиши фақат ҳисобот учунми?

Агар мақсад фақат ҳисобот учун бўлса, бу нотўғри бўлса-да, тушуниш мумкин, бироқ агар биз аниқ бир натижага эришишни ният қилган бўлсак, ушбу масалага жиддий, одилона эътибор қаратмоғимиз шарт.

Орадан бир мунча муддат ўтган бўлса-да, ушбу мавзуни яна кўтариш эҳтиёжи сезилгандек бўлди. Гап шундаки, бугун шиддат билан ривожланаётган мамлакатимиз равнақи учун хизмат қилаётган турли соҳа вакиллари фаолияти натижадорлигининг бир мезони сифатида, “матбуотда чиқиш қилиш, мақола чоп эттириш” масаласи ҳам мавжуд экан… Буни менга уларнинг ўзлари – суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, ёнғин хавфсизлиги ходимлари, ўқитувчилар… яқиндан бошлаб депутатлар ҳам… айтишди.

Мурожаат ҳам аниқ ва қуруққина: “Газетанинг шу сонига мақола бериб юборилса, ҳисобот учун керак экан, сўрашяпти…” Алам қиладигани, улар нима мақсадда мақола эълон қилмоқчи эканликларини яширишмайди, қайтанга, урғу беришади: “Ҳисобот учун!”

Хўш, аслида ҳам газетага муаллифлардан мақола ҳисобот учун бериладими? Ўша ҳисобот-мақола муаллифнинг раҳбарлари, ҳамкасблари томонидан мутолаа қилинадими, ёки фақат исми-фамилияси ўқилса, шу басми?

Афсуски, бу каби қарашлар тобора кўпайиб бормоқда. Янада ачинарлиси, бундай муносабатнинг сабаби фақат обуна бўлмаганлик эмас, босма нашрлар мутолаасига қизиқишнинг камайиб бораётганида ҳамдир. Кўпчилик газетани мутолаа қилиб фикрлашга, яхши бўлса, яхшилигини айтиб, ёмон бўлса, айнан нимаси ёмонлигини кўрсатиб, ўз шахсий муносабатини билдиришга эринади, бироқ олди-қочди, асосланмаган ғийбату фасодларга, кимнингдир жабр чекканию қай бир амалдорнинг ишдан олингани ҳақидаги хабарлар ортидан қувишдан толмайди. Бу маънавий таназзулнинг учқунлари эмасмикан, деган хавотир келади кўнгилга…

Босма нашрлар пайдо бўлгандан буён газетада мақола эълон қилиш ҳавас, ғурур бўлибгина қолмай, жамоатчиликка жамият, фаолият, ислоҳотлар ва турли жараёнлар ҳақидаги ўз муносабатини билдириш ҳамда ўз фикрларига хайрихоҳ ёки қаршиларни билиш воситаси ўлароқ тушунилади. Шунингдек, нафақат газетада мақола чиқариш, балки чоп этилган мақолаларни мутолаа қилиш, муносабат билдириш ҳам инсон маънавияти даражасини белгиловчи омиллардан саналиши билан бирга, жамиятда уйғоқ сўз, соғлом қарашлар кўламининг кенгайишига ҳам хизмат қилади. Қай бир корхонанинг раҳбари ёки ходимининг мақоласи газетада чоп этилсаю, ҳамкасбларидан бири ёки бошқа бир ташкилот раҳбари-ходими унга мақоласини ўқиганлиги ҳақида айтиб, фикрларига қўшилиши ёхуд бошқача қарашда эканлиги ҳақида маълум қилса… аслида мақоламизнинг натижадорлиги шундан бошланмайдими? Бу эса газетанинг келгуси сонида ўша муносабат билдирган шахснинг мулоҳазалари мунозара ўрнида чоп этилишига ҳам сабаб бўлади. Баҳс майдони кенгаяди, ўқувчилар сони ошади, жамиятдаги маълум бир масалага жамоатчиликнинг муносабати уйғонади, хайрли ечим топади.

Газета – халқ минбари. Унда фақат қай бир идоранинг топшириғига кўра эълон қилинадиган маълумотлар ёки ҳисобот учун мўлжалланган рақамлар йиғиндиси эмас, аввало ўқиладиган, фаолият доирасида фойдаланиладиган, ён-атрофимизга, жамиятга фойдаси тегадиган, соғлом фикр ва муносабат уйғотадиган, ҳеч бўлмаса, ахборот чанқоғини босадиган ва маънавий озуқа берадиган мақолаларни чоп этишгина натижадорликни таъминлайди.

 

xalq so’zi

loading...