ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (18-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Ифлос экансан! — аламли шивирладим ортимда ҳеч нарса бўлмагандек кетиб бораётган лейтенантга. — Ҳали шошмай тур, ғирромлик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!

— Мени беҳуда айблаяпсан! — деди у. — Ўртага катта пул тикилган, бу пулларнинг бир қисми меники эмас. Шундай экан, ютган тақдирингда ҳам, барибир, пулни сенларга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ.

— Лейтенант, сен бу ишинг билан жуда катта хатога йўл қўйдинг. Шуни биласанми?

— Нима, нима? Келиб-келиб сен, турмадан чиқиш-чиқмаслиги номаълум ипирисқи мени қўрқитмоқчи бўляпсанми?

— Катта кетма! Турмадан чиқмасам ҳам унча-мунча жойда сўзимни икки қилишмайди. Бу ерга келишдан аввал керакли одамларга шипшитиб қўйганман. Борди-ю, бирор ишкал юз берса, уч кундан ошиқ тирик юрмайсан, мен бунга кафолат бераман!

Бу гапимдан кейин лейтенантнинг дами ичига тушиб кетди. Буни нафас олишидан билиб олса бўларди.

— Майли, гапни калта қил! — йўлакни деярли бир айланиб ўтиб карцерга етганимизда лейтенант сержантларга тўхташни буюрди. — Мана шу ерда дам оласан энди, ланъати!

У эшикни очиб, овозининг борича қичқирди:

— Ҳов одамхўр! Меҳмонни қабул қилиб ол!

Эшик ташқаридан ёпилгач, карцернинг бир бурчидан бўйи мен каби баланд, йўғон билакли, сочлари қириб ташланган, кўп уришганидан бўлса керак, юзлари ўйдим-чуқур, оғзи бир тарафга ҳийла қийшайган, бадбашара аристон қаршимда пайдо бўлди. У менга янада яқин келди-да, қаддини эгиб, икки қўлини орқага қилганча совуқ тиржайди.

— Ҳа-а, — бақирди у оғзидан тупук сачратиб, — Келдиларми? ҳозир, ҳозир сенинг қулоғингни тишлаб узиб оламан! Ҳа-а-а-а!

Ундан заррача қўрққаним йўқ. Фақат эгнидаги кийимларнинг ифлослиги, тупук оқаётган оғзининг беўхшовлиги кўнглимни айнитиб ўзимни нари олдим.

— Қўрқиб кетдингми-а, қўрқдингми? Ана шунақа-а!.. — бақиришда давом этди аристон тобора менга яқин келиб. — Қулоғинг мазалими? Мазалими деб сўраяпман!?. Нега индамайсан? Ё соқовмисан? Кар-соқовмисан?

Шундай деб бақираркан уни йўтал тутди. Ё ажаб! Бунақасини умрим бино бўлиб кўрмагандим! Аристон ҳар йўталганда оғзидан тупук ўрнига қон отилиб полга тушарди. Бир зумда унинг томоқларидан тортиб кийимининг ёқасигача қонга бўялди.

«Ахир бунинг ажали яқин экан-ку!» деган фикр ўтди хаёлимдан ва жонҳолатда уни суяб бетон супачалардан бирига ўтқаздим-да, четда ётган латтани қўлимга олиб ҳўллаш мақсадида кранга чопдим.

Ҳўл латта билан яхшилаб юз-кўзини артганимдан сўнг аристон сал ўзига келиб, бошини орқага ташлади.

— Нима, касалмисан? — сўрадим ундан. — Нега санчастга ётмайсан, хумпар? Бу туришда ўлиб қоласан-ку!

Саволимга жавобан аристон қўл силтади.

— Қўявер, — деди у ҳамон қур-қур йўталишда давом этиб, — Бир бошга бир ўлим. Аллақачон пишганман. Энди… даволаниб қаерга ҳам борардим.

— Нега назоратчи сени одамхўр деб чақирди?

Аристон маъюс кулди.

— Сабабини айтайми?

— Айт!

— Бир куни ментнинг қулоғини тишлаб узиб олганман.

— Йўғ-э! Нимага?

— Калтаклашлари жонимдан ўтганди.

— Ўшандаям касалмидинг?

— Қаёқда?.. Соппа-соғ эдим. Шу сабаб бўлди-ю, карцердан чиқармай қўйишди. Олдинига билинмаганди. Кейинги икки ойда касал кучайиб кетди. Тушларимда қандайдир арвоҳлар оёғимдан тортадиган бўлиб қолишди. Касал қўзигандан қўзиса, кўзимга қора кийган махлуқсифат жонзотлар кўринади. Мени ғажийман деб ташлана бошлайди. Э, тағин нимасини айтай…

Уни яна йўтал тутди. Иккинчи марта латта ҳўллаб келиб қонларини артдим. Аммо бу сафар бу унга фойда бермади, қайтанга нафас олиши оғирлашиб, ўзини бетонга ташлаб юборди.

Югурганча бориб карцер эшигини тепа бошладим.

— Ҳой, ким бор?.. Врач чақирларинг, врач! Одам ўляпти!

Эшик туйнуги шарақлаб очилиб, назоратчининг қип-қизил юзи кўринди. Алдамаётганимга ишонч ҳосил қилди, шекилли, бироздан кейин эшикдан хомсемиздан келган бошқа бир назоратчи билан ичкарига киришди.

— Нима бўлди? Ким ўлди? Қани?

Мен бурчакда хириллаётган аристонга ишора қилдим.

Хомсемиз назоратчи унга яқин бориб қўлидаги чарм таёқ билан аристонни туртиб кўрди.

— Эътибор қилма! — деди у эшик томон йўналиб. — Бор, нарироққа бориб ўтир! Ҳозир санчастдагиларни чақираман. Олиб кетишади!

Кўз очиб юмгунча карцер ичи тўполон бўлиб кетса керак деб ўйлагандим. Афсуски ундай бўлмади. Фақатгина орадан бир соатдан кўпроқ вақт ўтгандан кейин келган врач аёл деярли жон таслим қилиб бўлган аристоннинг юрагини тинглаб кўрган бўлди. Шундан сўнг ўрнидан турди ва бош чайқаб ташқарида турган фельдшерларга аристонни олиб кетишни буюрди. Бу орада карцерга Женя билан қарта ўйнаган лейтенант кириб келди-да, вазиятни текширган бўлиб назоратчини қошига чорлади.

— Буни стаканга ташла! — буюрди у мен томон ишора қилиб. — Карцер бунақалар учун меҳмонхонадай гап!

— Стаканга?.. — тутилиб сўради назоратчи ва лейтенантнинг важоҳатини кўриб қўшиб қўйди. — Ҳа-я, сиз ўзингиз жавоб берасиз-ку! Қани, олдимга туш!

«Ана энди адойи тамом бўлдим! — ўйлардим ўзимча. — Стакан нима эканини биламан. Тағин касалим қўзғолон қилади. Башарти, анавининг касалидан юқтириб олган бўлсам, ҳаётдан умидимни узиб қўяверсам ҳам бўларкан».

Шу кўйи гўё бу шўрлаган деворларни, панжаралардангина иборат узундан-узун йўлакни, бири супурги, иккинчиси челак кўтариб у ёқдан-бу ёққа ўтаётган «баланда»даги аристонларни сўнгги бор кўраётгандек, суқ билан боққанча назоратчининг ортидан эргашдим.

 

* * *

 

Мана, уч кундирки, стаканданман. Тобора тасаввурим торайиб, теваракдаги овозларни, ўзимни ўраб турган бетон деворни ҳам идрок эта олмайдиган бўлиб боряпман. Очиққаним худди хаёлимдан кўтарилгандек туюлади. Оғзим қуруқшайди. Шу лаҳзаларда тупугимни ютиб чанқоқ қондирган бўламан. Ҳар йўтал тутганда ичимнинг аллақаери узилиб кетгандай бўлади. То навбатдаги йўтал келгунча ичакларим бураб-бураб оғрийди. Афтидан тахминларим тўғри, раҳмдиллигим туфайли касалга чалинганга ўхшайман. Лекин карцердаги аристон каби оғзимдан қон келмаяпти, шунисига ҳам шукр. Демак, менинг касалим унчалик қўрқинчли эмас, ҳарқалай эртанги кундан умид қилсам бўлади. Мени кўриб бошқалар бурун жийиришини, жирканиб терс ўгирилишларини хоҳламайман. Майли, нима бўлса бўлсин. Бироқ тоза, орасталикда ўлиш тарафдориман.

Тушга бориб вужудим ёна бошлади. Нафас олишим тезлашиб, қалтироқ тутди. Қизиқ, ичиб куйиб боряпти-ю, аммо танамнинг устки қисмидаги туклар азбаройи совуқ ўтганидан тик турган…

Шу тобда чўзилиб ётишни шунчалик кўнглим тусадики, асти қўяверасиз. Афсуски, бунинг сира иложи йўқ. «Стакан» да фақат чўнқайиб ўтириш мумкин, холос. Аламим келиб бошимни муз деворга босдим-у, кўзларимни юмдим. Бу ҳам фойда бермади. Борган сари ичим аланга оляпти. Ҳали замон қўл-оёғимни қимирлатишга ҳам ҳолим қолмаса керак. Бора-бора ҳушимни йўқотаман. Ана ўшанда жоним ҳаловат топади. Совқотмайман, йўталмайман, куймайман, аламзадалик қалбимни тирнамайди. ҳеч кимни, ҳеч нарсани ўйламайман…

— Ана, ўзига келяпти! Кўзини очяпти!..

Кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товушлари қулоғимга кириб базўр кўзимни очдим-да, атрофга алангладим. Йўқ, мен стаканда эмас, кичик бир хонада, каравотда ётардим. Тепамда оқ халатли, оғзини дока билан ёпиб олган кексароқ бир аёл, унинг ёнида ўзим билган майор турарди.

— Хўш, қалайсан, йигит? — сўради аёл пешонамдаги терларни сочиқда арта-арта. — Хайрият, ўткирига йўлиқмабсан! Омадинг бор экан! Худо хоҳласа, тез орада тузалиб кетасан!

Гапиргим, нималарнидир сўрагим келарди. Аммо тилим сўзга айланмас, оғзимни очдим дегунча йўтал тута бошларди.

— Уринмасдан жим ёт! — менга далда берган бўлди аёл. — Ҳозирча иссиғинг тушмади. Сенга қимирлаш ҳам мумкин эмас. Жим бўл!..

— Ҳали биз сен билан кўп ишлар қилишимиз керак, Мурод! — дея менга ачиниш билан боқди майор. — Сен ўлмаслигинг керак! Татьяна Геннадевна, бу аристонни нима қилиб бўлмасин тузатишингиз шарт! Тузатмасликка ҳаққингиз йўқ, билдингизми?!..

— Мен қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан! Мен…

Кейинги гап-сўзларни англай олмадим. Тағин йўтал тутди. Беш-олти марта жоним чиқиб кетгудек қаттиқ йўталганимдан сўнг кўз олдим қоронғилашаётгани, хона чир айлана бошлаганини ҳис этдим ва қўрққанимдан кўзларимни юмиб олдим…

Йўқ, ҳали ўлишга эрта! Ўзимни қўлга олишим, чидашим лозим. Шу кунгача бундан баттар кунларни кўрган одамга касал нима бўпти? Чидайман. Нафас олиб турсам бас, бардош бераман! Шунда бош айланишим тўхтади. Аммо кўнглим айниши босилмади. Уч-тўрт ўқчидим…

— Тағин ҳушидан кетяпти! Ҳушидан кетяпти! — деган товушларни эшитдим.

Ажабланарлиси, ҳаммаси қулоғим остида жарангларди-ю, ҳеч нарсани идрок этмасдим.

 

* * *

 

Роппа роса бир ой деганда врачлар мени деярли аввалги ҳолимга қайтаришди. Энди ҳадеганда йўталавермайдиган бўлдим. Кўнгил айниши, ўқчишлар барҳам топиб оз-оздан овқат ейдиган бўлдим. Кунларнинг бирида палатага Анатолий кириб келди.

У мени айланиб бошдан-оёқ кузатгач, қўлтиғимдан олиб каравотга ўтқазди.

— Хайрият, ўлимга сўз бермабсан, Бургут! — деди у елкамга қоқиб.

Ҳайрон бўлдим. Нега мени Бургут деб атади? Исмимни биларди-ку! Ё биров билан адаштиряптими?

— Тушунмадим, — тилга кирдим унинг кўзларига тик боқиб, — Нега мени бундай атаяпсан? Ё исмимни унутиб қўйдингми?

Анатолий кулиб юборди.

— Сени унутиб бўларканми? — деди кулгидан ўзини тўхтата олмай. — Братвалар сенга аллақачон янги исм қўйиб бўлишган. Энди сен фақат қариндош-уруғларинг учун Муродсан, биз учун эса Бургут, ҳеч қачон мағрурлигини ташламайдиган Бургутсан! Бу ном сенга бошқа турмаларга тушиб қолганингдаям асқотади. Номингга бундан кейин ҳам муносиб бўлишга ҳаракат қил, бизларни уялтириб қўйма, тушундингми, йигит!

— Бургут! — янги номимни қайта-қайта такрорлаб жилмайдим. — Яхши исм экан! Раҳмат сенга, Толян, раҳмат!

— Майли, гапни чўзмайлик. Ҳали замон кетадиган вақтим бўлиб қолади. Энди гап бундай!.. Тезроқ бу ердан чиқиб Женя масаласини ҳал қилмасанг бўлмайди.

— Женя? Унга нима бўлди?

— Сени фақат касалга чалинган десам томинг ҳам кетиб қолганми, дейман? Бирга ментлар билан қимор ўйнаганларинг ёдингдан чиқдими?

— Ҳа-а!

Ҳақиқатан бу воқеа умуман хаёлимдан чиқиб кетган экан. Эсладим-у, ичимга муз югургандек бўлди.

— Мен илтимос қилиб туриб олгани учун борганман, — дедим совуққонлик билан. — Ёлғиз ўзи боришга қўрққанди.

— Ҳаммасидан хабарим бор. Ёнидалигинг чатоқ бўпти. Бир ўзи бориб ментларнинг қўлида ўлиб кетиши керак эди.

— Энди уни нима қилмоқчисизлар?.. — сўрадим ўғрибошидан.

— Тўхта! — дея кутилмаганда ўрнидан туриб кетди Анатолий. — Женяни қўйиб турайлик, шундоғам адабини еб юрибди. Сен-чи, тезроқ бу ердан чиқиб бошқа иш билан шуғулланасан.

— Қанақа иш? ғалтисми?

— Қалтиси бўлмаса сенга айтармидим?

— Гап йўқ, Толян! — дедим елка қисиб. — Доимо яхши инсонларнинг хизматига тайёрман!..

— Қойилман сенга! — деди Анатолий мамнунлигини яшира олмай. Кейин мени маҳкам қучоқлаб олди. — Шунақанги дангалчилигинг учун сенга ҳайкал қўйсам арзийди. Энди қулоқ сол. Гапнинг индаллоси шуки, уч-тўрт кундан кейин бир иложини қилиб сени санчастга ўтказиб юбораман. У ерда танишларим бор. Ўшалар орқали пул, ҳужжат, майда-чуйдалар билан ҳам таъминлайман. Бир-икки кунга озодликка чиқиб келишингга тўғри келади. Дўстимнинг қасосини олиш вақти етди. Хўш, нима дейсан?

— Озодликка дедингми? — шу биргина сўз қулоқларим остида жаранглади-ю, кўз олдимда яна Еленанинг сиймоси гавдаланиб, юрагим ҳапқирди ва «Еленамни бир кўрсайдим!» дея оҳ тортдим.

— Елена? Ким у? — сўради Толя ҳеч нарсага тушунмай. — Танишингми?

— Ҳа, танишданам азизроқ. СИЗОда ишлаб кетган.

— Ёмонса-ан Бургут! — кўрсаткич бармоғини силтади суҳбатдошим. — СИЗОдаям тинч юрмабсан-да!

Шу тобда турмамиз назоратчиларидан бири ичкарига мўралаб, йўталиб қўйди-да, деди:

— Толян, кетмасак бўлмайди! Ҳализамон бошлиқлар обходга чиқиб қолишса гап тегиши мумкин!

— Майли, қариндош, — Толян ўрнидан туриб елкамга қоқди. — Тезроқ тузал! Қолганини хатада гаплашамиз!

Ниҳоят, буткул тузалиб қадрдон камерамга қайтдим.

Камерага буткул бегона аристонларни жойлаштиришибди. Женя негадир кўринмади.

Барчалари билан бир-бир танишиб чиққач, ўзим учун ажратилган биринчи қаватдаги каравотга чўкдим. Шу ондаёқ кимдир эски газета тўшаб дастурхон солди. Кўз очиб юмгунча дастурхон усти егуликка тўлиб кетди. Ҳатто кимдир кўрпаси остини ковлаштириб бир шиша ароқ ҳам чиқарди. Менга қарама-қарши томондаги каравотда ўтирган Мишиқи лақабли аристон эса югура келиб оёғимдаги пойабзални ечиб олди.

«Ҳа, Толяннинг гапида жон бор, — хаёлимдан ўтказдим елиб-югуриб хизмат қилаётган аристонларни кузатарканман. — Ростакамига обрўм ошган кўринади. Шундай бўлиши керак эди. Бу даражага етиш учун озмунча азоб чекдимми…»

Қўлим билан имлаб паст бўйли, ёши ўттизлардан ошган аристонни ёнимга чорлаб, сўрадим:

— Женя қайси камерада?

Бу сўроғимни эшитган бошқа аристонлар ҳам ҳаракатдан тўхтаб, тепамда ҳозир бўлишди.

— У йўқолиб қолди, — жавоб қилди Мишиқи.

— Қаерга йўқолади? Игнамиди йўқолиб қоладиган?

— Билмадим, карцерда дейишганди. Аммо у ерда йўқ, мен суриштириб кўрдим. Айтишларича, уни турма машинасида қаергадир олиб кетишибди. Шундан бери йўқ…

Ҳали у гапини тугатиб улгурмай камера туйнуги очилиб, назоратчининг овози келди.

— Шарипов, тез эллигинчи камерага борармишсан! Сени кутишяпти!

Назоратчининг гапини эшитдим-у, негадир кўз ўнгимда малла сочларини ёйиб олганча Елена ҳозир бўлди. Хаёлга толдим. Қарашлари ғамгин, йиғлаганми, юзларида ёш томчилари йилтилларди. У бир зум менга тикилиб туриб, аста бағрига олди. Елена мени қаттиқ қучар, «Ўзимнинг бахтсизим! Омадсизим! Дайдигинам!» дея алқарди.

— Йўқ, сен бевафо, шафқатсиз аёлсан! — тўсатдан уни ўзимдан итариб ташладим. — Қоч! Кет! Турма бошлиғининг тиззасида эркаланиб-эркаланиб, энди менинг олдимга чопиб келдингми? Нима, хотини сезиб қолдими? Ё айтган нарсангни олиб бермадими? Балки бошқасини топволиб, сени ҳайдаб солгандир?..

Бу гапим Еленага қаттиқ ботгани силкина-силкина йиғлаётганидан маълум эди.

Йўқ, яқин ўтмиш ёдимга тушгандан бери унга нисбатан қалбимда заррача шафқат ҳисси қолмаганди. Ҳаётда аёл йиғисига тоқат қила олмайдиган одам ҳозир қилт этмасдим. Бўшаб қолган қўлларим олдинга чўзилмас, тилим гўё танглайимга ёпишиб қолган каби сукут сақлар, фақат асабий титрардим.

— Мен сен ўйлаганингдек бузуқ аёл эмасман! — ўртадаги жимликни бузиб йиғи аралаш деди Елена. — Сен қаттиқ адашяпсан! Келиб-келиб сени алдайманми, тентаккинам? Сени-я? Кўр бўлиб қолмайманми шу ондаёқ? Ахир сен мени деб шунча азобларга гирифтор бўлиб юрибсан-ку!..

— Узр, сени санчастга жойлаштиришнинг иложи бўлмади! — деди Толян ҳали курсига ўтириб улгурмасимдан. — Бунга ҳожат йўқ эмиш.

— Тўғри айтишибди, — дедим пинагимни бузмай, — Мен соппа-соғман. Санчастда пишириб қўйибдими энди. Хўш, қандай топшириқ ҳақида гапиргандинг, Толян?

— Ҳа, сени бир озодликка чиқариб, пича дам бермоқчи эдим.

— Бу ишинг учун сенга қанча миннатдорчилик билдирсам арзийди, Толян!

— Лекин бироз қалтис ишга қўл уришинг зарур бўлади.

— Э, бу нима деганинг? Мен учун қалтис иш қолибдими бу дунёда? Айтавер, дўстим, айтавер! Нима бўлгандаям, сенга йўқ демайман.

— Биласанми… — Толян бироз ўйлаб тургач, давом этди. — Бир савдогар хотин бор. Ўша ярамас менга улуш бериб турадиган универсал дўконни тафтишчиларга чақибди. Тафтишчилар ҳисоб-китоб ишларини ағдар-тўнтар қилиб, дўкон директорига қўшиб, икки сотувчини ҳам қамаб қўйибди. Шу тафтиш баҳона менга ўлпон берадиган бошқа дўконларни ҳам муҳрлаб кетишибди аблаҳлар! Хуллас, ўша қанжиқ мен билан рақобатлашмоқчи бўлибди.

— Уни танирмидинг?

— Албатта, танийман. Ишонсанг, бир пайтлар оддий бозорчи эди. Эски-туски кийим-кечак сотиб кун кўрарди. Қачон қарама, мендан қарз сўрагани сўраган эди… Энди бўлса, яхшиликни билмаган мегажиннинг ишини кўрсанг-чи!

— Шунақа дегин? У ҳолда бу ишни шундай қолдириб бўлмайди, аёл кишилигига ҳам қарамасдан уни жазолаш керак!

— Фақат эҳтиёт бўлгин, Бургут! — уқтирди Толян. — Братваларнинг айтишларича, у мансабдор ментлардан бирининг жазмани эмиш. Биласан-ку, ундайлардан ҳар балони кутса бўлади.

— Ташвишланма! — дедим ишонч билан. — Шундай қиламанки, туғилганига пушаймон бўлади.

— Баракалла!.. Насиб бўлса, Бургут сен билан ҳали буюк ишларни қиламиз. Бехавотир ишлайвер, яқинда сени турма бўйича масъул этиб тайинлайман.

— Нима? Мени?..

Бундай гапни кутмаганим учунми, кўзларимни катта-катта очиб, Толянга ҳайрат аралаш тикилиб қолдим.

— Женя-чи? У…

— Унут ўша Женяни!.. — Толян афтини бужмайтириб тескари қаради. — Унинг бир-иккита ишкали бор экан. Адабини еб юрибди!

— Толян, унга нима бўлди ўзи?.. Йўқолиб қолганмишми?..

— Ҳа, — Толян бир керишиб олиб стол устидаги коньякдан қадаҳларга қуйди, — Беркитиб қўйганмиз… Яхшиси, бу ҳақда камроқ суриштир. Сенинг ишинг бошқа. Женя қилмишига яраша жазоланяпти. Кел, соғайиб кетганинг учун олайлик!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...