МИБда суд қарорлари муҳокама қилинмайди…

0

Жорий йилнинг 24 февраль куни ижтимоий тармоқларда “Қашқадарёлик бева аёлнинг уйи бузиб ташланди. Оила кўчада қолди” номли хабар чиқди. Мазкур хабарда, фуқаро Санобар Бобонова фарзандларини ёлғиз ўзи катта қилаётганлиги, қишнинг совуқ, ёмғирли кунларда кўчада қолаётгани, яшашга уйи йўқлигига қарамасдан, уйи бузиб ташлангани кўрсатилган.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бошлиғи Фаррух Тошпўлатовга мурожаат қилдик. Адлия маслаҳатчиси воқеа бўйича қуйидагиларни маълум қилди.

– МИБга Фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туман судининг  2017 йил 6 июнь кунидаги ижро варақасига асосан даъвогар Чироқчи туман ҳокимлиги фойдасига фуқаро С.Бобонова томонидан Чироқчи туман «Дам» маҳалла фуқаролар йиғини Дам қишлоғи ҳудудидаги 12х4 квадрат метр ўлчамдаги ноқонуний равишда қурилган уй-жой унинг ҳисобидан мажбурий буздириш белгиланган.

Ижро варақаси Бюронинг Чироқчи туман бўлимига 2017 йил 10 август куни келиб тушган. Туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Х.Бўроновнинг 14.03.2019 йилдаги 12-08-сонли хатига асосан туман ҳокимлигига ижросиз қайтарилган. Туман ҳокимлиги томонидан ижро варақасини МИБ туман бўлимига  2019 йил 25 май куни ижро этишлик учун қайта топширилган. Қарздор С.Бобонова бир-неча марта ёзма ва оғзаки огоҳлантирилиб, имконият берилишига қарамасдан ихтиёрий бузиб олиш чорасини кўрмаганлиги сабабли МИБ фуқарони 5-6 марта огоҳлантиради.

2020 йил 5 февраль куни яна ижро ҳаракатлари тайинланган. Ижро ҳаракатлари тайинланишига даъвогар тараф – туман ҳокимлигининг ўзи бевосита (туман ҳокимининг ўринбосарлари Ў.Абдирахимов, Э.Бобоқуловлар) ташаббускор  бўлган. Туман ҳокимилиги вакили бевосита ижро ҳаракатларида иштирок этган ва расмийлаштирилган ҳужжатларга имзо қўйган. Ижрочига уйни бузиш учун техника воситаси ҳам туман ҳокимлиги томонидан таъминлаб берилган. Туман ҳокимлигига С.Бобонованинг қўшниси О.Хуррамова унинг ноқонуний қурилишидан норози бўлиб, бир-неча марта оғзаки шикоят қилаверганидан кейин туман ҳокимлиги уйни бузиб шикоятчининг мурожаатини қаноатлантирмоқчи бўлган.

Ижро ҳаракатлари МИБ ходимлари, туман ҳокимлиги, туман ички ишлар бўлими, ёнғин хавфсизлик хизмати, тиббиёт бирлашмаси ва маҳалла вакили иштирокида белгиланган тартибда амалга оширилган.

Қайд этиш керакки, давлат ижрочилар томонидан уй-рўзғор жиҳозлари  зарар етказилмаслиги сабабли ҳовлига олиб чиқариб қўйилган. Яшаш уйининг бир қисми бузилганидан кейин, қолган қисми қурилиш материалларини яроқли ҳолда олиш мақсадида қарздор С.Бобонова ва унинг қариндошлари томонидан бузиб олинган.

Айтишимиз ва фуқароларимиз тушуниши керакки, Мажбурий ижро бюроси суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлайди. МИБда суд қарорлари муҳокама қилинмайди. Балки, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари ижроси таъминланиши шарт. Ушбу ҳолатда ҳам даъвогар ҳокимият фойдасига фуқаро С.Бобонованинг уй-жойини бузиш бўйича қарор мавжуд бўлган. Тўғри, суд қарорлари ижросини вақтинча тўхтатишнинг қонуний тартиблари бор. Аммо С.Бобонова томонидан уй-жой ихтиёрий бузилмагани сабабли мажбурий тарзда бузилган, дейди МИБ матбуот хизмати бошлиғи.

 

 

 

loading...