Ўзбекистонда йўл қоидасини бузган хорижликлар энди жарималарни божхонада тўлаши мумкин

0

“Хорижий автотранспорт воситаларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши устидан назорат ўрнатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида“ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори муҳокама учун жойлаштирилди. 

Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан тегишли жарималарни ички ишлар органлари томонидан онлайн тақдим этилган маълумотлар асосида, ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан чиқиб кетаётганда божхона органлари томонидан ундириш механизми жорий этилади.

Давлат божхона қўмитасига йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги бўйича тўланмаган жарималарни Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётганда ундириб олиш, тўланмаган тақдирда жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар автотранспорт воситасини давлат божхона хизматининг ҳудудий органи ёки божхона пости томонидан белгиланадиган жойларда вақтинча сақловга олиш ҳуқуқи берилади.

ИИВ махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация маълумотлар базасини Давлат божхона қўмитаси маълумотлар базаси билан интеграциялаштиради. Шунингдек, иккала орган биргаликда икки ой муддатда республика ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситаларидан жарима суммаларини божхона органи томонидан ундириш тартиби ишлаб чиқади.

Бу қоидалардан Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситалари мустасно, дейилади лойиҳа матнида.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги учун божхона органлари томонидан ундирилган жарима суммасидан Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига ажратилиши белгиланган қисмининг 50 фоизи миқдори Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ўтказилади.

sof.uz

loading...