“Коррупцияни йўқотишда аввало, одамлар онги ўзгариши керак!”

0

Термиз давлат университетида Табиий фанлар факулътети талабалари билан “Олий таълимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг маънавий ва маърифий асослари” мавзусида суҳбат бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ талабалар ва Сурхондарё вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш Бошқармаси ходимлари иштирок этишди.

Очиқ ва самимий суҳбат тарзида ўтган учрашувда таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари бўйича маълумотлар берилди.

Транспортда хавфсизликни таъминлаш Бошқармаси бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Нуркелдиев Алишер Жўраевич коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда қадимга бориб тақалиши, бу ҳолат қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққанлиги, бироқ бу ҳол давлат ривожланишига катта тўсиқ бўлганини таъкидлаб ўтди.

— Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Бугун биз ана шу илллатнинг янада илдиз отиб кетишига йўл қўймаслик учун биргаликда курашишимиз керак, — дейди талабалар билан суҳбатда подполковник Алишер Нуркелдиев.

Шунингдек, тадбирда таълимдаги коррупцияни йўқотиш учун одамлар онги, ўқувчи-талабалар, ота-оналар, ўқитувчи-педагоглар ва олий таълим раҳбариятининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, улардаги эскича қарашлар, қотиб қолган стереотипларни йўқотиш биринчи галдаги вазифа эканлиги таъкидланди. Негаки порахўрликка мойиллик бор экан, иллат яширин равишда содир этилаверади. Бунинг учун эса барча биргаликда курашиши, жамиятда ҳуқуқий саводхонлик юксалишига ўз ҳиссасини қўшиши зарурлиги тушунтирилди.

— Яна бир нарсани айтиш керакки, қанчадан-қанча чора-тадбирлар белгиламасин, агар таълим муассасасидаги ҳар бир талаба, профессор-ўқитувчи, масъул ва ёрдамчи ходимлар чин юракдан коррупцияни йўқотишга бел боғламаса, бари бефойда. Бу ҳақда юртбошимиз 24 январдаги мурожаатномасида ҳам гапириб, “Коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этаман” дея бежиз айтмаганди. Демак, биргаликда ҳаракат қилиш таълим соҳасидаги коррупциянинг аста-секинлик билан емирилишига хизмат қилади, дейди Транспортда хавфсизликни таъминлаш Бошқармаси ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси, майор Абдужаббор Урунов.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва ҳар бири корррупциясиз таълим тарафдори эканлигини билдиришди.

 

 

loading...