Марҳум актёр Ғайбулла Ҳожиевнинг охирги интервьюси: «Китоб — актёр ҳаётининг мазмуни»

0

Гўдакликданоқ қалбимизга, шууримизга иқтидор уруғи сочилган бўлади. Унинг юзага чиқиш-чиқмаслиги атрофини ўраб турган муҳитга боғлиқ. Баъзи инсонлар билан суҳбатлашсангиз: «Созанда бўлмоқчи эдим, учувчи бўлмоқчи эдим, армон бўлиб қолди. Ота-бобомнинг касбини қилдим», — дейишади. Қобилият милтиллаб турган учқунга ўхшайди. Шу истеъдодни фақат меҳнат билан шакллантириб, ўстириб, алангалатиш мумкин. Лекин қобилият бўлиши шарт, усиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Боболаримиз: «Агар Худо юқтирмаган бўлса, мол бозорида даллол ҳам бўла олмайсан», деб кўп айтишарди.

Ҳозир олтмиш бир ёшдаман. Саҳнада ижро этган ролларим кўп. Дарвоқе, мен ролларим, деб таъкидлаб айтаман. Негаки, баъзи ёш актёрларни кўриб афсусланиб қўяман. Албатта, бу бизнинг, ёши улуғ актёрларнинг айби, деб ўйлайман. Ҳали тўртта кинода ўйнадими-йўқми, чиройли йигит-қизлар телевизорга чиқади-да: «Мен яратган образ», деб оғизларини тўлдириб гапиради. Устозларимиз бизга ўргатганларини, хокисорликни ёшларимизга ўргатолмаяпмиз. Образ дегани нима? Образ дея соҳамизнинг пири бўлган устозларимиз — Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Раззоқ Ҳамроев, Ёқуб Аҳмедов, Турғун Азизов, Рихси Иброҳимова ўйнаган ролларини айтишимиз мумкин. Биз ҳали образ яратганимиз йўқ. Биз роль ўйнаяпмиз! «Сенга берилган роль ҳали образ эмас, сен буюк санъаткор бўлганингдагина ўзинг образ яратасан. Қоғоздаги ҳали персонаж. Сен уни ўйнасанг, у роль бўлади. Сен образ яратмаяпсан, балки ўша шарт-шароитда ўзингни ўйнаяпсан», — дегим келади уларга.

Менга насиб этган барча ролларимни ёқтираман. Чунки ҳаммасида ҳам меҳнат қилганман. Вақтимни, умримни сарфлаганман. Лекин 1994 йили Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асаридаги ижро этган Солиҳ Махдум ролим ҳаммасидан ўзгача. 1995 йили «Тошкент баҳори» деб номланган театрлар фестивалида шу ролим «Энг яхши эркак роли» номинацияси бўйича ғолиб деб топилган. Бу мен учун катта омад, катта бахт эди. Бу ролимни улуғ устозим, ҳамшаҳрим Олим Хўжаев руҳи покларига бағишлагандим. Чунки ушбу ролни кинода илк бора устозим ижро этган. Спектаклда ижро этиш эса менга насиб қилди. Айрим китобхонлар асарни ўқиганидан сўнг Солиҳ Махдумни зиқна, хасис, бахил, деб ўйлайди. Бу нотўғри фикр. Чунки бу роль менга берилганидан сўнг кутубхоналарга, архивларга бориб эски манбаларни варақлаб чиқдим. Бизга тарихдан маълумки, Бухоро ҳукмдори Амир Насруллохон Қўқонга келиб Нодирабегимни қатл эттириб, вайронага айлантириб кетади. Бу пайтда Солиҳ Махдумнинг падари бузруквори Нодирабегимнинг саройида Мирза боши бўлган. Шу сабаб оила тўкин-сочинликда яшаган. Бу фожиалардан сўнг камбағаллик ва фақирликка мубтало бўлади. Шунда саккиз ёшли Солиҳ Махдум оилани боқишга мажбур бўлади. Ҳар бир топилган нарсанинг қадрига етадиган, тежамкор бўлиб улғаяди. У зинҳор зиқна бўлмаган, балки тежамкор, ишнинг кўзини биладиган тадбиркор инсон бўлган. Ушбу ролни ижро этганимда раҳматли устозимиз, театршунос Тошпўлат Турсунов: «Ғайбуллохоннинг бу ролида зиёли оилада тарбия топгани, илм олгани сезилиб турибди», деганди.

Доим иш билан, ижод билан тиним билмай юрган одам нафақага чиқиб уйда ўтириб қолса, вақти мўл бўлар экан. Шундай пайтларда ҳаётимдаги кўп воқеаларни кино лентасидай кўз олдимдан ўтказаман ва Яратган Эгамга қайта-қайта шукроналар айтаман. Менга насиб этган — театрда, дубляжда, радиода ижро этган ролларим, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси»да Улуғбекни, Имом Бухорийни, Яссавийни, Ҳофиз Шерозийни ижро этганимдан бахтиёрман. Ҳар қандай актёр орзу қиладиган ролларни ижро этдим. Айниқса, бетоб бўлиб қолганимдан кейин ҳам кинода ўн саккизта фильмда ўйнадим. Овозимни йўқотган бўлсам-да, биринчи фильмимга устозим, Ўзбекистон Халқ артисти Обид Юнусов овоз берди. Кейингиларига Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров, Маҳмуд Исмоиловлар овоз беришди.

Умрим давомида шу нарсага амин бўлдимки, тўғрисўзлик энг мақбул иш, аммо энг машаққатлиси ҳам. Тўғрисўз бўлсанг, ҳаммани ўзингга ўхшаган тўғри, деб билар экансан. Натижада жуда кўп панд еб, емаган сомсангга ҳам пул тўлашга мажбур бўласан. Тўғрисўз инсонларни ҳамма вақт ҳам яхши кўраверишмас экан. Энди шижоат билан ижод қилаётган қирқ етти ёшимда инсульт бўлдим… Бундан сира нолимайман. Устоз актёрларимиз Аброр ака ҳам, Лутфулла Саъдуллаев ҳам, Обид Жалилов ҳам инсульт, инфаркт бўлишган. Биз энди саҳнанинг бир чангимиз.

Китоб — актёр ҳаётининг мазмуни. Тарихни, адабиётни, адабиётимиз тарихини билмай туриб қандай актёр бўлиш мумкин? Баъзи актёрларни кузатсангиз, ҳаммаси жойида, паузаларни жойида беради, нуқта-вергулни ҳам ўрнида ишлатади. Ҳатто урғуларни ишлатиши ҳам аъло даражада… Аммо ижродан юрагингиз жиз этмайди, илимайди, музлаб тураверади… Чунки унинг ўзида юрак йўқ, дард йўқ… Бундай актёрларни биз «каридорний актёр» деймиз. Актёр асар ўқимаса, китобни варақламаса, ижро этган роли орқали халқнинг қалбига кириб боролмайди. Солиҳ Махдум ролини ўйнаб устозларимизнинг тилига тушишимга асосий сабаб ҳам китоб мутолааси эди. Кутубхоналарга бориб, изланиб қаҳрамонимнинг ҳаёти билан танишиб чиққанман. Асар ичига кириб кетиб ўша замонда яшаганман. Афсус, баъзи ёш актёрларимиз фақатгина қўлига берилган сценарийни ёдлаб олишяпти, холос. Ўзларидаги худо берган ҳуснга маҳлиё бўлиб, чекланиб қолишяпти. Ўйнаган ролларида сохталик аломатлари сезилиб қоляпти…

Китоб мутолааси қалбимизга нур бахш этади. Ички гўзаллик ва чуқур билимгина актёрни буюк актёр даражасига олиб чиқади. Негаки, ўйнаган ролларида таъсир кучаяди, томошабин қалбининг тўридаги қоронғи жойларини ўзининг маънавият нури ила ёритади, муҳаббатига сазовор бўлади.

Манба: kh-davron.uz

loading...