ҚАМОҚХОНАДА КЎРГАН-КЕЧИРГАНЛАРИМ… (20-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўз очиб юмгунча қалин ўрмон ичкарисига етиб олдим. Атроф зим-зиё, тиқ этган товуш эшитилмайди.

Қулоғимга «Ана, буёққа кетди шекилли! Тез бўл! Машинани ўт олдир!» деган ҳайқириқлар чалингани сайин тезроқ чопа бошладим.

Юз метрча югуриб боргач, орқадан қандайдир машинанинг ўқдай учиб келаётганини кўриб дарҳол ўзимни дарахт панасига олдим. Аксига олгандек, машина ҳам рўпарамга келиб тормоз берди.

«Қўлга тушдим чоғи! — хаёлимдан ўтказдим. — Ментлар мендан эпчилроқ чиқиб қолдими дейман?..»

Аммо не кўз билан кўрайки, машинадан Давид тушди.

— Бургут, чиқавер, қўрқма! — қичқирди у. — Фақат тезроқ бўл! Улгуришимиз керак!

Мен эҳтиёт шарт орқа-олдимни кўздан кечирган бўлиб дарахт панасидан чиқдим ва индамай машинага ўтирдим.

— Хўш, иш битдими? — сўради Давид.

— Йўқ, — ойнадан ташқарига тупуриб бошимни чангалладим. — Ментларга хабар бериб юборибди қанжиқ. Аранг қочиб қолдим. Лекин тайинладим. Пулларни албатта тайёрлаб қўяди.

— Тўппа-тўғри, — деди Давид йўлдан кўзини узмай. — Бермай қаерга борарди?.. Майли, тезроқ манзилга етиб олайлик. Ментлар то машинасига ўт қўйгунча, насиб бўлса уйда ўтирган бўламиз.

— Қаерга борамиз ўзи? — сўрадим ҳайрон бўлиб. — Мен айтган жойгами?

— Йўқ, ўрмон ичкарисида бир озарбайжон танишим яшайди. Зўр овчи. Ҳақиқий эркак. Турма кўрган. Ёшлигида унинг олдига тушадиган ўғри йўқ эди. Қариб қолди. Аммо «понятка»си ҳалиям зўр!.. Анавилар сал тинчигунча ўшаникида беркиниб турамиз.

— Кейин-чи?

— Ими-жимида пулларни оламиз-у, сени турмага ташлаб қўяман. Толян шундай деб тайинлади.

— Ўзиям… Зўрларнинг кўзини шира босиб қолганга ўхшайди. — дедим норози оҳангда. — Ҳаммаёқни ахлат босиб кетибди-ю, пайқашмайди. Шундай ўғри қаёқдаги мегажиннинг қилиб юрган ишларини сезмаса-я!..

— Қўявер, — мени тинчлантирган бўлди Давид. — Сен Толянни яхши билмас экансан. Ўша Настянг бизнинг совунимизга кир ювмабди. Сени турмага элтиб қўяй, кунини кўрсатаман.

Олтмишларга борган, оппоқ соқолли Мамед оға худди бизни кутиб тургандек тахтадан мўъжазгина қилиб қурилган ҳовличаси атрофида айланиб юрган экан. Машина келиб тўхташи билан бизга пешвоз чиқди.

— Давид, сени Худонинг ўзи етказди менга! — негадир йиғламсираб сўз қотди қария. — Яхшиям кеп қолдинг! Умринг зиёда бўлсин!

— Нима бўлди, оға? — қарияни қучиб сўради Давид. — Ким сизни хафа қилди?

— Ҳали замон кеп қолишади хафа қилганлар! — деди Мамед оға йўл томон ишора қилиб. — Ўшаларни кутаётгандим.

— Ким ўзи улар?

— Қандайдир Семен деган бойвачча. Мана шу уйимга эга чиқяпти итдан тарқаган. Сотмайман деганимга қўймаяпти.

— Ие, нега ундай қилади? Мени айтмадингизми?

— Айтдим. «Мен унақа одамларни танимайман» дейди.

— Ў, шунақа зўрмикан?.. — гапга аралашдим. — Неча киши ўзи?

— Ўтган гал икки киши келганди. Бугун… Билмадим…

— Хавотир олманг, — дедим қариянинг елкасига қоқиб. — Биз шу ерда эканмиз, сизни ҳеч ким хафа қилмайди.

— Мен у Семенни яхши танийман. — деди Давид кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Қаерлардандир улгуржи мол олиб келиб бозордагиларга ўтказиб юрарди. Кучайиб қолибди-да! Қани, кўрайлик-чи!

— Бу ерлар овга қулайлигини билади-да! — арз қилишда давом этди қария. — Қолаверса, унақалар бемалол аёлларниям шу ерга опкелиб айш қилса, бўлаверади. Ит ҳам кўрмайди уларни. Ҳа-а, яна яширин молларни сақлашгаям қулай.

— Қани, ичкарига бошланг! — деди Давид тоқати тоқ бўлиб. — Биз эҳтиёт шарт беркиниб туришимиз керак. Ментлар келиб қолиши мумкин. У сўтакминан келганида гаплашамиз.

— Бўпти, бўпти. — қария бизни ҳовлига бошлади. — Юринглар, сизларни қўлбола ароқминан меҳмон қиламан… Милисалардан кўнгилларинг тўқ бўлсин. Ҳаммаси яхши бўлади…

— Ароқни қўйинг, — деди Давид торгина, зах ҳиди анқиган хонага кириб ўтирганимиздан сўнг. — Бизга яхшиси аччиқ қилиб чой дамланг!

— Мамед амаки тушунди. Ўғрилар билан биринчи кун гаплашмаётганини мийиғида жилмайиб бир қути қуруқ чойни чойнакчага солганидан дарров пайқадим.

У тез орада куйиб кетган пиёздоғни эслатувчи чефирни дамлаб келиб олдимизга қўйди.

— Ичамизми? — сўради Давид менга кўз қисиб.

— Мен яхшиси ароқ ича қоламан, — дедим бурнимни жийириб. — Бу матоҳни қандай ичасизлар, сира тушунмайман.

— Э, Бургут! — кулиб чефирдан пиёлани тўлдириб қуйди Давид. — Бунинг мазасига ўргансанг, ароқни менсимай қўясан. Майли, қани Мамед оға, дўстимга қуйинг ўша қўлбола ароғингиздан! Қизиталоқлар келгунича бир қизишиб олайлик!

Ароғи ҳақиқатан ўткир экан. Ютимининг ўзи томоқни шилиб олай дейди. Икки пиёлани сипқорганимдан кейин ростакамига қизишдим.

— Қани, оға, уйингизга қанча сўраяпти ўша мишиқи? — сўрадим рўпарамда бошини эгганча ўйга толган қариядан.

Мамед оға менга жавобан қўл силтаб қўйди.

— Беш юзгина. — дея олди зўрға.

— Нима?.. Беш юз?.. Вой пайтавақулоқ-ей!..

Бу гапдан жазавага тушиб яна бир пиёла ароқни сипқордим.

— Майли, келишсин! — дедим бироз жаҳлим босилгач. — Ўзим гаплашаман уларминан. Фақат сиз аралашмайсиз. Нима десам, маъқуллаб ўтираверасиз.

— Хўп, хўп! Худо хайрингни берсин, Бургут!

— Ие, мени қаердан танийсиз?

— Сени танимай бўларканми, болам?.. Менам бегона эмасман. Ишқилиб, омадингни бераверсин!

Мамед оғанинг жавоби мени янада руҳлантириб юборди.

Ҳа, мен ўғрилар оламида танилиб қолганимни тағин бир карра ҳис этдим. Буёғига Худо ёр бўлса, мансаб оларман ва Толяннинг биқинидан жой оларман!..

Орадан бир соатча вақт ўтиб ташқарига машина келиб тўхтагани қулоғимизга чалинди. Шу заҳоти Давид иккимиз баравар ўрнимиздан турдик. Мен тўппончани қўлимга олиб ўқладим.

— Чиқиб қаранг! — буюрдим Мамед оғага. — Ментлар бўлса, белги беринг!

Мамед оға шоша-пиша ташқарига чиқди-да, дарров қайтиб кирди.

— Анавилар келишди! — деди шивирлаб. — Семен келди. Ёнида икки ҳамтовоғиям борга ўхшайди.

— Қарши олинг! — дедим унга. — Сўрашса, қишлоқдан қариндошларим келишган эди деб айтинг.

Мамед оға пилдираганча ташқарига чиқиб кетди.

Зум ўтмай, хонага пакана, қорин қўйган, ўттиз ёшлар оралиғидаги бир йигит, кетидан узун бўйли икки башанг кийинган йигит кириб келишди.

Қария уларни стол арофига ўтқазиб, менга умидвор тикилди.

— Кимсизлар? — сўради Семен бир менга, бир Давидга боқиб.

— Бизми?.. — мен Давидга ер остидан кўз қисиб қўйдим-да, ўзимни гўё қўрқаётгандек кўрсатиб жавоб қилдим. — Қишлоқдан келдик, қишлоқдан!

— Шунақами? У ҳолда бошқа хонага ўтиб туринглар! Бизни қарияминан гаплашадиган гапларимиз бор.

— Хабардормиз. — деди Давид сал бўшашиброқ. — Оғамиз шунинг учун бизниям гувоҳликка чақирган эди.

— Ҳа-а, гап буёқда дегин? — Давидни «сен»лаб гавдасини орқага ташлаб юборди Семен. — Майли, майли… Ўлиб кетмайсанларми ўтириб… Хўш, қария, ўйлаб кўрдингизми?..

— Ўйлаб кўрдилар, — гапни илиб кетдим. — Лекин… Акалар… Сал камроқми деймиз-да!.. Ҳарқалай, сиздай бойвачча, қўлини қаерга узатса етадиган одам тағин беш юз қўшиб юборсангиз, ёмон бўлмасди. Пул қозонингизга бир марта чавли солсангиз, бир дунё пул сузиб оласиз.

— Сенга ким қўйибди менга ақл ўргатишни? — тутоқиб кетди Семен.

— Ақл ўргатмоқчи эмасман. — дедим янада бўшашиброқ. — Беш юз қўшсангиз, тағин битта уйимиз бор. Униям сотиб юборардик. Очиғи, пул жудаям зарур эди-да!.. Бу уй ҳам шу яқин орада. Зиён кўрмайсиз. Сувга яқин, ов қилсангиз ҳам, дам олмоқчи бўлсангиз ҳам маза қиласиз.

Бу гапимни эшитиб Семен ҳушёр тортди.

— Уйнинг эгаси ким? — сўради у. — Ким деяпман?

— Синглимиз яшайди. — дедим хотиржамлик билан. — Агар савдомиз пишса, оғайним ғизиллаб чақириб келарди.

— Бўлмайди, — гапни калта қилди Семен. — Беш юздан бир тийин ҳам ортиқ бермайман. Хоҳласанг, чақиртириб кел! Бўлмаса, савдога аралашмасдан «қисиб» ўтир!..

Хожасининг бу ҳақоратли сўзини эшитган йигитлар пиқ этиб кулиб юборишди.

Энди асосий «иш»га ўтмасам бўлмасди. Иложи борича ўзимни босиб бир қарияга, бир Давидга қараб олдим. Афтидан Давид ҳам ҳақоратга чидай олмаётган, муштларини тугиб қўяётганди.

— Сен ҳезалак, менинг кимлигимни биласанми? — ўрнимдан туриб Семен томон эгилганча шивирладим. — Нега тумтайиб қолдинг? Ё аммангнинг сигири чала туғиб қўйдими?

Бундай кескин муомалани кутмаган Семен ҳам ўрнидан туриб менга мушт ўқталиш илинжида қўлини кўтарди.

— Мен Бургутман! — дедим овозимни баландлатиб. — Эшитганмисан?

Шу ондаёқ у тош қотди. Ҳозиргина масхараомуз тиржайиш билан банд бўлган икки йигит ўзини орқага олди.

— Хўш, нега индамайсан? — сўрадим дағдаға аралаш. — Танийсанми-йўқми?

— Т-танийман. — деди Семен.

Унинг титрай бошлагани шундоқ сезилиб қолди.

— Кечиринг, — давом этди у ялинган оҳангда. — Мен билмай қолдим. Узр!..

— Йўқ, поезд аллақачон кетиб бўлди! — дедим қайтадан жойимга чўкарканман. — Мендай акангни ранжитиб қўйдинг, бола! Атай паст келаётгандим. Сени текшириб кўрмоқчийдим. Шалтоқлигингни ошкор қип қўйдинг.

Семен индамасди. Бошини эгганча, худди тагини ҳўл қилиб қўйган бола каби тек қотиб турарди.

— Ўтир! Эндиги суҳбатимиз бошқача бўлади. — ўдағайлашда давом этдим. — Хўш, тайёрмисан?

Семен боши билан маъқул ишорасини берди.

— Унда эшит, сенинг қарияга берадиганинг бир челак тезаккаям арзимайди. Шуни биласан-а?

— М-мен… Мен…

— Намунча ҳажиқизга ўхшаб чайналасан? — ўшқирдим унга. — Мундоқ эркакчасига гапиришни биласанми ўзи?

— Ахир… Келишгандик, ака!..

— Манқалик қилма, йигит! — дедим Семеннинг ортида қимтинибгина турган икки йигитга ўқрайиб. — Ўзинг тагингни шилта қилдингми, ўзинг тозала!.. Айтганча, Мамед оға, булар қанақа машинада келишди?

— «Волга»да! — ҳовлиқиб жавоб қилди қария.

— Ў, машинанинг хўрози сенда экан-ку-а?.. Қара, шундай машиналарни миниб юрасан-у, беш юз қўш деганимиз учун нафасингни ичингга тортасанми?..

Шу лаҳзада Давид секин Семеннинг тепасига келиб мушт ўқталди.

— Э, йў-ўқ! — уни тўхтатдим ва билагидан тутиб ортга сурдим. — Бу нима қилганинг, оғайни? Зоти баланд одамларга қўл кўтариб бўлмайди. Гуноҳ бўлади-я!.. Семен ақли бутун болага ўхшайди.

— Э, урдим ўша зотигаям! — бақирди Давид хезланиб. — Қаранг, кеккайиши оламни бузади!..

— Майли, майли, ҳозир тинчланади. — ҳамроҳимни тинчлантирган бўлдим. — Қизишиб кетди, йигитнинг гули, қизишиб кетди!..

— Бўпти, қўшсам қўшарман! — деди Семен норози қўл силтаб. — Бўлдими?..

— Ие, ҳали менга зардаям қиласанми? — унинг иягини маҳкам қисдим. — Сен хунаса, аслида менинг оёғимга пайтава бўлишгаям арзимайсан.

— Ортиқ қўшолмайман. — деди Семен негадир дадилланиб.

— Шунақами? Давид, эшитдингми гапини?

Давид бош ирғади.

— Майли, мен эски латталарни титишни ёмон кўраман. Сен илгари нима ишлар қилгансан, қанча пул топгансан. Буёғиминан ишим йўқ. Ҳозиргисидан гапира қоламан. Хуллас, шу кеча… Йўқ, икки соат ичида юз минг сўм топиб келиб мана шу стол устига ташлайсан.

— Нима?.. М-менда бунча пул йўқ…

— Йўғ-э, «Волга» минган йигитнинг гулида юз минг бўлмайдими?..

— Ишонинг, ака, ҳамма пулларим «оборот»да, ахир! Нега ишонмайсиз?..

Кўрдимки, босим ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Семеннинг пешонасини тер босиб, кўзларидан ёш сизиб чиқа бошлади.

«Пул бунақаларнинг жонидай гап-да! — ўйладим ўзимча. — Ўша жонини суғуриб олиш эса шу тобда менинг гарданимда. Бир бойвачча ҳаромхўрдан пул ундира олмасам, Толяннинг олдида нима деган одам бўламан?..»

— Майли, — давом этдим босиқлик билан. — Ўзингда бўлмаса, манави қиз ўртоқларингдан оларсан! Ё қиз ўртоқларинг сенга қарз беришмайдими?

— Булар энди-энди иш бошлашяпти. — деди Семен қақшаб. — Унақанги катта пул йўқ бизларда! Илтимос, ака, бизга рухсат беринг, кетайлик! Розиман, иккала уйингизниям минг сўмданга сотиб оламан.

— Ў, ҳимматинг зўр-ку! — кулдим Давидга қараб. — Энди бизга сенинг минг сўминг керакмас. Ўша пулингга-чи, бир жойингни артгин! Бизга айтилган пулларни келтириб бер!

— Йўқ унча пул менда. — қайсарлик билан эски гапини такрорлади Семен.

— Йўқ дегин?.. Агар шу аҳволда ўтираверсанг, бўйнингга тағин отнинг калласидай қўшимча қарзни илиб қўяман.

Семен жавоб бермади. Титраган қўллари билан чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди-да, чўзиб-чўзиб тортди.

— Эшитдингми гапларини, Давид? — ҳамроҳимга ўгирилиб сўрадим.

— Менга рухсат бер, оғайни, — хириллаб Семен томон талпиниб қўйди Давид. — Бир уриб абжағини чиқарай бу калондимоғнинг!

— Давид, абжағини чиқаришга улгурасан. — дедим шишадаги қўлбола ароқдан пиёлага тўлдириб қуйиб. — Ундан кўра, менга айт, бу боланинг аёл қариндошлари борми?

— Э, кетворган хотини бор. — деди Давид жонланиб. — Бир-икки кўрганман. Қомати во!.. Братваларнинг кўзи тушса борми… Синглисиям ўн олтига тўлди адашмасам.

— Жуда боп бўпти! — дедим керишиб. Сўнгра пиёладаги ароқни ичиб, газагига қария бўлаклаб қўйган қуён гўштидан оғзимга солдим. — Лекин… Бу йигитнинг гулиям ёмон эмасга ўхшайди. — дедим Давидга юзланиб. — Қара, дўмбоққина йигит. Братваларга айтсак, аввал ўзини «трамвай»га қўйишарди.

Бу гапим ҳаммасидан ўтиб тушди. Хожасининг номусини астойдил ҳимоя қилишга отланган икки йигит хезланганча менга яқинлашишди. Давид эса шай турганди. Эпчиллик билан йигитлар қаршисида пайдо бўлиб, бирининг бошига тўппонча, иккинчисининг томоғига пичоқ тиради.

— Ўтминан ўйнашмаларинг! — уларни огоҳлантирдим ҳеч нарса бўлмагандек қуён гўштини кавшаб. — Куйиб қоласанлар! Куйсанг, юзингда бир умр доғ қолади. Аёллар сендан юз ўгириб кетишади.

— Ҳозир буларни… — Давид лаблари асабий титраб чапдагисининг томоғига тиғни маҳкамроқ қадади. — Оёғини осмондан қилиб, чотини йириб ташлаш керак!..

— Энди хотининг ва синглингга келсак, — Семенга ўгирилиб чала қолган гапимни давом эттирдим. — Уларниям братваларнинг қўйнига тиқамиз. Ишонавер, ўша куниёқ сен билан ажрашади хотининг. Негаки, братвалар сенга ўхшаган ҳезимкаш эмас. Синглингни бўлса, хизматкор қилиб олишади. Ҳар ҳолда кўпчиликнинг кўнглини овлаш ҳам савоб, йигитнинг гули!

— Ҳақоратнинг ҳам чегараси бўлади-да! — Семеннинг овози баттар титраб чиқди. — Ундан кўра, ўлдириб юбора қолинглар!

— Ўлдириш қочмайди, йигитнинг гули! — дедим унга. — Сен ўлиб кетсанг, хотининг, синглинг, бошқа қариндошларинг-чи! Уларни қаерга кўмамиз? Гўристон ҳам чўзма эмаски, истаганча жой топаверсак.

— Шеригингизга айтинг, бизни тинч қўйсин! — кутилмаганда бошига тўппонча тиралган йигит шанғиллади. — Ё отиб ташласин!

— Сен бола, жуда маҳмадона экансан-ку! — даст ўрнимдан турдим-да, тўппончани нари суриб йигитнинг сочини чангалладим. — Бу гапинг учун шахсан сен ва манави мишиқи ҳамтовоғинг йигирма минг сўмдан нақд қўлимга топширасанлар.

— Аҳмоғингиз йўқ. — бўш келмади йигит. — Бизам кўча кўрган болалармиз. Хариф эмасмиз.

— Ў, шунақами?

Дарҳол Давидга кўз билан имо қилдим. У қўлидаги қуролларни чўнтакка жойлади-да, орқасидан келиб йигитларни бўйни аралаш туширди. Улар олдинма-кетин иҳраганча энкайиб қолишди. Иккинчиси — тепки йигитларнинг орқасига бориб тушди. Иккови ҳам оғриқ зарбига дош бера олмай хонани энгашган кўйи айлана бошлади.

— Хўш, гапимга энди тушундиларингми, қариқизлар? — масхарали оҳангда савол ташладим йигитларга. — Сенлардан сўраяпман!

Йигитлар бараварига бош ирғашди.

— Бу бошқа гап. Ана энди, Семен, сен гапир! Шартим тушунарли бўлдими ёки бошқатдан бошлайми?

— Мениям битта шартим бор. — сал дадиллашиб тилга кирди Семен.

— Нима? — бу гапни эшитган Давид бир сакраб унинг тепасида ҳозир бўлди. — Қанжиқ! Кимга шарт қўяётганингни биласанми?

— Қўй, шарти бўлса, айтсин! — дедим Давидга. — Айт, йигитнинг гули! Нима шартинг бор?

— Шерикларимдан пул олмайсиз.

— Нега?

— Улар энди оёққа туришяпти.

— Буни менга қизиғи йўқ. «Разбор»га тушгандан кейин орқага йўл қолмайди. Қолаверса, булар маҳмадоналик қилиб қўйишди. Маҳмадоналарни жиним суймайди.

— Илтимос, улардан пул олманг! Майли, мен айтганингизни олиб келаман. Фақат йигитларни тинч қўйинг!

— Улар ҳам айтилган пулларни олиб келишади. Келгусида уччовингам шахсан менга улуш бериб турасан. Эвазига сенларни бегоналардан ҳимоя қиламан. Қани, бўл тез! Уйингга қўнғироқ қил! Хотининг айтилган пулларни олиб келсин! Сенлар ҳам бўла қолларинг! Мамед оға, уйингизда телефон борми?

— Хотиним пуллар қайдалигини билмайди. — деди Семен. — Ўзим бориб ярим соат ичида олиб келаман.

— Сен билан бирга Давид ҳам боради.

— Йўқ, ўзим бориб келаман. Шерикларим учун ҳам ўзим пул олиб келаман.

— Сен жуда меҳрибон устоз экансан унда. — дедим Семеннинг елкасига қоқиб. — Ҳақиқий йигитнинг гули шундай бўлиши керак. Тўғрими, Давид?..

— Мен барибир оғриниб бераман! — тўнғиллаб аста ўрнидан қўзғалди Семен.

— Нега энди? — бу гапидан жаҳлим баттар қўзғаб унинг йўлини тўсдим. — Акаларингга-я?

— Чунки бу пулларни менга Худо берган.

— Худо беради-ям, олади-ям! Шуни билмасмидинг?

— Нима, сиз Худомидингиз?

— Йўқ, албатта. Мен ўша Худо берган пулларингни шилиб, бир меъёрга келтириб турадиган одамман. Бор энди гапни кўпайтирмай! Билгинки, шу бугундан эътиборан бизнинг паноҳимиздасан. Шунисига шукр қилсанг-чи, аҳмоқ! Хуллас, ярим соат кутаман. Пул ўз оёғи билан келмаса, бояги гапларим эсингда бўлсин! Фақат ментларга сотаман деб овора бўлма. Ўзингга жабр қиласан!

— Тушунарли. — деди Семен чиқиб кетаётиб. — Менам эркакман!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...