Қўрқинчли Тошкент. «Бугун пойтахтда яшиллик йўқолган»

0
Бугун юртимиз ўрмонларининг умумий майдони мамлакат ҳудудининг 7 фоизини ташкил этмоқда. 2024 йилга қадар ушбу кўрсаткичнинг 11,2 фоизга етказишни режалаштираётган ўрмончиларга бу ҳолат қанчалик таъсир қилмоқда?
Бир инсоннинг бир йиллик кислородга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун 10-12 метрлик саккизта дарахт керак!
 
Экилган дарахтлар нега кўкармайди?
 
Қурилишлар сабаб қанча яшил ҳудудлар қурбон қилинмоқда?
2018 йилда етти юзга яқин ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланган. Бу ўрмон хўжалигига 1 миллиард сўмга яқин зарар келтирган. Ўтган йили рақамлар нисбатан камайиб беш юзта бўлган бўлса-да, етказилган моддий зарар 1 миллиард сўмни ташкил қилди.
Яқинда 81 дона дарахтнинг кесилгани эса жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Ҳозирда ўрмонлар республика умумий майдонининг 7 фоизини ташкил этаётган ва 2024 йилга қадар бу кўрсаткичнинг 11,2 фоизга етказишни режалаштираётган ўрмончиларга бу ҳолат қанчалик таъсир қилди?
Бу ҳақда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари, ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори Абдушукур Ҳамзаев фикрлари билан қизиқдик.
– Мамлакатимиз кам ўрмонли ҳудудлар сирасига киради, бор йўғи 7 фоиз ўрмон билан қопланган. Шарқий Осиё мамлакатлари мисол учун Жанубий Кореяда – 73 фоиз, шунингдек, бу кўрсаткич Лаосда — 71, Японияда — 67, Бутанда — 64, Мьянмада ва Шимолий Кореяда — 63 фоизни ташкил этади.
Демак, қаерда яшил ҳудуд кўпроқ бўлса, аҳолининг узоқ умр кўриши юқори бўлади. Албатта, биз ҳаётимиз давомийлиги, соғлом ҳаёт кечиришимиз учун яшиллик керак. Уни кесиш увол. Статистик маълумотларга кўра ҳар дақиқада дунёда 21 гектар ўрмон кесилади. Агар шу тарзда давом этсак, яна 100 йилдан кейин дунё «яланғоч» қолади. Тасаввур қилинг, ёзнинг иссиқ кунида ўтиришни.
Албатта, 81 дарахтнинг кесилишига фожиа деб қаралгани жуда яхши, бу халқнинг табиатга нисбатан меҳридан дарак. Энди ҳар қандай дарахт кесувчи тадбиркорми ёки оддий одам ўйлаб кўради. 81 дарахтга зарарни қоплаш учун тўланган миқдор ҳам одамларнинг кўзини очди. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган жамоатчиликдан миннатдормиз.
– Демак, ўрмон билан қопланиш даражаси мамлакат учун жуда муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Бу даража қаерда юқори бўлса, тоза ҳаво, кислород кўп дегани, сув ва бошқа табиий ресурслар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳам шулар шумласидан. Буларнинг ҳаммаси инсоннинг яхши яшаши ва узоқ ва соғлом ҳаёт кечириши учун муҳим омил.
– Албатта, инсон бир йилда 9,5 тонна ҳавони ютади. 740 килограмм кислород ишлатади. Бир кишига етарли кислородни нечта дарахт бериши мумкин? 12 метрлик чинор бир йилда 100 килограмм кислород чиқаради. Бир инсоннинг бир йиллик эҳтиёжини таъминлаш учун 10-12 метрлик саккизта дарахт керак бўлади. Биз уни кесиб ташлайверсак, инсонларнинг ҳаёти, умри узоқ бўлишга салбий таъсир қилади.
Ўзбекистон шароитида ҳар бир кишига яшил қоплама ҳажми ўртача 55 метр квадрат тўғри келиши керак. Тошкент шаҳри ҳудудида 90 йиллар бошида одам бошига шу нормага мос миқдорда яшиллик тўғри келган. Ҳозир Тошкентда яшиллик қолмади. Қурилишлар туфайли кесилиб кетмоқда. Тўғри, дарахт кесилмасин деган жой йўқ, лекин кесилган битта дарахт ўринга ўнта экиш керак.
Водийда ўғил бола туғилса 12 туп дарахт экиш одати бўлган. Негадир бу одатлар йўқолиб кетди. Демак, одамларни дарахт экишга муносабатини ўзгартириш керак. Масалан, қайсидир давлатда ёшлар ўқишга кирса, шукронасига 1-10 дона дарахт экади.
Бу ташаббусни биз ҳам қилиб кўрайлик. Инсонлар умрини узайтирмоқчи бўлсак, ҳар бирмиз биттадан эксак ҳам тасаввур қилинг қанча дарахт бўлади.
– Баҳор нафаси сезилиши билан аҳолида дарахт экиш ташвиши бошланади. Институтида қанча кўчат тайёрланган, аҳоли талаби даражасида етказиб бера оласизларми?
– Қўмитамиз вакиллари 2016 йилда 16 миллион, 2017 йилда 32 миллион дона, ўтган йили 50 миллион дона кўчат етиштирдик. Бу йилги режа 100 миллион дона. Бизнинг тизимда тўртта тадқиқот тажриба хўжалиги бор. Улардан бири Дархон тажриба хўжалигида 47 турдаги дарахт навлари етиштирилади. Биз янги қурилган бинолар атрофига кўчатлар етказиб берамиз. Ўтган йили тўрт миллиард сўмлик кўчатлар етказиб бердик.
– Дарахт экиш савоб, албатта. Кўплаб кўчатлар етиштирилгани таҳсинга лойиқ. Лекин, экилаётган бу дарахтларнинг неча фоизи тутиб кетади. Биз экишдан ташқари, унинг кўкариши билан ҳам шуғулланишимиз керак? Бу жараён назорат қилинадими?
– Тўғри, экилаётган миллион миллион дарахтнинг баъзида ярми ҳам кўкармаганига гувоҳ бўламиз. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчидан, нотўғри дарахт турини танлаш. Иккинчиси, нотўғри муддатда экиш бўлса, учинчиси, агротехникани нотўғри кўллаш. Шу боис мутахассисларимиз ҳудудларга чиқиб, дарахт турларини танлаш борасида тавсиялар бермоқда. Экиш техникаси борасида маҳорат дарслари ўтказмоқда. Анъанавий технологиямизга кўра дарахт уруғлари терилгандан кейин биринчи йил кўчатхонада, кейин ниҳолхонага олиниб парвариш қилинади. Бу жараёнда анча ниҳол нобуд бўлади. Доимий жойга тўрт йилдан кейин олиб борилади. Ҳозир янги технология билан ишлаяпмиз. Яъни уруғлар бирдан «инкубатор» контейнерларга лой ва маҳаллий ўғитларни маълум миқдорда солиб, доимий экиладиган жойга ўтказилиб, экинларни ўсиши таъминламоқда.
 
Суҳбатимиз охирида дарахтларнинг тутиб кетмаслигига сабаблардан яна бири экилган кўчатларнинг тақдири бутунлай эсдан чиқиб қолишини айтишимиз керак. Унга сув етказиб берилмаслиги, чорвадан ҳимоя қилинмаслиги туфайли қуриб қолгани ҳам кўпчиликка сир эмас.
Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев ЎзА
loading...