O‘zLiDeP депутати Б. Мирзамова энг чекка ҳудуддаги болалар боғчасида мактаб ўқувчилари ҳам таҳсил олаётганлиги гувоҳи бўлди

1

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Барнохон Мирзамова ўз сайлов округида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўляпти, сайловчилар муаммоларини ижобий ҳал қилишга астойдил ҳаракат қилмоқда.

Халқ вакили партия вилоят кенгаши ходимлари билан биргаликда Уйчи туманидаги чекка қишлоқлардан бири Янгиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Видео:

Туман марказидан 23 километр олисда жойлашган мазкур ҳудудда 2875 нафар аҳоли яшайди. Маҳаллада қишлоқ врачлик пункти мавжуд эмас ва шу боис депутат ташаббуси билан Наманган вилояти Уйчи туман тиббиёт бирлашмаси кўмагида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда 223 нафардан ортиқ фуқаролар ўз саломатликларини назоратдан ўтказдилар. Тиббий кўрикка кўчма мобил поликлиникаси ҳам жалб этилди ва 30 нафар аҳоли кўз касалликлари шифокори текширувидан ўтдилар.

Шу билан бирга, аёлларда учрайдиган кўкрак бези саратони касаллигини эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида 25 нафар аёллар Наманган вилоят онкология диспансери таҳлилидан ўтказилди.

Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б.Мирзамова маҳалла аҳлининг мурожаат ва таклифларини ҳам тинглади.

Маълум бўлишича, маҳалланинг чегара ҳудудига туташ жойлашган таълим масканида бир вақтнинг ўзида ҳам мактаб ўқувчилари таълим олмоқда, ҳам болалар боғчаси фаолият юритмоқда экан.

Аслида мактабгача таълим муассасасига тегишли 180 ўринли бинода 60 нафар боғча тарбияланувчилари билан биргаликда 140 нафар ўқувчилар ҳам таҳсил олаётганлиги кишини ҳайратга солмасдан иложи йўқ. Яна ўқувчиларнинг жисмоний чиниқишлари учун спорт майдони ҳам мавжуд эмас. Шу боис ҳудудда мактабгача таълим маскани ва 42-мактабда спорт майдончаси барпо этиш зарур.

– Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидек, депутат халқ дарди билан яшаши керак. Шу мақсадда бугун туманимизнинг чекка, Қирғизистон билан чегарадош ҳудуди аҳолиси дардига қулоқ тутдик. Бу ерда ичимлик суви, боғча, мактаб ва қишлоқ врачлик пункти зарурлиги аниқланди. Аввалги учрашувларимизда ҳам сайловчилар тиббий кўрик ташкил этилишида ёрдам сўрашганди. Мана мурожаатга асосан аҳоли, айниқса аёллар саломатлиги текширувдан ўтказилди.

Учрашув давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Кўрамиз, депутатнинг сўровига тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари тез кунларда аниқ ечими бўйича жавоб беришади. Биз ижобий натижани кутиб қоламиз.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.